Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан 2021 йилдаги ҳамкорлик сарҳисоб қилинди
15 декабрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан 2021 йилдаги ҳамкорлик якунларига бағишланган ҳисобот анжуманини ўтказди.
Унда Ҳаракатнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбарияти иштирок этди.
“Юксалиш” УМҲ амалга ошираётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати юзасидан ҳисоботлар тингланди, шунингдек, 14 та ҳудудий бўлинмалар томонидан 2021 йилда қилинган ишлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Ҳаракат фаолияти йўналишларида, халқаро ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда самарали натижаларга эришилгани қайд этилди. Келгусида ҳамкорлик қамровини ва даражасини, тадбирлар ва лойиҳалар аҳамиятини, долзарблигини ошириш режалаштирилди.
“Юксалиш” УМҲнинг яқин ҳамкорларидан бири Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари ҳам бу йилда ҳамкорлик янада кенгайганини алоҳида таъкидлади. Ўтган йили пандемия туфайли ўтказилмаган тадбирлар ва лойиҳаларни жорий йилда амалга оширишга эришилди.
Сўнг 2022 йилда Ҳаракат фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш юзасидан таклифлар берилди, иш режаси ишлаб чиқилди. Жумладан, Марказий Осиё бўйича медиа мулоқот, Марказий Осиё Ёшлар конгресси, Марказий Осиё ННТлар мактаби ва “ақл марказлари” форуми сингари йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Тадбир сўнггида йил якунлари бўйича энг фаол ишлаган, юқори натижаларни кўрсатган Ҳаракатнинг Хоразм, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳудудий бўлинмалари тақдирланди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати