@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Европа Иттифоқининг қарийб 100 млн сўм маблағи Қарши туманидаги ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилди

 2022-05-17 11:07:00   |     Просмотров: 1190

Оқсарой, Ёш тадбиркор, Лолазор, Зиёкор, Бобур, Навоий, Гулистон, Насаф... Булар Қашқадарё вилояти Қарши тумани “Сарой” маҳалла фуқаролари йиғинидаги ички кўчалар номи. Йиллар давомида ёзда тупроқ, чанг, қишда лойлигича қолиб келаётган ушбу кўчалар йўллари аҳолининг сўровидан келиб чиқиб, таъмирланди...

Жорий йилнинг 27 апрель — 6 май кунлари давомида юқорида номлари келтирилган кўчаларнинг 3,6 км.лик қисмига 1 214,1 куб метр ҳажмда қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Ушбу ишлар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати “Тараққиёт” маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга ошираётган “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда эҳтиёжманд аҳоли қатлами иштирокини ошириш” лойиҳаси доирасида бажарилди. Жараёнга туман “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонасиниинг 10 дан зиёд техникалари ва ишчи кучи жалб этилди.

Ўтган йили лойиҳа ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятининг 4 та пилот маҳалласида асосий инфратузилма масалаларини фуқаролар иштирокида аниқлаб олганди. Жумладан, Қарши туманидаги “Қоратепа” ва “Сарой” ҳамда Чироқчи туманидаги “Торжилға” ва “Эски Анҳор” МФЙларида электр энергияси ва ичимлик суви таъминотида, ички йўлларни таъмирлашда муаммолар борлиги айтилди. Шундан сўнг, Европа Иттифоқи ажратган 98,6 млн сўм маблағни “Сарой” МФЙга йўналтиришга қарор қилинди. Қарор қабул қилишда маҳаллий аҳоли ҳам иштирок этди.

— Бизга маълум бўлишича, Қарши туманидаги “Сарой” маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури ҳам амалга ошириляпти. Маҳалла ҳудудида 34 км ички йўллар мавжуд бўлиб, ундан 30 км.га яқини Дастурга киритилган, 4 км.га яқин ички тупроқ кўча эса Дастурга кирмай қолган. Аҳоли биздан ана шу тупроқ кўчага шағал ёки асфальт ётқизишда кўмак сўраган эди. Шундан сўнг, тендер эълон қилиб, ҳаракатни бошладик. Қум-шағал қоришмаси ёйилгандан кейин, оғир техника ёрдамида зичланди, яъни “трамбовка” қилинди. Натижада ҳамма учун қулай йўл бўлди. Кейинчалик устидан бемалол асфальт қилиш мумкин, - дейди лойиҳа муҳандиси Шуҳрат Азизов.

16 май куни Қарши тумани ҳокими Беҳзод Юсуповга махсус сертификат топширилди. 

Маълумот учун: Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотлари орқали COVID-19 пандемиясининг таъсирини камайтиришга оид қиймати 1 млн евро бўлган Дастурни ишга туширган. Ушбу Дастур доирасида “Юксалиш” ҳаракатининг “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда эҳтиёжманд аҳоли қатлами иштирокини ошириш” лойиҳасига 400 минг еврога яқин миқдорда маблағ ажратилган. Мазкур лойиҳа иш бошлаган вақтдан буён (2021 йил, апрель) республикамизнинг 6 та чекка ҳудуди – Пахтачи, Қўшработ, Қарши, Чироқчи, Жалақудуқ туманларидаги ва Хонобод шаҳридаги жами 12 та маҳаллада яшовчи 350 та эҳтиёжманд оилага жами 1,3 млрд сўм бўлган бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда 12 та тиббиёт муассасасига қиймати 280,5 млн сўмлик зарур тиббий буюм ва ускуналар топширилди.

Айни пайтда 12 та маҳалланинг кичик инфратузилмасини яхшилаш ишлари давом этмоқда.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати