Тинчликсевар авлод: Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ёшлари минтақалараро мулоқот ўрнатишни ўрганмоқда
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари ҳамда фаол ёшлар Фарғона водийсининг чегарадош ҳудудларида бағрикенглик, кўп маданиятли ва минтақалараро мулоқотни тарғиб қилишга қаратилган тренингларда иштирок этмоқда.
Тренинглар Олмаота шаҳрида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида кўп қиррали трансчегаравий мулоқот” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
Уч кун давомида халқаро экспертлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокчиларини долзарб масалаларни конструктив муҳокама қилиш учун очиқ ва тинч мулоқот майдончаларини яратиш учун таълим технологиялари билан таништиради. Асосий эътибор ёшларда танқидий фикрлаш, радикаллашув хавфи ва таҳдидларининг олдини олиш масалаларига фаол ҳаётий позицияни, онгли муносабатни шакллантириш учун самарали мулоқот қилиш каби мослашувчан кўникмаларни шакллантириш, ёшларнинг тинчлик ўрнатиш асосларини мустақил ўрганишига қаратилмоқда.
Тренинг асосини ишлаб чиқилган ўқув модули ташкил этади, у аввалроқ лойиҳа доирасида ўтказилган тадқиқот натижалари ва тавсияларига асосланади.
Ўқув дарсларидан сўнг ёш тренерлар мустақил равишда ўз ҳудуди ёшлари учун тренинглар ўтказиб, “тенгдош тенгдошга” модели бўйича тажриба алмашиши кутилмоқда. Бу, шунингдек, миллатлараро мулоқот майдончаларини ривожлантириш ва Фарғона водийси ёшлари салоҳиятини юксалтириш, чегарадош ҳудудлардаги ёшлар жамиятларида ижобий мулоқот муҳитини яратиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш кўникмаларини шакллантириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа К.Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати