@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Ижтимоий масъулиятли бизнес – барқарор иқтисодий ривожланиш асоси”

 2022-06-13 20:49:00   |     Просмотров: 2252

Давлат органлари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари 13 июнь куни Тошкентда очиқ мулоқот тарзида Ўзбекистонда корпоратив ижтимоий масъулият (КИМ) тамойилларини жорий этиш, бизнес юритишда юксак ахлоқий мезонларни илгари суришнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилди. Очиқ мулоқот республикамиз бўйлаб иш бошлаган Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасида ташкил этилди. 

Ривожланган мамлакатларда корпоратив ижтимоий масъулият бизнес юритишнинг зарурий ва мажбурий талабидир. Асосий талабларига корпорацияларнинг расмий масъулияти индекслари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлиги, ходимлар ва акциядорлар билан муносабатларнинг сифати, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш кабилар киради. Ахлоқий индекслар инвесторлар учун қаерга сармоя киритишни танлашда асосий қўлланмага айланиб бормоқда.

Иштирокчилар таъкидлаганидек, КИМ барқарор ривожланиш концепцияси билан чамбарчас боғлиқ. Ташкилот ўз фаолиятини амалга оширишда ўз қарорларини нафақат иқтисодий жиҳатларга, масалан, фойда ёки дивидендлар даражасига асослайди, балки ушбу қарорлардан келиб чиқадиган ҳам қисқа, ҳам узоқ муддатли ижтимоий ва экологик таъсирларни ҳисобга олади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, замонавий истеъмолчилар атроф-муҳитни сақлаш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам бериш ҳақида қайғурадиган компанияларни танлашади. Бошқача қилиб айтганда, КИМ бизнес, истеъмолчилар ва ҳукумат ўртасидаги ўзига хос ижтимоий шартнома бўлиб, унинг мақсади – бутун жамият фаровонлигини таъминлашдир.

Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг барча соҳаларида бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этишни тақозо этмоқда, унга замонавий ишлаб чиқаришнинг ахлоқий мезонларининг аҳамиятини тушунадиган замонавий юқори малакали менежерлар керак. Республикада КИМ масалалари эндигина кўриб чиқилаяпти, корпоратив бошқарув тизимига ижтимоий масъулиятнинг умумэътироф этилган тамойилларини жорий этиш учун тегишли шарт-шароитлар ва рағбатларни яратиш зарур.

— Ўзбекистонда корпоратив ижтимоий масъулият стратегияларини ишлаб чиқиш, бунда давлат ташкилотларининг ҳам алоҳида ўз стратегиялари бўлиши вақти келди. Ўзбекистонда корпоратив ижтимоий масъулият тушунчаси бўйича аҳоли хабардорлиги паст, бу борада алоҳида фаолиятни кучайтириш зарур, - дейди “CARE CSR” консалтинг компанияси асосчиси ва директори Малика Шарипова.

— Корхоналарнинг бугунги ижтимоий масъулияти келажакдаги барқарор фаолияти учун кафолат бўлади. Тадбиркорлар ўз ишчи ходимларига нисбатан ижтимоий масъулият билан ёндашуви уларнинг мижозлар билан муносабатини ҳам белгилаб беради. Корхона ижтимоий барқарорликка эришишга ҳаракат қимаётган бўлса, унинг келажакда инқирозга учраш эҳтимоли катта. Корхоналар қадр-қиммати бугунги кундаги капитали ёки даромади эмас. Уларнинг ҳақиқий қадр-қиммати корхона қанчалик ижтимоий йўналган ва келажакда эришилиши мумкин бўлган натижаларига ва экологияга зарар етказмасдан камроқ даромад топишга рози бўлишида ҳисобланади. Айниқса, биз ходимларга қандай муомалада бўлсак, ходимлар харидорларга худди шундай муомалани қилади. Агар одамлар корхонага ҳаётини ва хавфсизлигини ишонса, у албатта бу корхона маҳсулотларига ҳам ишонади, - дейди тадбиркор Зафар Ҳошимов.

Коронавирус пандемияси Ўзбекистонда бир қатор тадбиркорлик тузилмалари ва алоҳида шахсларнинг жамиятдаги заиф қатламларни қўллаб-қувватлаш борасидаги юксак ижтимоий масъулиятини намоён этди. Жумладан, бир нечта умумий овқатланиш корхоналари шифокорларга, эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари бепул етказиб берилди, табиатга салбий таъсирни камайтириш мақсадида уларнинг фаолияти қайта ташкил этилди, кадрлар сиёсати ўзгартирилди.

Ўзбекистон компаниялари ўртасида ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларининг салмоқли қисми КИМга “хайрия” призмаси орқали қарайди. Баъзи тадбиркорлар буни диний қарашлар ёки альтруистик (ғамхўрлик) мотивлари асосида амалга оширади, баъзилари эса бошқа компанияларнинг стратегиялари ҳақида эшитиб, ўз ишларида худди шу усулларни тақлид қилишга ҳаракат қилади.

Корпоратив ижтимоий масъулият одатда, хайрия дастурлари ва волонтёрлик саъй-ҳаракатлар шаклида амалга оширилади,  компаниялар ўз ҳамжамиятларини қўллаб-қувватлаши, бир вақтнинг ўзида бренд хабардорлигини оширишлари мумкин.

Иштирокчилар, шунингдек, хорижий КИМ ҳолатларини кўриб чиқди, тажриба ва фикр алмашди, мамлакатимизда бизнеснинг ижтимоий масъулияти фалсафасини ривожлантириш, жумладан, замонавий бизнес-менежерларни тайёрлаш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
Тошкент шаҳар бўлинмаси