@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тренинг: Меҳнат қонунчилиги мониторинги воситаларидан қандай фойдаланиш мумкин?

 2022-09-27 18:23:00   |     Просмотров: 1724

27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида нодавлат нотижорат ташкилотлари, касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари вакиллари, фаол фуқаролар иштирокида “Меҳнат қонунчилиги мониторинги воситалари” мавзусида туркум тренинглар бошланди. Ташкилотчилар – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлигининг (ACTED) Ўзбекистондаги филиали.

Тренинглар фуқаролик жамияти вакилларининг халқаро ва миллий қонунчилик базасидан келиб чиққан ҳолда ишчи жамоаларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларини мониторинг қилиш, ҳимоя қилиш бўйича малакасини оширишга қаратилган.

Қайд этилишича, меҳнат ҳуқуқи инсоннинг асосий ва энг муҳим ҳуқуқларидан бири сифатида 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида тан олинган. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг умуминсоний тамойилларини Конституцияда акс эттирди. Жумладан, Бош Қонуннинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Ўзбекистонда ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масаласи юқори даражада кўриб чиқилмоқда. Нисбатан қисқа вақт ичида туб ўзгаришлар рўй берди, бу эса, шубҳасиз, одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Мутахассислар мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқлардан бири деб атамоқда. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилотининг яқинда эълон қилган баёнотида Ўзбекистон 2021 йилда пахта теримида тизимли мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришга муваффақ бўлгани қайд этилган. Натижада Cotton Campaign коалицияси ўзбек пахтасига қарши ўн йиллик глобал бойкот якунланганини эълон қилди.

Ўзбекистон ХМТнинг барча асосий Конвенцияларини ратификация қилган бўлиб, энг сўнггиларидан бири “Бирлашмалар эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциядир. Мамлакатимизда ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг роли юқори баҳоланади. Бу борада Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилиниши кутилмоқда.

Тренинг иштирокчилари экспертлар кўмагида шикоят қилиш, меҳнатга оид низоларни ҳал этиш, асосий меҳнат ҳужжатлари, жумладан меҳнат ва жамоа шартномаларини тузиш бўйича мавжуд воситаларни ўрганди. Шунингдек, меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар билан танишди, меҳнат қонунчилигини бузган ҳолда меҳнат муносабатлари иштирокчиларининг позицияларини ишлаб чиқиш ва баҳслашиш жиҳатларини кўриб чиқди.

Тренинг иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

Маълумот учун: тренинг Буюк Британия ҳукумати молиялаштираётган “Иқтисодий тараққиёт учун самарали бошқарув” (EGED) дастурининг иккинчи компоненти бўлган “Фуқаролик жамияти ҳисобдорлик учун” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.  Дастур 2020—2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, у ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича иқтисодий сиёсатнинг шаффофлиги, ҳисобдорлиги, самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда амалга оширилмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати