@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш динамикасини ўрганиш натижалари бўйича ҳисобот эълон қилинди

 2022-04-16 09:05:00   |     Просмотров: 1948

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Марказий Осиёдаги PeaceNexus фонди билан қўшма лойиҳа доирасида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг реал ҳолати ва динамикасини ўрганиб чиқди.

Тадқиқотда фуқаролик жамияти ривожининг ҳуқуқий муҳити, тарихий жиҳатлари таҳлил қилинган. Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг асосий турлари ва механизмлари баён этилган, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда фуқаролик жамияти ташкилотларининг роли ошиб бораётганлиги, уларнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолар аниқланган ҳамда муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.

Тадқиқот Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ривожланиш динамикасини аниқлаш, миллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш орқали уни янада мустаҳкамлаш йўлларини излаш мақсадида ўтказилди. Ушбу тадқиқотда фақат расмий рўйхатдан ўтган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) иштирок этди. Шу билан бирга, таҳлил рўйхатдан ўтмаган фуқаролик гуруҳлари дуч келаётган муаммоларни ҳам ўз ичига олган.

Тадқиқот тўрт босқичда ўтказилди, шу жумладан очиқ манбаларга асосланган тадқиқот, услубий семинар, фокус-гуруҳ муҳокамалари ва батафсил интервьюлар. У Ўзбекистоннинг 14 та маъмурий-ҳудудий бирлигидан жами 388 та ННТни қамраб олди. Маълумотларнинг шаффофлиги ва аниқлигини таъминлаш мақсадида миллий ННТлар билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Тадқиқот натижалари асосида семинар ўтказилди. Унда танланган ННТлар учун тадқиқотнинг асосий натижалари тақдим этилди ва манфаатдор томонларга Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди.

Тўпланган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ННТларнинг икки тури мавжуд: 65 фоизи "ГОНГО"лар (ҳукуматга қарашли ННТлар) ва 35 фоизи ўз ташаббуси билан тузилган ННТлар деб аталади. Улар ҳар доим ҳам бир-бири билан ҳамкорлик қилмайди, бу эса ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш сифатига таъсир қилади.

Тадқиқот жараёнида бир қатор муаммолар аниқланди. Хусусан, Ўзбекистон қонунчилигида ҳуқуқий ноаниқлик ва такрорийлик ҳамон сақланиб қолмоқда. Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти соҳасининг ҳуқуқий асослари 250 дан ортиқ қонун ҳужжатларидан иборат, бироқ ННТларни молиялаштириш ва солиққа тортиш тартиби ҳали ҳам аниқ тартибга солинмаган. ННТларнинг фаолияти ҳали ҳам рўйхатдан ўтган жой билан боғлиқ. ННТларда малакали кадрлар етишмаслиги, шу жумладан ушбу соҳа ёшлар учун жазибадор эмаслиги ҳам сабаблардан биридир.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, бир томондан, ҳукуматнинг фуқаролик жамияти институтларига бўлган ишончининг етишмаслиги секторнинг ҳақиқий ўзгариши ва ривожланишига тўсқинлик қилади. Бошқа томондан, уларнинг ташкилий ва касбий ривожланишидаги узоқ кечикиш туфайли фуқаролик жамияти институтлари ташаббуси ижтимоий ҳамкорликда тенг ва ишончли ҳамкорлар сифатида ҳаракат қила олмайди.

Шу муносабат билан экспертлар Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган тавсиялар ишлаб чиқди. Улар орасида қонун хужжатларида такрорлашни бартараф этиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, ННТларни бюджетдан (маҳаллий/давлат) молиявий қўллаб-қувватлашни Қонунчилик билан мустаҳкамлаш кабилар бор.

ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун қабул қилинишини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилмоқда. ННТларни рўйхатга олиш жараёнига кўмаклашиш, намунавий ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда рўйхатга олиш тартиби бўйича ахборот кампанияларини ўтказиш, фуқаролик жамияти секторини кластерли ривожлантириш имкониятларини ўрганиш муҳимлиги таклиф этилмоқда.

Тадқиқот натижаларига кўра, давлат органларига минтақавий ва ҳудудий ННТларнинг фаолият соҳалари (таълим, гендер масалалари, сув ресурслари) бўйича ҳамкорлигини ривожлантириш тавсия этилади. Таклифлар қаторига фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини кучайтириш мақсадида ННТлар ўртасида тренинг ва мураббийлик дастурларини ишга тушириш, муваффақиятли ННТлар рейтингини шакллантириш киради. 

Батафсил

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати