@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати Хитой Халқ Республикаси билан “яшил ривожланиш” соҳасида ҳамкорликни йўлга қўяди

 2022-04-11 17:43:31   |     Просмотров: 1663

Бугун, 11 апрель куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним билан учрашди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

“Юксалиш” ҳаракати халқаро ҳамкорликни ривожлантираётгани, хорижий ҳамкорлар, шу жумладан Хитой компаниялари билан қўшма лойиҳаларни кенгайтираётгани таъкидланди. Хусусан, “Бир миллион дарахт” акцияси доирасида Huawei компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда Hisense компанияси билан “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳаракат раиси Б.Бекмуродов Хитой академик доиралари ва бизнес-ҳамжамияти, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор таклифларни билдирди. Улар орасида:

  • Хитойнинг экологик муаммоларни ҳал этиш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича тажрибаси асосида Ўзбекистонда яшил ҳудудлар (боғлар, дарахтзорлар) барпо қилиш ва уларнинг барқарор ривожлантириш;
  • Ўзбекистон ва Хитойнинг қардош шаҳарлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;
  • турли даражадаги муаммоларни ҳал қилишда инновацион ёндашувларни таъминловчи лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш.

Учрашув чоғида Хитойнинг мамлакатимиздаги элчиси Цзян Янь хоним ушбу соҳаларга қизиқиш билдирди. Хусусан, яшил ҳудудларни ривожлантириш масаласида экологик, сиёсий, иқтисодий ва маданий хилма-хилликни ўзида мужассамлаштирувчи ва уларнинг барқарор ривожланишини акс эттирувчи Хитой-Ўзбекистон дўстлик боғи ёки ШҲТ мамлакатлари боғини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Элчи хоним қайд этишича, Хитой компанияларини жалб қилган ҳолда камбағалликни камайтириш ва “яшил ривожланиш”да ёшларнинг роли мавзуларида қўшма тадбирлар ўтказиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 2 мингга яқин корхона фаолият юритмоқда. Шу муносабат билан “Юксалиш” УМҲ учун улар билан қатор учрашувлар ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилади.

Конструктив руҳда ўтган учрашув якунида Хитой элчиси “Юксалиш” ҳаракати билан томонларни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати