@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Навбатдаги ҳуқуқий акцияда 800 нафарга яқин фуқароларга бепул маслаҳатлар берилди. Асосий масала — никоҳ шартномаси

 2022-08-20 17:16:47   |     Просмотров: 2692

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Нотариал палатаси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Никоҳ шартномаси — мулк ҳуқуқи кафолати” шиори остида навбатдаги ҳуқуқий акцияни ўтказди.

Жорий йилнинг 16—17 август кунлари ташкил этилган бу галги тадбирлар ҳам республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олди. Мақсад — ёшлар ўртасида ажримларнинг олдини олишга кўмаклашиш, эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқи кафолати учун никоҳ шартномасининг аҳамиятини тарғиб қилиш.

Никоҳ шартномаси ўзи нима? Ушбу тушунча Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига 1998 йилда киритилган: никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Шунингдек:

  • Никоҳ шартномаси тузиш ихтиёрий ҳисобланади ва уни тузишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.
  • Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.
  • Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
  • Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
  • Никоҳ шартномасининг предмети – кўчар ва кўчмас мулк объектлари, транспорт воситалари, пул маблағлари ва моддий қийматга эга бошқа ашёлар бўлиши мумкин.
  • Никоҳ шартномаси тузилишда тарафлар давлат божидан озод қилинган.

Икки кун давомида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида ўтган тадбирларда фуқаролар учун “Маслаҳат бурчаги” ташкил этилиб, уларга мавзу юзасидан турли тарғибот материаллари ҳам тақдим этилди. Жами 50 нафар нотариуслар томонидан 750 дан зиёд фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бугун никоҳ шартномаси ҳақида салбий фикрловчи фуқароларимиз ҳам кам эмас. Айрим фуқароларнинг фикрича, бу фақат мулкий манфаатни кўзлайдиган, оилавий қадриятлар, анъаналаримиз бузилишига олиб келадиган амалиёт саналади. Бошқалар эса, айниқса тадбиркорлар никоҳ шартномаси бугун жуда керакли келишув эканлигини айтишмоқда. Ҳуқуқшунослар фикрига кўра, никоҳланувчилар нафақат ўзи, балки фарзандлари, уларнинг келажагини ўйлаб ҳам никоҳ шартномаси тузишлари керак. Кўп ҳолларда ажримлар мулкий низоларни келтириб чиқаради. Ажрим пайтида эр хотин никоҳни бекор қилишдан кўра мулкни бўлишиб олишга берилиб кетади. Никоҳ шартномаси тузилса, мулкий низоларнинг олди олинади. Никоҳ шартномаси фақатгина ажрим учун тузилмайди. Айримлар ушбу ҳужжатни оилани моддийлаштириш, деб қабул қилади. Аслида у оила мустаҳкамлигининг гаровидир. Чунки никоҳнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини зиммасига олиб, имзо чеккан ҳар икки тарафнинг масъулияти ошиши табиий.

Шу жиҳатдан акцияда нотариус ва ҳуқуқшунослар томонидан аҳоли орасида никоҳ шартномасининг эркак ва аёл учун ҳам аҳамиятли эканлиги, оилани мустаҳкамлашга ҳеч қандай путур етказмаслиги, аксинча аёлни ҳам эркакни ҳам мулкий ҳуқуқларини бир хилда ҳимоя қилиши, эр ва хотин ўзининг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини олдиндан ўзлари хоҳлаган тарзда белгилаб олиш имконияти борлиги тушунтириб ўтилди.

Акция давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлилига кўра, никоҳ шартномаси бўйича 400 нафардан зиёд, ажрим ва алимент бўйича 120 нафардан зиёд, мерос бўйича 80 нафардан зиёд, ҳадя бўйича 75 нафардан зиёд, ишончномаларни расмийлаштириш бўйича 50 нафардан зиёд фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Нотариал палатанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси хабар беришича, Қарши шаҳридаги нотариал идорада акция куни икки жуфтликка никоҳ шартномаси тузилиб, тасдиқлаб берилди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида республика бўйича жами 3526 та никоҳ шартномаси расмийлаштирилган. Энг кўп расмийлаштирилган ҳудудлар учлиги қуйидагича: Наманган вилояти – 950 та, Тошкент шаҳри – 654 та, Фарғона вилояти – 530 та.

Бу каби ҳуқуқий акциялар келгусида ушбу рақамларнинг янада ортишига, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишга ва ажримларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил сентябрь ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Шу вақтгача фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, шу жумладан хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот ишларини ўтказиш билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Ҳар икки ташкилот ўртасидаги самарали ҳамкорлик давом этмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати