@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи Давлат дастурининг ярим йиллик ижросини муҳокама қилди

 2022-08-11 20:34:22   |     Просмотров: 1863

Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, жамият ислоҳотлар ташаббускори тамойилини амалга ошириш мақсадида аҳолини давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда, белгиланган вазифалар ижроси таъминланмоқда.

Жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, маҳаллий бюджет маблағларини аҳоли фикри асосида сарфлаш бўйича ташаббусли бюджет лойиҳасини амалга ошириш йўлга қўйилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш лозимлиги белгиланди ва шу каби кўплаб бошқа механизмлар амалиётга татбиқ этилди.

Жорий йилнинг 11 август куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида ташкил этилган Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастурининг ярим йиллик ижроси бўйича жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастурида жами 398 та банд бўйича аниқ муддатлар асосида 672 та вазифаларни амалга ошириш белгиланган.

Давлат дастурининг ижроси юзасидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 170 та банд бўйича 232 та вазифалар  амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, масъул вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган ҳамда очиқ манбалар орқали эълон қилинган ахборот ва маълумотлар таҳлил қилинди.

Давлат дастурида белгиланган 142 та вазифа ижроси таъминланган бўлиб, 65 та банд бўйича 78 та вазифа ижро жараёнида. Яъни ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва норматив ҳужжатлар кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган.

Давлат дастурида белгиланган 2 та банд бўйича вазифалар ўз вақтида бажарилмаган. Давлат дастурининг 12 та банди бўйича белгиланган вазифалар муддати бошқа ҳужжатларга асосан узайтирилган.

Амалга оширилган вазифалар қайд этилар экан қуйидагилар алоҳида қайд этилди.

Жумладан, ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини аҳоли фикри асосида энг долзарб муаммоларга сарфлаш амалиёти тўлиқ жорий қилинди. 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича фуқаролар томонидан илгари сурилган 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, лойиҳаларни амалга ошириш учун 1,1 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминлаш бошланди.

Олий таълимда масофавий таълим шакли бўйича ҳам 3 410 нафар қабул квотаси жорий қилинди. Давлат олий таълим муассасаларида магистратурада ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилади ва бунга ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратилади. Шунигдек, жорий йилдан бошлаб тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга  имтиёзли фоизсиз таълим кредити бериладиган бўлди.

Мавжуд монополияларни бартараф этиш мақсадида 11 та фаолият тури бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилиниши, нефть маҳсулотларини сақлаш, темир йўл транспортида ёрдамчи хизматлар кўрсатишни монопол ташкилотлар тасарруфидан чиқариш белгиланди.

Шунингдек, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига 35 тага етказилиб, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди. Айнан ушбу механизмлар ёрдамида бугунги кунда давлат идоралари фаолияти ва бюджет харажатлари устидан самарали жамоатчилик назратини амалга ошириш имкониятлари ошди.

Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳининг таркиби нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлардан иборат бўлиб, ҳар бир йўналишда ислоҳотларнинг бажарилиши ҳолати бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, муқобил ҳисоботларни тайёрлашда белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб боришда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати