@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Бобур Бекмуродов: Марказий Осиё давлатлари интеграциясида сифатли экспертлик кўмаги билан таъминлашнинг энг яхши механизмларидан бири минтақадаги “ақл марказлари” салоҳиятидан фойдаланишдир

 2021-11-25 16:23:08   |     Просмотров: 2065

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов 24 ноябрь куни Олмаотада ўтказилаётган “Марказий Осиёда Innovation for Change: таҳлил марказларининг ривожланиши, минтақавий инновацион ташаббуслар, “Asia”+Talks” минтақавий форуми очилишида иштирок этиб, сўзга чиқди.

Форум Қозоғистоннинг “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциациси ва Innovation for Change фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича глобал ташаббуслар томонидан ташкил этилди. Унда Марказий Осиё, Лотин Америкаси, Россия, Швеция, Германиядан 400 дан зиёд иштирокчилар ва халқаро экспертлар гибрид форматда бир “майдон”га тўпланди. Мақсад – фуқаролик жамияти етакчилари, амалиётчи тадқиқотчилар ва таҳлилчиларнинг билим алмашиши, тақдимотлар, ташаббуслар, тадқиқот лойиҳалари натижаларини муҳокама қилиш, шунингдек, Марказий Осиё “ақл марказлари”нинг таҳлилий салоҳиятини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, уларни энг яхши сиёсий қарорларни ишлаб чиқишга жалб қилиш учун интерактив платформа тақдим этиш.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов нутқи давомида Ўзбекистонда “ақл марказлари”нинг бугунги ҳолати ва минтақа даражасида ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазалари ҳамда таклифлари билан ўртоқлашди. Даставвал, Ҳаракат ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар кўмагида 12 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё “ақл марказлари” минтақавий форумига тўхталиб ўтди. Олмаотадаги мазкур форум эса минтақадаги  фуқаролик жамияти институтлари ва “ақл марказлари” ўртасида яқин ҳамкорликка бўлган интилиш, ўзаро тажриба алмашишга қаратилган ҳаракатларнинг нақадар кучли эканлигидан далолат беришини таъкидлади.

— Бугун Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзгаришлар барча жабҳаларни: давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа, хавфсизлик, ташқи сиёсатни қамраб олган. Сўнгги беш йилда минглаб норматив ҳужжатлар, шу жумладан юзлаб янги қонунлар қабул қилинди ва амалдагиларга ўзгартишлар киритилди. Бундай шароитда мамлакатда таҳлилни ривожлантириш масаласи шунчаки устувор вазифа эмас, балки заруратдир, - деди Б.Бекмуродов.

Шу боис Ўзбекистон раҳбарияти қарорлар қабул қилишда инклюзивликни таъминлаш учун мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари академик ҳамжамиятини кенг жалб этишга, давлат институтларининг мавжуд таҳлилий салоҳиятидан (бугунги кунда уларнинг сони 30 дан ортиқ), шунингдек, нодавлат “ақл марказлари” салоҳиятидан имкон қадар фойдаланишга эътибор қаратмоқда. Бундан ташқари, юқори стандартларга ва замонавий тенденцияларга мувофиқ бўлиш учун тайёр таҳлилий ҳужжатлардан, халқаро ва хорижий институтлар тавсияларидан фойдаланилмоқда.

Бу жараёнларда “Юксалиш” ҳаракати ҳукумат ва нодавлат таҳлил секторлари ўртасида муҳим мулоқот “кўприги” сифатида хизмат қилмоқда. Хусусан, нодавлат институтлар ва парламент аъзолари иштирокида аҳамиятга эга тадқиқот натижаларини тақдим этиб келмоқда. Ҳаракат 2022 йилдан бошлаб ҳар чоракда халқаро ва хорижий институтлар, “ақл марказлари”нинг Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид тавсияларини эълон қилиб, парламентга, ҳукуматга ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларига юборишни режалаштирган. Бундай ёндашув қарор қабул қилувчиларга ҳар доим муқобил қарашларга эга бўлган ғоялар базасига эга бўлиш имконини беради.

Б.Бекмуродовнинг фикрича, минтақа тараққиёти шароитида турли масалалар бўйича экспертларнинг фикр ва хулосалари муҳим аҳамиятга эга. Минтақадаги интеграция ва яқинлашув жараёнлари янги кун тартибини шакллантирмоқда. Ҳукуматлар, парламентлар ва бошқа тузилмалар томонидан минтақавий ҳамкорликни, ҳатто муайян тармоқни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқишда мутахассислар кўмаги зарур. Бу борадаги энг яхши имкониятлардан бири Марказий Осиёда фаолият юритаётган “ақл марказлари” салоҳиятидан фойдаланишдир.  

— Минтақа “ақл марказлари”нинг интеллектуал тармоқларини яратиш ҳақида ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ. Биз минтақадаги муҳим тадқиқотлар натижаларини барча учун тушунарли тилда акс эттирувчи ягона электрон каталог яратиш тарафдоримиз. Бунда долзарб вазифалардан бири минтақавий даражадаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини жорий этишдир, - дея қайд этди Ҳаракат раиси.

Олмаотадаги Форум дастуридан ялпи мажлислар, кичик гуруҳларда интерфаол муҳокамалар, маҳорат дарслари ҳам ўрин олган. Марказий Осиё минтақасидаги фуқаролик жамияти экспертлари Talks форматида “Ижтимоий инновациялар”, “Фуқаролик жамияти учун қулай муҳит яратиш”, "Марказий Осиё мамлакатларига геосиёсат ва инвестициялар таъсири” мавзуларида олиб борган тадқиқот натижалари, тўплаган тажрибалари ҳақида сўз юритади.

Минтақавий форум ўз ишини 27 ноябрга қадар давом эттиради.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати