@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Икки мамлакатнинг етакчи ННТлари минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

 2021-10-28 20:52:50   |     Просмотров: 3778

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Словениянинг “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти директори Мьюша Север ҳамда ташкилотнинг Тошкентдаги офиси раҳбари Петра Горьюп билан учрашув ўтказди.

Учрашувда ҳамкорларга Ҳаракатнинг минтақавий даражага чиқиш, ҳудудлараро муаммоларни муҳокама қилиш, мулоқотни йўлга қўйиш, ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш ва минтақавий чақириқларга жавоблар ишлаб чиқиш учун қўшни давлатларнинг “ақл марказлари” тармоғини яратиш режалари билан таништирилди. Шунингдек, келгусида “ННТ мактаби”га Марказий Осиё давлатларининг фуқаролик жамияти институтларини ҳам қамраб олиш кўзда тутилган. Бугунги кунгача ҳар чоракда “ННТ мактаби”ни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 60 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ва фаоллари ўқув машғулотларида қатнашиб, малакаларини оширди. Ҳаракат раисининг фикрича, қўшни давлатларнинг нодавлат секторлари вакиллари учун ҳам тренинглар ташкил этиш мақсадга мувофиқ, бунда улар нафақат малака ошириш, балки янада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба ва ташаббуслари билан бўлишиш имкониятига эга бўлади.

“Минтақавий мулоқот” ХНТ раҳбари Мьюша Север “Юксалиш” УМҲнинг ушбу режаларини олқишлаб, уларнинг долзарблиги ва минтақадаги ҳозирги воқеликка мослигини қайд этди. Мавжуд муаммоларни фақатгина биргаликдаги ҳамкорлик ва мулоқот орқали ҳал этиш мумкин, бунда ҳар бир давлатнинг долзарб масалалар бўйича минтақадаги позициясидан хабардорлигини ошириш, ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим.

М.Север, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги, айниқса, қўшни Афғонистонга нисбатан етакчилик мавқеи, салоҳиятини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида жиддий саъй-ҳаракатларни амалга ошириб, яхши қўшничилик муносабатларига содиқликнинг ҳақиқий намунасини кўрсата олди.

“Шу нуқтаи назардан, қўшнилар учун ҳам долзарб бўлган гендер масаласига эътибор қаратишни муҳим, деб ҳисоблайман. Эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар яратиш учун минтақанинг барча давлатлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш талаб этилади. Бунда “Юксалиш” ҳаракати ҳам ёшларни бирлаштириш, ёшлар лойиҳаларини амалга оширишда тажрибага эга бўлган бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари сингари минтақавий муаммоларни, хусусан, Афғонистондаги гуманитар муаммоларни ҳал этишга катта ҳисса қўшиши мумкин”, - дейди М.Север.

Бобур Бекмуродовнинг қўшимча қилишича, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан янги авлод лидерларини тайёрлаш бўйича “Марказий Осиёнинг ёш сиёсатчилари” грант дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Унинг таркибига давлат ташкилотларининг ёш ходимлари, парламент депутатлари, маҳаллий ҳокимлик органлари вакиллари киради. Бу минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада оширишга, шунингдек, дастур бўлажак етакчиларни тайёрлаш босқичидаёқ лидерлар билан дўстлашишига ёрдам беради.

Бизнинг маълумот: “Минтақавий мулоқот” – Словениядаги халқаро нодавлат ташкилоти бўлиб, унинг филиали Ўзбекистонда 2011 йилдан буён фаолият кўрсатади. Ташкилот фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва давлат органлари билан фаол ҳамкорлик қилади. Сўнгги икки йилда “Минтақавий мулоқот”нинг дастурлари суд-ҳуқуқ тизими, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларини қамраб олмоқда ҳамда ҳукуматлар, ОАВ ва фуқаролик жамияти ўртасида алоқа ўрнатишга кўмаклашмоқда. Ушбу халқаро ташкилот ҳамда “Юксалиш” УМҲ 2020 йилда ўзаро ҳамкорлик қила бошлади ва ҳозирда иккита қўшма лойиҳани амалга оширмоқда. Булар: “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини ташкил этиш” ва “Ўзбекистонда демократия” ойлик ахборот бюллетени.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати