@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Буюк Британия ҳукумати ҳузуридаги Коммуникациялар бўйича давлат хизмати вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

 2019-05-21 18:20:27   |     Просмотров: 2694

20 май куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари Буюк Британия ҳукумати ҳузуридаги Коммуникациялар бўйича давлат хизмати делегациясини қабул қилдилар.

Учрашув давомида Стратегик коммуникациялар йўналиши раҳбари Жейми Баллантайн Коммуникациялар бўйича давлат хизмати фаолияти, ташкилот томонидан муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, қатор давлатларнинг матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш, идоралараро кампания ва давлат даражасида олиб бориладиган оммавий коммуникациялар ишлаб чиқиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Ўз навбатида, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ҳақида ахборот бердилар. Жумладан, Ҳаракат томонидан ислоҳотларнинг амалга оширилиши бўйича жамоатчилик мониторинги тадбирлари ўтказиш, фуқаролардан фикр ва таклиф қабул қилиш каби функциялар делегация вакилларида қизиқиш уйғотти.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўз фаолиятини барча вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ билан яқин ҳамкорликда амалга оширилиши таъкидланди. Шунингдек, Ҳаракат барча манфаатдор томонларни бирлаштирган ҳолда турли соҳалардаги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиши айтиб ўтилди.

Коммуникациялар бўйича давлат хизмати вакиллари бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатаётганликлари ҳамда бугунги кунда Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёргарлик кўриш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатишдан хурсандликларини билдирдилар.

Учрашув давомида томонлар Коммуникациялар бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилган “Speaking to the media” лойиҳасини Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар. Таъкидланишича, ушбу лойиҳа вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари ҳамда мутахассисларининг ОАВ билан ишлаш самарадорлигини оширади ҳамда кенг жамоатчилик учун ахборотни тўғри етказиш бўйича кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати