@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тадқиқот: мактабга қабул қилишда коррупция омилларини ўрганишга 114 та мактабдан 5 мингга яқин респондент жалб этилди

 2021-12-09 12:18:13   |     Просмотров: 3231

6 декабрь куни Антикоррупция ҳафталиги доирасида ННТ ва ОАВлар учун “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик билан ҳамкорликнинг роли” мавзусида тренинг ўтказилди. Тренинг давомида “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси тақдимот қилинди. Лойиҳа “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

2020 йил декабрь ойида ишга туширилган лойиҳа мақсади – экспертлик лабораторияларини ташкил этиш ва республика миқёсида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш, тадқиқотларга кенг жамоатчиликни жалб этиш. Тадқиқотнинг биринчи босқичи сўровнома ва интервью шаклида олиб борилди ҳамда болаларни бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи ва ҳалолликни баҳолашга қаратилди.

Тадқиқотга Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидаги 114 та мактабдан жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари жалб этилди. Апрель ойида Тошкент шаҳридаги иккита мактабда уч тоифа респондентлар ўртасида сўровлар ўтказилди. Май – июнь ойларида 14 та вилоятдаги 114 та мактабда кенгайтирилган сўровлар ўтказилди, бунда 28 та шаҳар, 31 та туман маркази, 31 та қишлоқ аҳоли пункти қамраб олинди. 

— Мазкур тадқиқот болаларни мактабга қабул қилишда коррупциявий ёки этикага зид хатти-ҳаракатларга олиб келувчи хавф-хатарлар ва омилларни баҳолаш имконини берди, — дейди “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси менежери Людмила Стайшюнайте. — Тадқиқот, шунингдек, республикамизнинг барча ҳудудларидаги респондентларга таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни айтиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар бериш имкониятини ҳам берди. Илғор глобал тажриба шуни кўрсатадики, қабул жараёнларида замонавий технологиялардан фойдаланиш, очиқ маълумотларни кенг жорий этиш тизимдаги шаффофликни оширади, коррупциявий хавфлар омилларини камайтиради.

Тадқиқот натижаларига кўра, экспертлар қуйидаги муҳим тавсияларни берди:

  • Очиқ маълумотлар ягона платформасини яратиш,  платформага халқ таълими ва мактабгача таълим секторининг барча муассасалари қамраб олинади, биринчи синфга онлайн қабул қилиш имконияти тақдим этилади, ота-оналарнинг мактабга боришига зарурат бўлмайди.
  • Ота-оналарнинг моддий ёрдамини легаллаштириш, мактабнинг молиявий ресурсларини режалаштириш ва сарфлашда маъмурият ҳамда ота оналарнинг тўлақонли иштирокини таъминлаш.
  • Қурилажак мактабларнинг бинолари лойиҳаларини режалаштириш ва жойлаштириш, ўқувчи ўринларини етарлича таъминлаш, бюджет маблағларини ажратиш ва сарфлашда шаффофлик бўлиши учун жамоатчилик билан мажбурий келишиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш.
  • Ҳалолликнинг комплекс тизимини жорий этиш, шу жумладан, тегишли қоидалар ва жараёнлар (Этика кодекси, ишга жойлашишнинг илғор этик методлари) билан мусткамлаб қўйилган касбдаги ҳалоллик нормалари ва қадриятларини амалда қўллаш.
  • Ўқувчиларнинг ота оналари билан янги платформада ишлашни ташкил қилиш, бу орқали ота-оналар ўз ўрнини, дарсларнинг этик қоидаларини, мактаб ходимларининг касбий этикасини яхшироқ тушунади ва ота оналарда тизимга нисбатан ишончсизлик бартараф этилади.
  • Қабул жараёнининг барча иштирокчилари (ХТВ, унинг бўлимлари ва мактаб ичида) учун ноҳалоллик ёки этикага зид хатти-ҳаракатлар содир этилган ҳолат ҳақида огоҳлантирувчи тизимни ҳамда бу каби ҳаракатларнинг олдини олиш, бартараф этиш мақсадида жазо қўллаш тизимини жорий этиш.

— Тадқиқот якунларига кўра, бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлган коррупциявий хавфларнинг бешта асосий омиллари ва йўналишлари аниқлаб олинди, — дея қайд этди Людмила Стайшюнайте. — Масалан, болаларни биринчи синфга қабул қилишдаги ношаффофлик қўшимча квоталарга, келгусида эса синфлар меъёридан ортиқ тўлиб кетишига олиб боради. Ота-оналар ва мактаб директорларида этикага зид ҳаракат қилиш имконияти туғилади (айтайлик, совғалар, моддий бойликлар беришга, босим ўтказишга). Мактабларда маблағ етишмаслиги таълим муассасаси маъмуриятини қўшимча молиялаштириш манбаларини излашга ундайди, ота-она/ўқитувчи/директорлар ўртасида таъсир ўтказиш ва хизмат кўрсатиш учун майдон ҳосил бўлади. Булар касбий ноҳалоллик ва коррупциявий хатти-ҳаракатга сабаб бўлади.

Респондентлар билдирган алоҳида масала бу — ўқувчиларнинг психологик етилмаганлик муаммоси. Ўқитувчилар ва директорлар болаларнинг мактабга тайёрлик даражаси етарли эмаслигини қайд этишди. Бу мактабгача ва бошланғич таълим ўртасида алоқалар жуда сустлигидан, дея баҳоланмоқда. Боғчаларнинг ҳаммасида ҳам бошланғич синфга тайёрлаш таъминланмайди, ота-оналарнинг ҳаммаси ҳам болаларини боғчага бермайди. Натижада болалар мактабга турли даражадаги тайёргарлик билан келади. Айрим ота-оналар фарзандини белгиланган ёш муддатидан олдин (етти ёшга тўлмасидан) эрта мактабга беришга уринишади.  

Мактаблар қурилишида узоқ муддатли прогнозлаштириш, режалаштириш йўқлиги мактаблар етарлича молиялаштирилмаслигига олиб келади. Ҳатто асосий техник ва санитария шароитлари, дарсликлар ва ўқув материаллари бўлмайди, синфларда ўқувчилар сони меъёридан ошиб кетади, ўқитувчилар ва маъмурият ортиқча юклама билан ишлайди, оқибатда эса таълим сифати пасаяди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан онлайн навбат тизими qabul.maktab.uz ишга туширилган бўлса-да, тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ҳар уч тоифа ва ҳудудлар кесимидаги респондентларни бу тизим қониқтирмайди. Ҳамон мактабларда ўқувчи ўрни етишмайди, чунки, квоталар ва квоталар бўйича ўринлар ҳисоби олинганда синф хоналарининг, мактабларнинг сиғими ва инфратузилмаси, демографик жиҳатлар инобатга олинмайди. Таълим муассасаларининг инфратузилмаси масаласи ўқитувчилар қолдирган изоҳлар орасида маош масаласидан кейин иккинчи ўринда турибди.

Мактабга қабул қилишда мактаб ходимларининг касбий ҳалоллиги ва ота-оналарнинг этик хатти-ҳаракатлари ҳақида сўралганда, таҳлиллар бу борада ота-оналарнинг ҳужжатлар топшириш жараёнларидан хабардорлигини, фарзандлари дарсларни ўзлаштиришида уларнинг масъулиятини  ошириш зарурияти борлиги маълум бўлди.   

Ўқитувчи ўқувчига яхши муносабатда бўлиши учун қандай таъсир ўтказиш мумкин, деган саволга сўралган ота-оналарнинг ярмидан кўпи (57%и) “синф ва мактаб ҳаётида фаол иштирок этиш орқали” дея жавоб берган. 12 фоизга яқини ота-она ўқитувчи/директорга ўзларининг мансабдор дўстлари/қариндошлари орқали ва яна шунча фоизи пул бериш, хизмат кўрсатиш орқали таъсир ўтказиш мумкин, деб ҳисоблайди.  

Ота-оталарнинг бир қисми (2,6%и) мактаб директори ва ўқитувчига халқ таълими бошқармаларининг юқори лавозимдаги шахслари томонидан норасмий босим ўтказиш имкониятларини қолдирмаслик ҳақида тўхталди. 1,5 фоиз ота-оналар коррупцияни юқори турувчи органларнинг ўзида йўқ қилиш керак, деб ҳисоблайди. 5 фоизга яқини ўқитувчи ва мактаб маъмуриятининг этик хатти-ҳаракатлари қоидаларини ҳамда уни бузган тақдирда жазо қўллаш кафолатларини жорий қилишни тавсия этган.   

— Таъкидлаш ўринлики, катталарнинг, шу жумладан ота-оналарнинг  этикага зид хатти-ҳаракатлари болалар хотирасида муҳрланиб қолиши мумкин. Улар болаликдан ўқитувчига совға бериш эвазига яхши баҳо олишни, бошқа/яхшироқ синфга ўтиш учун директорга таъсир ўтказишни нормал ҳолат ва амалиёт деб қабул қила бошлайди, — дейди Людмила Стайшюнайте. — Бу эса ҳозирда ва эртага коррупция хавф-хатарлари ва ноҳаллоликни бартараф этишни сезиларли даражада қийинлаштиради ҳамда ўқитувчи мақомини туширади. Биз ўтказган бундай тадқиқотлар қарор қабул қиладиган давлат органларига жамоатчиликнинг ҳаққоний овозини етказишга ёрдам беради, уларга ҳақиқий  манзарани кўриш ва барини жой-жойига қўйишга имкон яратади. Тадқиқот давомида шакллантирилган механизм ва методологиядан бошқа соҳаларда ҳам коррупция хавфини баҳолашда фойдаланиш мумкин.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати