@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Халқаро ҳамкорлик: “Юксалиш” ҳаракати ва Saferworld ташкилоти вакиллари учрашди

 2022-04-12 18:56:00   |     Просмотров: 1830

12 апрель куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида Saferworld мустақил халқаро ташкилот вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ва йўналишлари муҳокама қилинди.

“Юксалиш” УМҲ Дастурлар ва ҳамкорликни ривожлантириш бўлими лойиҳа менежери Шамшод Юнусов меҳмонларни ташкилотнинг асосий фаолияти, мақсад ва вазифалари билан таништирди. Ҳаракат томонидан халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамиятини, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оммавий ахборот воситалари ва ёшлар салоҳиятини ошириш каби йўналишларда фаол ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида, Марказий Осиёда хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Илья Жонс инқироз ва таҳдидларга энг кўп зарар кўрган минтақалар аҳолиси нуқтаи назаридан қарайдиган Saferworld ташкилоти фаолияти ҳақида гапирди. Ташкилот мутахассислари бошқарув органлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти билан сиёсий мулоқотни таҳлил қилиш ва йўлга қўйиш орқали узоқ муддатли тинчликка эришишга ҳисса қўшишга интилади. Уларнинг асосий эътибори фуқаролик жамияти салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.

Saferworld компаниясининг “Ўзбекистонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш” лойиҳаси раҳбари Гулбаҳор Жумабоева лойиҳани амалга ошириш жараёни ҳақида сўзлаб берди. 2018 йилда бошланган лойиҳа ҳозирда Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Унинг доирасида аёллар раҳбарлик қилаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари тармоғи салоҳиятини оширилмоқда. Хусусан, маҳаллий ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида гендер-нозик масалаларни ҳисобга олган ҳолда тинчлик ўрнатиш ва низоларнинг олдини олиш бўйича фаолият қўллаб-қувватланмоқда.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди. Saferworld вакиллари “Юксалиш” УМҲ мутахассисларини Жиззах вилоятида бўлиб ўтадиган халқаро онлайн конференцияга таклиф қилди.

Маълумот учун: Saferworld – мустақил халқаро ташкилот бўлиб, зўравон можароларнинг олдини олиш ва хавфсизроқ ҳаётни яратиш билан шуғулланади. 1989 йилда Бристолда (Буюк Британия) ташкил этилган. Ҳозирда Шарқий Африка, Европа, Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 20 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади. Марказий Осиёда эса 2009 йилдан буён фаолиятини бошлаган ва Қирғизистон, Тожикистонда ваколатхоналарига эга.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати