“Search for Common Grounds” ташкилоти вакиллари билан танишув учрашуви
26 апрель куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Асқар Маматхонов Бельгиянинг халқаро нодавлат ташкилоти "Search for Common Grounds” ижрочи директори Шарлин Бёртон билан учрашди.
Маълумот учун: “Search for Common Grounds” — халқаро нодавлат ташкилотига 1982 йилда асос солинган. Ташкилот дунёнинг 36 та давлатида тинчлик ўрнатиш, низоларнинг олдини олиш, ёшлар, оммавий ахборот воситалари, давлат идоралари, норасмий диний етакчилар ва дунё дўйлаб хотин-қизлар гуруҳлари билан ҳамкорликда фаолият юритади. Бунда турли ҳамжамиятлар билан биргаликда ишлаш учун улар ўртасида мулоқотни, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда ҳамда низоларни ҳал этишда креатив кўп қиррали ёндашувлардан фойдаланади.
Асқар Маматхонов меҳмонларни Ҳаракатнинг мақсади, вазифаси, салоҳияти ва имкониятлари билан таништирди. Бугунда Ҳаракатнинг республика бўйлаб 14 та ҳудудий бўлинмаси фаолият юритаётгани, 13 минг аъзоларига, 200дан ортиқ маҳаллий ва хорижий экспертлар кенгашига эга эканини ва 500дан ортиқ маҳаллий ННТ ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.
А.Маматхонов “Юксалиш” ҳаракати томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган “Марказий Осиёда тинчлик ва бағрикенглик йўлида трансчегаравий ва соҳалараро мулоқот” лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди ҳамда ушбу лойиҳа “Search for Common Grounds” мақсадлари ва манфаатларига монанд келишини қайд этди.
Уч йиллик лойиҳа доирасида миллатлараро тотувлик, бағрикенгликни мустаҳкамлаш, низолар ва терроризмнинг олдини олиш бўйича минтақалараро Медиа стратегия ишлаб чиқилди, лойиҳа мақсадларини амалга оширишда ёшларни жалб қилиш учун учта шаҳардаги йирик олий ўқув юртлари қошида Дўстлик ва бағрикенглик марказлари очилди. Эндиликда журналистлар учун қўлланмалар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
С.Бёртон хоним эътироф этишича, Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим роль ўйнайди. Бироқ қўшни Афғонистондаги вазият ўз таъсирини ўтказмоқда. Унинг фикрича, давлатлараро келишмовчиликлар мавжуд бўлса, манфаатлар ва қарашлар фарқ қилса, кўпинча одамлар ва ҳамжамиятлар бир-бирини эшитишлари, низоларни ҳал қилишга тўсқинлик қиладиган стереотипларни бузиш учун умумий мулоқот майдонига эга эмаслар. У саъй-ҳаракатларни нафақат ўқимишли ва иш билан таъминланган ёшларга, балки таълим билан қамраб олинмаган ва ишсизларга ҳам қаратиш муҳимлигини таъкидлади. "Search for Common Grounds” ҳамкор-мамлакатларда нафақат олий ўқув юртлари талабалари, балки лицей, коллеж ва мактаб ўқувчилари ўртасида ҳам тинчликпарварлик клубларини ташкил этади.
Меҳмонлар низоларнинг олдини олиш учун мулоқот механизмларини қўллаш бўйича муваффақиятли амалиётлари билан ўзаро ўртоқлашди. Улар орасида давлат органларини назорат қилувчи тизим (community score cards)ни алоҳида мисол келтириш мумкин. Бунда аҳолига давлат хизматларидан фойдаланувчи сифатида давлат органлари фаолиятини баҳолаш, кўрсатилаётган хизматлар, уларнинг камчиликлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш имкони берилади. Шу тариқа фуқаролар ўртасидаги хавотирлар олди олинади.
Ўз навбатида, А.Маматхонов “Юксалиш” УМҲнинг вазифалари ва ваколатлари доирасида юқоридаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати