@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракатининг йил сарҳисоби

 2021-12-29 17:55:20   |     Просмотров: 3488

2021 йил якунига етмоқда. Йил давомида қилинган ишларни сарҳисоб қилишнинг айни вақти. Бу йил “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати учун тадбирларга бой бўлди: 620 та турли форматдаги, республика ҳамда ҳудудлар миқёсидаги форумлар, фестиваллар, жамоатчилик мониторинглари ва эшитувлари, ННТ ва медиа соҳаси вакиллари учун ўқув семинарлари, тренинглар ташкил этилди.

Халқаро лойиҳалар

Ҳаракат томонидан қатор халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан бири Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида ва “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантиришга кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш” лойиҳасидир. Мақсад — маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат идоралари билан биргаликда қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш, маҳаллий кичик инфратузилмани тиклаш ва яхшилаш бўйича инклюзив ёндашувларни амалга оширишдан иборат.

Лойиҳа доирасида республиканинг учта вилоятидаги 6 та туман, 12 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалар рўйхати тузилди ва кичик инфратузилма муаммолари аниқлаб олинди. Андижон, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги жами 350 та ижтимоий кўмакка муҳтож деб топилган оилага моддий ёрдам маблағлари тарқатилди.

Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мақсад — республикамизнинг беш вилояти (Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё)да жойлашган 306 та МФЙларнинг инфратузилмасини ривожлантириш баробарида, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда иштирокини таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш институти фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувни амалга ошириш бўйича салоҳиятини ошириш. Лойиҳани 2024 йилда якунлаш режалаштирилган. Лойиҳага қамраб олинган МФЙлар ўз инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича сублойиҳалари учун маблағ олиш имкониятига эга.

Яқинда иш бошлаган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL) лойиҳаси доирасида иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ (ESC) соҳаларида ҳалқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича тўртта ўқув модулини ишлаб чиқиш, бунда меҳнат ҳуқуқи, саломатлик ҳуқуқи ва хотин-қизларнинг репродуктив ҳуқуқи, уй-жой ҳуқуқи, ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқини қамраб олиш, Ўзбекистон судларидаги ахборот ҳужжатларини қамраган ҳолда 5 та юридик ҳужжат ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти экспертларининг Швейцарияда тажриба алмашишни, 150 та ННТ вакиллари учун иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар бўйича ёзги мактаб ташкил этиш режалаштирилган.

Экспертлар билан ҳамкорликда турли мавзуларда тадқиқотлар ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, Швейцариянинг “Peace Nexus” фонди кўмагида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг бугунги ҳолати ва имкониятлари таҳлилий ўрганилди.

Декабрь ойи бошида “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доираисда болаларни 1-синфга қабул қилишда коррупциявий хавф-хатарларни ўрганишга қаратилган тадқиқот натижалари тақдимот қилинди. Лойиҳа “Юксалиш” УМҲ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Тадқиқотга Ўзбекистоннинг 14 та вилоятидаги 114 та мактабдан жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар ота-она қамраб олинди. Апрель ойида Тошкент шаҳрида уч тоифа респондентлар ўртасида пилот сўровлар ўтказилди. Май – июнь ойларида 28 та шаҳар, 31 та туман маркази, 31 та қишлоқ аҳоли пунктини қамраган ҳолда 114 та мактабда кенгайтирилган сўровлар ўтказилди. Тўпланган барча маълумотлар тизимлаштирилди ва таҳлил қилинди. Тадқиқот натижалари бўйича бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 5 та асосий коррупциявий хатарларнинг омиллари аниқланди.

Хайрия ва ижтимоий акциялар

Ҳаракат фаолиятининг алоҳида йўналиши бу — хайрия акциялари ва ижтимоий кампаниялар. Жумладан, май ойида “Юксалиш” УМҲ “Ezgu amal” жамоат фонди билан ҳамкорликда саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида “Эзгу амал” хайрия марафонини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур хайрия ишига давлат бошқарув органлари, нодавлат ташкилотлар, бизнес вакиллари ҳамда минглаб саховатпеша фуқаролар хайрихоҳлик билдиришди.

Марафон доирасида бемор болаларга хайрия қилишни истаган инсонлардан 229 685 164 сўм келиб тушди. Тўпланган маблағларга 17 нафар онкобемор боланинг тиббий хизмати, даволаниши ва дори-дармони учун тўловлар қилинди. Бу эса уларнинг шифо топишига имкон берди.

Мана уч йилдирки, Ҳаракат томонидан “Бир миллион дарахт” акцияси ўтказиб келинади. 2021 йилда дарахтларни экишга манзилли ёндашилди. Ниҳолларга доимий парвариш бўлиши учун кўкаламзорлаштириш объектлари мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари, истироҳат боғлари, маҳаллалар бўлди. Акция бу гал республиканинг 7 та ҳудудидан табиатга беэътибор бўлмаганлар, фаоллар, эковолонтёрларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.  Баҳорда ва кузда бир неча минг туп дарахт кўчатлари, буталар экилди.

Бу каби ижтимоий лойиҳалар ва акциялар келгуси йилда ҳам давом эттирилади.

Ахборотнома ва ННТ мактаби

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқаролик жамияти йўналишида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Биргина 2021 йилнинг ўзида миллий ва минтақавий даражада 4 та форум ўтказилди. Жумладан, февраль ойида Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали бўлиб ўтди, унда республиканинг 8 та шаҳридан 2 мингдан зиёд иштирокчилар ва халқаро экспертлар қамраб олинди. Беш кунлик фестиваль дастуридан 20 дан ортиқ тадбирлар — 3 та конференция, 3 та давра суҳбати, 4 та жамоатчилик мулоқоти, 4 та тренинг, 6 та тақдимот ва бошқалар жой олди. Фестиваль якунида “Орамиздаги қаҳрамонлар”, “Фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари”ни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистондаги воқеа-ҳодисалар, қонунчиликдаги янгиликлар, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятига оид шарҳлар, шунингдек, фуқаролик жамияти ва демократик институтлар ривожи билан боғлиқ фуқаролар ташаббуслари ҳақида “Ўзбекистонда демократия” ойлик электрон ахборотномаси тайёрланиб, чоп этилмоқда. Йил давомида ахборотноманинг 12 та сони ўзбек, рус ва инглиз тилларида эълон қилинди. Ҳар бир сони 2 000  дан зиёд манзилни, шу жумладан 350  та халқаро ва хорижий ташкилотлар, экспертларни қамрайди.

“Грантлар ва стажировкалар” Telegram канали юритилмоқда. Унга нафақат маҳаллий, балки хорижий донорлар эълон қилган грантлар ҳақида ахборотлар жойланмоқда.

“Юксалиш” УМҲ тармоғи Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 700 дан зиёд жамоат ташкилотлари аъзоларини бирлаштиради. Улар учун мавзули учрашувлар, мулоқотлар, муҳокамалар ва тренинглар ташкил этилади. Мисол учун, ННТ вакилларининг ташкилий ривожланиш, илғор тажрибалар билан алмашиниш учун майдон яратиш ва бу асосида ННТ вакилларининг лойиҳалар ёзиш ва уларни бошқариш соҳаларидаги салоҳияти ва малакасини ошириш мақсадида “ННТлар мактаби” ташкил этилмоқда. 2021 йилда ушбу мактабни турли ҳудудлардан бўлган жамоат тузилмаларининг 60 дан ортиқ ходимлари тамомлади.  

Сайлов кампаниясининг ахборот ҳамкори

Якунланаётган йилнинг муҳим ҳодисаларидан бири Ўзбекистон Президенти сайлови бўлди. “Юксалиш” ҳаракати сайловолди кампанияси ва ислоҳотларнинг ахборот кўмагини таъминлади. Сайловларга тайёргарлик ва уни ўтказишга тайёргарлик жараёнларини холис ва ишончли ёритиш учун Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Халқаро медиа холл очилди.

Медиа-холл Ўзбекистонда ўтказилаётган сайлов кампаниясининг бориши ва натижалари тўғрисида аҳоли ва жаҳон ҳамжамиятини холисона хабардор қилиш, давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва экспертлар ҳамжамияти даражасида муҳокама ва мунозаралар ўтказиш, сайлов жараёнини ёритишда иштирок этаётган оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар яратиш учун қулай нодавлат очиқ майдонга айланди.

Ўн кун мобайнида, яъни 14 октябрдан 26 октябрга қадар Медиа холлда 40 дан ортиқ турли форматдаги тадбирлар ўтказилди. Булар сиёсий партиялар, Марказий сайлов комиссияси, давлат идоралари раҳбарияти, халқаро ташкилотлар экспертлари, ОАВ вакиллари иштирокидаги брифинглар, матбуот-анжуманлари, давра суҳбатлари, мулоқотлар ва мунозаралардир.

Ижтимоий тармоқлардаги фаолият ва Фактбук

“Юксалиш” ҳаракати аҳолини ислоҳотлардан, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ҳодисалардан, ташаббуслар ва лойиҳалардан мунтазам хабардор қилишда Интернетдаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фаол фойдаланади. 2021 йилда Ҳаракатнинг Facebook’даги саҳифаси сезиларли равишда фаоллашди, бунда форумлар, жамоатчилик мониторинги ва эшитувларидан жонли эфирларнинг ўрни катта бўлди. Facebook‘нинг ўзида йил бўйи 1,5 млн фойдаланувчи қамраб олинди. Бошқа ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда эса 5 млнга яқин фойдаланувчи қамранди.  

Бу йил Ҳаракатнинг экспертлари томонидан ислоҳотларга доир 50 мингга яқин нусхада бир неча китоблар, брошюралар нашр этилди. Улардан бири 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш натижалари ҳақидаги Factbook китоби.

Китобда Ўзбекистоннинг сўнгги беш йилда давлат ва жамият қурилишидаги барча соҳаларни қамраган ислоҳотлари натижалари рақамлар ва фактларда акс эттирилган. Таққослама диаграммалар ва графикалар кўринишида тақдим этилган маълумотларга қараб, иқтисодиёт тармоқларидаги, суд-ҳуқуқ тизимидаги, ижтимоий соҳа ривожидаги, ташқи сиёсатдаги ўзгаришлар динамикасини кузатиш мумкин.

Фактлар китобини ўзбек, рус ва инглиз тилларида "Юксалиш" УМҲнинг веб-сайтидан юклаб олиш мумкин.

Истиқболдаги вазифалар

“Юксалиш” УМҲ халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантириб келмоқда. Бугун Ҳаракат бирданига учта халқаро ташкилот — Ривожланиш бўйича Осиё альянси (Asia Development Alliance), CIVICUS — демократия ва фуқаролик жамияти соҳасидаги халқаро ташкилотлар глобал альянси ҳамда Бутунжаҳон нодавлат ташкилотлар ассоциацияси (WANGO)нинг аъзоси бўлган Ўзбекистон ва минтақадаги ягона нодавлат нотижорат ташкилотдир.

“Юксалиш” ҳаракати 2022 йилда ривожланишнинг янги босқичига чиқишни ва халқаро ташкилотга айланишни режалаштирган. Асосий вазифалар қаторида минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш, мулоқот ўрнатиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш учун қўшни мамлакатлар “ақл марказлари” тармоғини яратиш турибди. Шунингдек, режада ННТ мактабини Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари даражасигача, Медиа мактабни эса Марказий Осиё медиа академияси даражасигача олиб чиқиш ҳам бор. Бундан минтақа фуқаролик жамияти институтлари, журналистлари ўртасида ташаббус ва тажрибалар билан алмашиниш, ҳамкорликнинг янада яқин алоқаларини ўрнатиш мақсади кўзланган.

Келаси йилда Антикоррупция лабораториялари ишини давом эттириш, эндиликда коррупциявий хатарлар ва омилларни янги соҳавий йўналишларла ўрганиш, бу йилда старт олган лойиҳаларни финишга етказиш режалаштирилган. Кенг доирадаги хайрия акциялари ва кампанияларни ўтказиш ҳам бундан мустасно эмас.

Қолаверса, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда фаолият режаси ишлаб чиқилган. Хусусан, унда йирик минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш кўзланган. Марказий Осиё бўйича медиа мулоқот, Марказий Осиё Ёшлар конгресси, Марказий Осиё ННТлар мактаби ва “ақл марказлари” форуми шулар жумласидан.

Режалар ва лойиҳалар кўп, асосийси, ёш, шижоатли, ҳар бири ўз соҳасида профессионал бўлган жамоа бор. Биз биргаликда энг илғор ғояларни ҳаётга тадбиқ этишга тайёрмиз!

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати