@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Эл-юрт умиди” жамғармаси магистратура босқичида таҳсил олаётган талабаларга Германияда 6 ойлик стажировка ўташ учун танлов эълон қилмоқда

 2019-04-25 16:20:27   |     Просмотров: 4669

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси Германиянинг қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳасида фаолият юритувчи компанияларида 6 ой муддат давомида стажировка ўташга мўлжалланган дастур учун танлов эълон қилмоқда.

Стажировка мақсади —  мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг Германия қишлоқ хўжалиги ва туризми компанияларида амалий тажриба ва илғор билимларни эгаллаган ҳолда, уларнинг профессионал кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Дастур учун кўрсатилаётган номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси (камида 22 ёш), Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари магистранти, шунингдек, инглиз ёки немис тилида эркин сўзлаша оладиган бўлиши лозим.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стажировка ўташ учун танланган номзодларнинг йўл харажат (авиатўловлар, аэропортдан стажировка ўташ жойигача бўлган харажат)ларини ўз зиммасига олади. Қолган барча харажатлар, шу жумладан, ҳар ойлик стипендиялар Германия компаниялари томонидан қопланади.

Танлов 4 босқичдан иборат:

1-босқич: ҳужжатлар қабули, “LOGO” ННТ расмий сайтида (https://logoev.de/ru/fachpraktika-ru/bewerbungen-ru.html) жорий йилнинг 25 апрелидан бошлаб 20 майга қадар.

2-босқич: тест синовлари ва суҳбат, 2019 йилнинг 25 май санасидан 30 майгача Танлов комиссияси томонидан тест синови ва суҳбатдан ўтказилади.

3-босқич: 2019 йилнинг июнь ойи ниҳоясида барча имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган номзодлар ҳужжатлари Германия компанияларига тақдим қилинади.

4 босқич: Танловнинг якуний натижалари бўйича номзодлар Германия компанияларига жойлаштирилади.

Номзоднинг стажировка дастурида иштирок этиши бўйича сўнги қарор Германиянинг муайян бир ташкилоти ёки компанияси томонидан чиқарилади. Зарурий ҳолларда номзод ўзи стажировка ўтувчи компания, ташкилот ёки фермер хўжалиги мутассадди вакиллари томонидан Skype орқали суҳбатдан ўтказилиши мумкин.

Қўшимча маълумот учун телефон:  (71) 203-00-43