@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистоннинг GSP+ доирасидаги имкониятлари бўйича кенг жамоатчилик хабардорлиги оширилмоқда

 2022-08-24 15:32:05   |     Просмотров: 1302

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан биргаликда “Ўзбекистоннинг GSP+ доирасидаги имкониятлари ҳамда унга амал қилиниши бўйича хабардорликни ошириш” лойиҳасини бошлади.

Лойиҳа доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистонда GSP+ дирасида янги экспорт имкониятлари ва ундан фойдаланиш бўйича тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлар ҳамда маҳаллий бошқарув органлари вакиллари учун ўқув тренинглари ташкил этилди. 

Шу кунга қадар Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ўқув тренинглар ўтказилди. 

Шунингдек, Ўзбекистонда GSP+ тизими доирасида Давлат дастури ҳамда ҳудудий Дастурларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар бўйича жамоатчилик муҳокамалари ва жамоатчилик эшитувларини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Жамоатчилик муҳокамаларида асосий эътибор Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширишга доир Давлат дастурининг 122-123 бандларида белгиланган вазифалар ижросига қаратилади. Ушбу бандларда экспортчи корхоналарга кўрсатилаётган ташкилий ва молиявий ёрдам бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириб, Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш кўзда тутилган.

Маълумот учун: 2021 йил 10 апрелдан бошлаб Ўзбекистон GSP+ нинг умумий преференциялар схемаси бўйича бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинди. GSP+ тизимининг аъзоси сифатида Ўзбекистон GSP қамраб олаётган маҳсулот линияларининг учдан икки қисмига тарифларни тўлиқ бекор қилиш орқали стандарт GSPга нисбатан қўшимча иқтисодий имтиёзларга эга бўлади, бу эса, ўз навбатида, экспорт ҳажмининг ўсишига ва мамлакатга қўшимча инвестициялар жалб қилинишига хизмат қилиши мумкин. GSP+ тизими матолар, кийим-кечак ва пластик маҳсулотлар каби бир қатор муҳим экспорт товарларига тарифлар бекор қилиниши боис Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги савдони кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этади. GSP+ тизимига қўшилаётганда паст ва ўртача паст даромадли мамлакатлар инсон ва меҳнат ҳуқуқларига, атроф-муҳит ва иқлим муҳофазаси ва сифатли бошқарувга оид 27 асосий халқаро конвенцияларини самарали амалга ошириш мажбуриятини олади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда GSP+ доирасидаги имтиёзлардан фойдаланиш даражаси 87 фоизни ташкил қилади.

Инфографика (расмнинг ўнг томонидаги ўтказиш белгиси (стрелка)га босинг)

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати