@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиниш учун АҚШга сафар

 2022-04-21 21:09:00   |     Просмотров: 1172

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбарияти Ўзбекистон делегацияси таркибида Америка Қўшма Штатларида ўқув сафарида бўлиб турибди. Мақсад – коррупциянинг олдини олиш соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш, ушбу йўналишдаги АҚШнинг тегишли идора ва ташкилотлари, етакчи таҳлил марказлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш.

Маълумот  учун: ўқув сафари “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) томонидан АҚШ давлат дапартаменти билан қўшма дастур доирасида ташкил этилди. Ташриф чоғида коррупциянинг олдини олиш (манфаатлар тўқнашуви, даромадларни декларациялаш, касбдаги ҳалоллик ва бошқалар билан боғлиқ чоралар) бўйича АҚШ тажрибасини ўрганиш мақсад қилинган. Делегация таркибида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура академияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари бор.

20—27 апрель кунлари давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат ташкилотлари, таҳлил марказлари ва ОАВ вакиллари билан қатор учрашувлар ҳамда тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.  

Жумладан, сафарнинг дастлабки куни делегация аъзолари Массачусетс штати McDermott Will&Emery  юридик фирмаси ҳамкори Роберт Корди ҳамда АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида коррупцияга оид жиноятлар тергови жараёнларини назорат қилиш бўйича тажрибага эга бўлган мутахассислар – Сара Уолтерс  ва Марк Шрейбер билан учрашди.

Сафар давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи "Pioneer Institute” ақл маркази, истиқболда муҳим аҳамиятга эга, иқтисодий, сиёсий ўзгаришларни илгари сурувчи "Atlantic Council” таҳлил маркази раҳбарлари билан учрашувлар, АҚШ Давлат Департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича Бюроси, “The Boston” таҳририяти раҳбарлари, судьялар, конгрессменлар, соҳа экспертлари билан мулоқотлар кўзда тутилган.

Шунингдек, сафар доирасида “Минтақавий мулоқот” ХНТ (Словения), Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Юксалиш” УМҲ ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳасининг биринчи босқич натижаларини тақдимот қилиш режалаштирилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати