@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган жамоатчилик назорати натижалари: аввалги йилларга нисбатан давлат дастурларининг ижросида қатор ижобий омиллар кузатилмоқда

 2019-05-03 16:19:36   |     Просмотров: 6161

Шу йилнинг 1-2 май кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Қорқалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Ташрифдан асосий мақсад — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Қорақалпоғистон жамоатчилиги учун тақдимотини ўтказиш, фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ўрганиш, шунингдек, давлат ва инвестиция дастури ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини амалга оширишдир.

Ташриф доирасида ҳамкор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан республиканинг Чимбой тумани “Қора кол” ОФЙда ташкил этилган этнографик овул фаолияти, жумладан, маҳаллий ҳунармандларга яратилаётган шарт-шароитлар билан танишилди. Ҳунармандларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоатчилик институти механизмлари, жумладан, грант ва беғараз ёрдамларни жалб қилиш зарурати қайд этилди.

Шундан сўнг фуқароларнинг бандлишини таъминлаш мақсадида Чимбой иқтисодиёт коллежи ҳудудида ташкил этилаётган Этнографик марказ фаолияти билан ҳам танишилди.

Шунингдек, ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда Чимбой туманида инвестиция ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ижроси жамоатчилик мониторинги нуқтаи назаридан ўрганилди.

Маълум бўлишича, Чимбой туманида ижтимоий инфратузилма объектларини, ичимлик суви тармоқларини, йўлларни қуриш ва таъмирлаш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, уларнинг атрофини ободонлаштириш долзарб аҳамиятга эга.

Умуман, аввалги йилларга қараганда бу йилги дастурларнинг ижросини таъминлашда қатор ижобий омиллар кўзга ташланди. Жумладан, маҳаллий бюджети даромадидан ортган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси тасарруфида қолдирилгани ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш, қолаверса, одамларнинг кундалик турмушини яхшилаш йўлида тезкор қарорлар қабул қилиш имконини бермоқда.

Маълум бўлишича, Чимбой тумани маркази 60 фоизи ичимлик суви билан таъминланган, белгиланган дастурларнинг амалга оширилиши натижасида бу кўрсаткич 70-80 фоизга етади. Чимбой туманида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, “Қоракўл” МФЙ Ж. Ҳамидуллаев кўчасида сув тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 588,7 млн сўм ажратилган, 30 фоиз молиялаштирилган, ишларнинг эса 64 фоизи бажарилган. Бундан ташқари, ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун “Бердах” ОФЙ да 361.0 млн. сўмлик , “Пашентау” ОФЙда 238.0 млн. сўмлик, "Қызыл ўзек" ОФЙда 295.0 млн сўмлик, “Таза жол” ОФЙда 195.0 млн. суўмлик, “Бахытлы” ОФЙда 282.0 млн. сўмлик ишларни амалга ошириш белгиланган.

“Шахтемир” ОФЙ Гагарин, Абдураимов, Ш. Рашидов кўчаларида жойлашган 7, 17, 9, 2, 52-уйлар олдида болалари майдончалари барпо этишга 302. млн сўм ажратиш кўзда тутилган. Айни пайтда мазкур уйларнинг томларини таъмирлаш учун 537.0 млн сўм ажратилган. 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида «Бердақ» ва «Жипек жўли» кўчаларида аҳоли учун 2,9 км ичимлик суви қувури тортилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Шахтемир” ОФЙдаги Гагарин, Ш. Рашидов кўчаларидаги 2 қаватли кўп хонадонли уйларнинг томини ёпиш ва болалар майдончасини қуриш учун ажратилган маблағлар бўйича ишлар суст бораётганини аниқлади. Уйларда ичимлик суви йўқ, канализация тармоғи ишдан чиққан, одамлар ташқарида жойлашган санузеллардан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари суст бораётгани ҳам одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаяпти. Чунки таъмирлаш ишлари билан шуғулланаётган қурилиш ташкилотида бор-йўғи 7 нафар ишчи бор. Бу эса белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳал қилиш имконини бермаяпти.

Қ. Абдураимов кўчасидаги 2-уй ХУЖМШ банкдан кредит олиб, бинони таъмирлаган, лекин уйнинг атрофи аянчли аҳволга келиб қолган, ўша уйларда яшаётган 16 та хўжалик ташқарида, уй олдида тахтадан ясалган ҳожатхоналардан фойдаланмоқда, уларнинг атрофи ҳам абгор ҳолатга келиб қолган. Мазкур уйнинг олдида поликлиника бор, барча чиқиндиларни, жумладан, ишлатилган тиббиёт воситаларини уйнинг олдида ёқмоқда, атрофда яшовчи аҳоли эса бундан жуда ҳам норози.

Чимбой туманидаги 7-мактабга 2473 млн сўм ажратиш кўзда тутилган, бироқ мактабнинг янги биноси қурилишига 1212,6 млн сўм ажратилган. Шундай бўлса-да, мактабнинг мавжуд биноси ҳам капитал таъмирлашга муҳтож. Бу ишларга маблағ ажратилмаган. Маълум бўлишича, 1980 йилда қурилган мактаб биноси шундан бери умуман капитал таъмирдан чиқарилмаган.

1 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар залида мажлис бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ. Сариев олиб борди.

Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, унга аъзо бўлиш тартиби ҳамда тақдим этилаётган кичик грантлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши манфаатдор вазирлик ва идоралари Давлат дастури, инвестиция дастурлари ижросидан жамоатчилик ҳисобот бериб, бажарилаётган ишлар, муаммо ва камчиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ажратилаётган маблағларни тўлиқ ва мақсадли ўзлаштириш зарурлиги, бу тадбирларда жамоатчилик, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам фаол иштирок этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида иштирок этиб, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларига грант сертификатлари тантанали топширилди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати