@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Бир миллион дарахт” акцияси эстафетасини Тошкент шаҳри қабул қилиб олди

 2021-11-13 12:34:28   |     Просмотров: 1464

Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳа доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.  “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда дарахтлар сонини оширишга қаратилган бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Шу мақсадда республикамиз ҳудудларида “Бир миллион дарахт” акциясини ўтказди.

Маълумот учун: 2019 йилнинг октябрь ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати республика бўйлаб “Бир миллион дарахт” акциясини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. Ўша йилнинг кузида Ўзбекистоннинг 8 та ҳудудида жами 1 652 113 туп дарахт кўчати экилган бўлса, 2020 йилнинг баҳорида акция республикамизнинг 12 та ҳудудини қамраб олди ва турли соҳа ва ёш вакиллари – фаол фуқаролар, хайрли ишга ҳисса қўшишни истаганлар икки ҳафта давомида 2 125 225 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишди. Шу тариқа 2019—2020 йилда республика бўйлаб жами 3 млн 800 минг тупга яқин дарахт кўчатлари экилиб, яшилликни яратишга ҳисса қўшилди.

Жорий йилнинг 5 ноябридан 12 ноябрига қадар республикамиз ҳудудларида “Бир миллион дарахт” акцияси ташкил этилди. Акцияга  Хоразм вилоятининг Урганч туманида старт берилди. Сўнг Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида, Фарғона вилоятининг Бағдод туманида, Наманган вилоятининг Наманган шаҳрда, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида давом эттирилди. Шу тариқа акция давомида “Юксалиш” ҳаракатининг ҳудудий бўлинмалари, ҳокимликлар, ташкилотлар ҳамкорлигида 25 мингга яқин турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

13 ноябрь куни акция эстафетасини Тошкент шаҳри қабул қилиб олди. Яшнобод туманидаги Болалар миллий тиббиёт маркази ҳудудида 400 туп турли дарахт кўчатлари экилди.

Бу гал ушбу хайрли ишга "Ezgu amal" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ҳамда Huawei компанияси қўшилди. Шунингдек, тадбиркорлар – "DIMAX Бизнес маркази" ва "SUPER GOOD OIL" МЧЖ  томонидан ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.  

Дарахтлар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади.

Маълумотга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 трлн атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда.  

Шу йилнинг 30-31 октябрида Римда ўтказилган G20 саммитда дарахтлар иқлим ўзгариши билан курашишда асосий воситалардан бири эканлиги қайд этилди. Саммитга аъзо давлатлар 2030 йилгача Ер юзида 1 триллионта дарахт экишни мақсад қилди. Ушбу мақсад саммит доирасида имзоланган якуний декларацияда кўрсатилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жамоаси ушбу масалаларда ўрмон хўжалиги мутахассисларини, эксперт-экологларни жалб қилишга, умуман бунга илмий ёндашишга чақиради. Зеро, ниҳол экилишида ҳудуд иқлимини, тупроғини ҳисобга олиш, сўнг унга доимий парвариш, суғориш талаб этилади.

Ҳатто битта дарахт ҳам аҳамиятга эга. Тоза ҳаво учун дарахт экинг! 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати