@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда адвокатлар учун семинар-тренинг ташкил этилди

 2022-08-05 18:37:00   |     Просмотров: 2553

Жорий йилнинг 4-5 август кунлари Халқаро юристлар комиссияси (ХЮК), Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими (RОCА) Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда халқаро иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ва стандартлар бўйича адвокатлар учун халқаро семинар-тренинг ўтказилди. Тадбир Европа Иттифоқи молиявий кўмаги асосида амалга оширилаётган "Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш" (EQUAL) лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Мазкур икки кунлик семинар-тренинг адвокатларнинг халқаро инсон ҳуқуқларининг қуйидаги муҳим жиҳатлари хусусида хабардорлигини оширишга қаратилган: меҳнат ҳуқуқи ва иш жойидаги ҳуқуқлар; муносиб турар-жойга бўлган ҳуқуқ; тиббий хизматдан фойдаланиш ва саломатлик билан боғлиқ ҳуқуқлар; ногиронлиги бўлган шахлар ҳуқуқлари. Семинар-тренинг ХЮК, RОCА, Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг эксперт-мутахассислари томонидан ўтказилди. Ҳар бир маъруза якунида адвокатларнинг халқаро инсон ҳуқуқлари соҳаси амалиётчилари билан бевосита мулоқотини таъминлайдиган муҳокамалар қисми ўрин олди.  

"Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги адвокатларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар борасида хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. EQUAL лойиҳаси доирасида шунга ўхшаш тадбирлар судьялар билан ҳам ўтказилган эди. Ва бугун биринчи маротаба ушбу тадбир алоҳида адвокатлар учун ўтказилмоқда, бу эса уларнинг инсон ҳуқуқлари ва уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатларига бўлган қизиқишларидан далолат беради. Биз умид қиламизки, орттирилган янги билим ва кўникмалар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш ва бевосита ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлган гуруҳларнинг ушбу ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилади" – дейди Европа Иттифоқи Делегациясининг Ўзбекистондаги Ҳамкорлиги Раҳбари вазифасини бажарувчи Жаноб Алессандро Лиамини.

"Инсон ҳуқуқлари соҳасида асосий халқаро шартномаларнинг аъзоси сифатида Ўзбекистон давлат ва унинг органлари фаолиятида инсон ҳуқуқларининг марказий ўринда бўлишини таъминлаш мажбуриятига эга. Мазкур жараёнда халқаро инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича махсус билимлар муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки улар бузилганда тикланишига муҳтож бўлган шахларга ёрдам беришда адвокатларнинг роли алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, ушбу тренинг адвокатларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга муҳтож шахсларга кўмак беришда зарур билим ва кўникмалар билан таъминлаши билан фойдали ҳисобланади" – дейди Халқаро Юристлар Комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури Катта ҳуқуқий маслаҳатчиси Темур Шакиров.

"Давлатимиз аллақачон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор халқаро ҳуқуқий шартномаларнинг, шу жумладан Иқтисодий, Ижтимоий ва Маданий Ҳуқуқлар Тўғрисидаги Халқаро Пактнинг аъзосига айланиб улгурди. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг қоидалари маълум вақт миллий ҳуқуқий тизимдан бироз узилиб қолган ва амалиётчи адвокатлар камдан-кам ҳолларда уларга мурожаат қилишар эди. Бироқ 2019 йил 7 февралдан кучга кирган "Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги Қонунининг қабул қилиниши билан бу ҳолат ўзгариши керак эди, чунки эндиликда янги қонун Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойиллари ва нормалари миллий ҳуқуқий тизимнинг ажралмас қисми эканлигини белгилаб қўйди. Барча амалиётчи ҳуқуқшунослар, айниқса судьялар ва адвокатлар энди халқаро ҳуқуқ нормаларини ўрганиш ва уларни амалда қўллаш учун ҳаракат қилишлари керак", – дейди Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раиси ўринбосари Даврон Саидов.

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг зарур шартига айлантириш 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бунда мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш, суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий механизмларини шакллантириш ва ушбу йўналишни такомиллаштиришга қаратилган бошқа вазифалар белгиланган.
"БМТ қўмитасининг тавсияларида ҳам иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (CESCR) ҳақида хабардорликни ошириш мақсадида айнан судьялар, адвокатлар, прокурорлар учун таълим дастурларини ишга тушириш вазифалари бор. Шу боис халқаро тажрибани ўрганиш имконини берувчи мазкур тренинг иштирокчилар учун долзарб ва жуда фойдали бўлади, деб ҳисоблайман" - дейди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ижрочи директори Аскар Маматхонов.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ўринбосари Фабио Пиана БМТ Бош котибининг "Ҳаракатга чақируви"га таяниб, “Барча одамларнинг барча ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар бир инсон манфаатларига мос келади, деб таъкидлади. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларга камроқ эътибор бериш хатодир, кўпинча айнан шундай бўлади, лекин бу ҳуқуқлар инсонларнинг эркинлик истагини қондириш учун етарли деб ўйлаш ҳам худди шундай хато ҳисобланади.

Тадбир Европа Иттифоқи томонидан Демократия ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Европа Инструменти (EIDHR) орқали молиялаштириладиган ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан амалга ошириладиган "Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш" лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Лойиҳанинг асосий мақсади - фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборат.