@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкентда сунъий интеллектни қўллаш соҳасидаги илғор лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди

 2022-04-05 17:24:20   |     Просмотров: 2838

5 апрель куни Тошкентда сунъий интеллект соҳасидаги халқаро экспертлар иштирокида “Глобал шароитларда сунъий интеллектни қўллаш: илғор ғоялар” мавзусида тақдимот бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекуродов, “Минтақавий мулоқот ХННТ” ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Петра Горьюп ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кириш сўзи билан тақдимотни очиб беришди.

Ўзбекистонда сунъий интеллектни (АI) қўллаш соҳалари кенгаяётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган йилнинг февраль ойида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ 2021—2022 йилларда сунъий интеллект технологияларини ўрганиш ва жорий этиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган эди. Ушбу дастур мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш билан бирга, соҳада малакали кадрлар тайёрлашга, рақамли маълумотларнинг фойдаланиш имкониятини ва юқори сифатини таъминлашга қаратилган.

Масалан, 4 та олий ўқув юрти негизида сунъий интеллект (AI) соҳасида 130 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлаш бошланди, 15 та университетда сунъий интеллектни (AI) иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ва давлат бошқарувида амалий қўллаш бўйича курс ва фанлар жорий этилди. 2022 йилдан бошлаб сунъий интеллект йўналиши бўйича докторантурага 5 та квота ва мустақил тадқиқотчилар учун мақсадли квота ажратилди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан мазкур йўналишда қисқа муддатли хорижий илмий стажировкалар учун 30 та квота ажратилди.

Бундан ташқари, 2021—2022 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида (тупроқ ва экинлар ҳолатини мониторинг қилиш жараёни) амалга ошириладиган сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, банк секторида (тижорат банклари фаолиятини мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ва уларни тартибга солиш талабларига мувофиқлигини соддалаштириш (СубТеч ва РегТеч)), молия ва солиқ маъмуриятчилиги соҳасида (бюджет харажатлари, ижтимоий ва суғурта тўловлари, солиқ имтиёзлари таҳлили), шунингдек, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва электрон ҳукумат соҳаларида пилот лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.

Вазирлик ва идоралар мутахассисларининг кадрлар салоҳиятини ривожлантирмасдан, илғор тажрибани ўрганмасдан, дунёнинг етакчи экспертлари билан фикр алмашмасдан туриб, сунъий интеллект технологияларини жорий этишни тасаввур қилиб бўлмайди. Пойтахтимизда бўлиб ўтган тақдимотда таклиф этилган хорижлик эксперт ва тадқиқотчилар томонидан танланган алоҳида халқаро лойиҳалар, жорий тадқиқотлар ва уларнинг таълим соҳасида қўлланилиши, шунингдек, Словениянинг Любляна шаҳридаги Жозеф Стефан институти ўтказаётган танловлар ҳам тақдимот қилинди ҳамда янги технологияларни жорий этиш орқали Ўзбекистон учун очиладиган техник имкониятлар намойиш этилди.

Тақдимот савол-жавоб, миллий ва хорижий экспертлар ўртасидаги фаол мулоқот билан якунланди.

Мутахассислар ҳақида қисқача маълумот:

Доктор Марко Гробелник - сунъий интеллект соҳасидаги эксперт тадқиқотчи. Эксперт машинани ўрганиш, маълумотлар / матн / веб-тармоқларни таҳлил қилиш, тармоқ таҳлили, семантик технологиялар, матнни чуқур тушуниш ва маълумотларни визуализация қилишга ихтисослашган. Марко - Жозеф Штефан институтининг сунъий интеллект бўлими ҳам раиси, ЮНЕСКОнинг сунъий интеллект (AI) бўйича халқаро тадқиқот маркази (IRSAI) ҳам муассиси ва тижорат дунёси учун мураккаб сунъий интеллект (AI) муаммоларини ҳал қилишга қаратилган Quintelligence.com бош директори ҳисобланади.

Митя Йермол - фан магистри, ЮНЕСКОнинг очиқ таълим ресурслари ва очиқ таълим бўйича очиқ технологиялар кафедраси мудири ва Жозеф Штефан институти билимларни узатиш маркази раҳбари.

Добран Божич - таснифланган маълумотларни ҳимоя қилиш давлат хизмати маслаҳатчиси ва киберхавфсизлик бўйича эксперт.

Денис Юстинек – техник директор ва "Biokoda" (компьютер фанлари тадқиқотлари ва ишланмалари) муассиси, Европа Иттифоқининг ва  ENISA Industry 4.0 киберхавфсизлик бўйича экспертлар гуруҳи аъзоси.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати