“Хайрли” акция: Эгизбулоқ қишлоғидаги жабрланган оилаларга гуманитар ёрдам етказилди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан Жиззах вилоятининг Фориш туманида сел оқибатида жабрланган оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Хайрли” хайрия акцияси ташкил этилди.
Ҳаракатнинг ушбу ташаббусини Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, PepsiCo’нинг Ўзбекистондаги расмий боттлери — International Beverages Tashkent компанияси, Anglesey Food компанияси, REDTAG бренди каби бизнес тузилмалари вакиллари қўллаб-қувватлади.
Юз берган сув тошқини оқибатларини юмшатиш мақсадида жорий йилнинг 18 май куни Фариш тумани Эгизбулоқ қишлоғига инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партияси, шу жумладан 100 та озиқ-овқат жамланмаси ҳамда болалар ва катталар учун устки кийимлар тўплами етказилди.
Бундан ташқари, хайрия акцияси доирасида ЮНИСЕФ Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти билан ҳамкорликда USAID’нинг Гуманитар масалалар бўйича бюроси молиявий кўмагида зиён етган ҳудудга 180 та гигиена воситалари ва зарур маҳсулотлар жўнатди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 20 апрель куни кучли ёғингарчилик натижасида Жиззах вилоятининг айрим туманларида кучли сел оқимлари содир бўлди. Оқибатда ижтимоий объектлар ва экин майдонларига зарар етди (50 дан ортиқ хонадон вайрон бўлди, яна 200 дан ортиғи ўртача ва жиддий шикастланди, 15-мактаб ва 9-сонли болалар боғчаси сув остида қолди).
Сел оқибатларини бартараф этишга Жиззах вилоятидаги барча давлат ва жамоат тузилмалари, волонтёрлар сафарбар этилди. Хусусан, уй-жой ва ҳудудларни таъмирлаш, сув чиқариш каналлари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Тиббиёт ходимлари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди, зарур ёрдам кўрсатди. Шу билан бирга, фуқароларнинг йўқолган ҳужжатлари қайта тикланмоқда. Ҳудудга озиқ-овқат ва асосий эҳтиёжлар юкланган инсонпарварлик карвонлари келишда давом этмоқда.
Ўзбекистонда жорий йилнинг март—май ойларида кучли ёғингарчилик натижасида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин кучли сел ва кўчки ҳодисалари кузатилди. Ушбу ҳодисалар натижасида 9 киши қурбон бўлди ва 450 дан ортиқ чорва моллари нобуд бўлди. 245 та уй ва 19 та кўприк шикастланди. Президент кечаю кундуз ишлайдиган штаблар ташкил этиш, фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Бу борадаги қонун ҳужжатлари ва қабул қилинган ҳудудий Дастурларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳудудларда тузилган фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳлари жалб этилади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барча савобталаб фуқароларни, давлат ва жамоат тузилмалари, ишбилармон доиралар вакилларини, хорижий ва халқаро ташкилотларни жабрланган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш бўйича “Хайрли” хайрия акциясини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тузилмаларга услубий ва экспертлик ёрдамини кўрсатишга чақиради.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати