@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Самарқандда икки кунлик интенсив — Марказий Осиё ННТларининг биринчи академияси ташкил этилди

 2022-05-26 17:34:02   |     Просмотров: 641

Жорий йилнинг 19 май куни Самарқандда Марказий Осиёнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари биринчи академиясига старт берилди. Академия минтақа мамлакатларининг 20 дан зиёд ННТларини бирлаштиради. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ушбу ташаббусини Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси қўллаб-қувватлади.  

Очилиш маросимида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси минтақавий вакили Ронни Хайне ҳамда вилоят ва Самарқанд шаҳри ҳокимлиги вакиллари сўзга чиқди.

 ННТларнинг минтақавий академияси доирасида икки кунлик интенсив мулоқотлар фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мамлакатлараро ҳамкорлик майдонига айланди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлашнинг ижобий тенденцияси кузатилмоқда. Умуман, вазият 2016 йилгача бўлган давр билан солиштирганда анча яхшиланган. Бу – барчамизнинг катта ютуғимиз, бу – барча мамлакатларнинг қўшган ҳиссаси.

Экспертлар ҳамжамияти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши эълон қилингани трансформациялар учун намуна бўлганини, шу жумладан бу минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар жадаллашишига, товар айирбошлаш ҳажми, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони ошишига хизмат қилганини эътироф этмоқда.

Шу билан бирга, экспертлар муаммоларнинг фақат биринчи сирт қатламини ҳал қилишга эришилганини қайд этишди. Бир неча долзарб масалалар ҳали ҳам ўз ечимини кутмоқда. Олдинда кўплаб вазифалар турибди. Умумий вазифа эса минтақа мамлакатлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг юзага келаётган тенденцияларини ортга қайтмайдиган қилишдир. Иштирокчиларнинг фикрича, ҳозирда ушбу жараёнларга фуқаролик жамияти институтларини янада кенгроқ жалб этиш мақсадга мувофиқ. Чунки улар минтақалараро ҳамкорликнинг эришилган натижаларини мустаҳкамлаш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва муҳим ижтимоий муаммоларни биргаликда ҳал этишга беқиёс ҳисса қўшмоқда.

Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида ўн минглаб жамоат (нодавлат) ташкилотлари фаолият олиб боради, улар ўз тармоқларида юз минглаб фаолларни, волонтёрларни, жамоатчилик фикри етакчиларини бирлаштиради. Фуқаролик жамияти даражасидаги ўзаро ҳамкорлик минтақа мамлакатларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш учун асос яратади, тизимли ўзаро ёрдамни таъминлайди ва учинчи секторда умумий сиёсатни мувофиқлаштириш учун шароит яратади.

Маҳаллий ННТлар ҳамда Марказий Осиё жамоат ташкилотларининг ходимлари ва фаоллари очиқ мулоқот форматида ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш имкониятлари, замонавий тенденциялари, чақириқлар, энг яхши тажрибаларни муҳокама қилишди, мамлакатлардаги вазиятни таҳлил қилишди, минтақадаги ҳар бир давлат кесимида муваффақиятли фаолият олиб бораётган тармоқлар, коалициялар, альянсларни, уларнинг ўхшаш ва фарқли томонларини кўриб чиқишди.

Самарали мулоқотлар якунида Академия иштирокчилари шунчаки таклифларни эмас, балки келгуси ҳамкорликнинг аниқ механизмларини, ноҳукумат ташкилотлар даражасида Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланиш йўлидаги ягона платформани шакллантириш бўйича стратегик қадамларни ишлаб чиқишди. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати