@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Аҳолининг ижтимоий ҳимояси: долзарб масалалар” мавзусида Ҳукумат вакиллари билан мулоқот

 2021-10-21 21:29:00   |     Просмотров: 1936

Жорий йилнинг 21 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЎЭОВМА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорликда ташкил этган Халқаро медиа-холлда “Аҳолининг ижтимоий ҳимояси: долзарб масалалар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири Абдухаким Хаджибаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаев ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова иштирок этди.

Ижтимоий ҳимоя аҳолига кафолатланган даромад ва ижтимоий хизматларни олиш учун шароит яратади ва иқтисодий имкониятлардан фойдаланиш имкониятларини оширади. Республикамизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишини янада яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ҳукумат вакиллари сўнгги беш йилдаги ўзгаришлар, ютуқлар ва келгуси режаларга тўхталиб ўтди.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод МУСАЕВ Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш ва эмлаш чора-тадбирлари ҳақида гапирди:

— 2020 йилда коронавирус биз учун янгилик эди. Унга қарши курашишда билимимиз етмади. Хориждан мутахассисларни таклиф қилиб, ўргандик, тажриба орттирдик. Бу йил ёзда касалликка чалинишнинг иккинчи тўлқини кузатилди, тайёргарлигимиз бўлгани учун енгиб ўтиш осонроқ бўлди. Асосийси, Ўзбекистон ҳалқи, фуқаролари тушиниб етдики, бу бало ҳали тез кетадиган эмас, коронaвирусга қарши курашишнинг бирдан бир оқилона йўли аҳолини оммавий эмлаш. ЖССТ томонидан тасдиқланган вакциналарнинг  барча тури олиб келинди. Ҳозир қайси поликлиникага борманг, бир неча турдаги вакцинанинг исталгани билан бепул эмланиш мумкин. Республика бўйича 3 600 дан ортиқ эмлаш пунктлари шакллантирилди. Мамлакатимизда ихтиёрий равишда вакцина оладиган 12 ёшдан юқори болалардан ташқари, 21 млндан  зиёд юртдошимиз эмланиши кўзда тутилган. Ҳозиргача шулардан 60 фоизи вакцинанинг биринчи дозасини олди. Йил якунигача бу кўрсаткични 80 фоизга етказмоқчимиз. Агарда аҳолининг 70 фоизгача қатлами тўлиқ эмаланган бўлса, бу коронавирусга қарши оммавий иммунитет пайдо бўлади, деганидир.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари мактабгача таълим, халқ таълимига қамровнинг оширилиши, 2030 йилгача аҳолини ижтимоий ҳимоя Миллий стратегияси лойиҳаси бўйича маълумот берди. Ҳозирда ушбу лойиҳа вазирликлар ва идоралари, илмий муассасалари, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким ҲОЖИБОЕВ Ўзбекистон тиббиётида туб бурилиш ясаган ислоҳотларнинг энг муҳим натижалари ҳақида сўзлади.

Вазирнинг қайд этишича, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш натижасида самарасиз, моддий техника базаси ночор бўлган 3 мингдан ортиқ ҚВП ўрнида 2 мингта поликлиника ва оила шифокорлик пунктлари ташкил этилиб, аҳолини ўзи яшаш манзилларида оила шифокорлар томонидан тўлиқ бепул амбулатор тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланди. 2016 йилда тармоқда бор-йўғи 24 та реанимобиль хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда улар сони 435 тага етказилган. Аста-секин тез тиббий ёрдам хизматида “Дамас” русумли автомобиллардан бутунлай воз кечиш режалаштирилмоқда. Тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун 2016 йилда 500 сўмдан маблағ ажратилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 6500 сўмни ташкил этмоқда. Қолаверса, “Тез ёрдам” шохобчалари сони ўтган беш йилда 800 тадан 1 минг 666 тага етказилди. Тез тиббий ёрдам бригадалари сони эса 1 минг 890 тадан, 2 минг 842 тага оширилди.

— Кейинги йиллардаги энг муҳим ислоҳотлардан яна бири – инсон аъзолари трансплантацияси амалиёти жорий этилиши бўлди. Ўтган 5 йилда 700 дан ортиқ буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра операциялари муваффақиятли ўтказилиши натижасида фуқароларимизнинг чет давлатлардаги клиникаларга чиқиши кескин камайди. 2016 йилгача юрак соҳасидаги мураккаб операциялар фақатгина Тошкент шаҳрида амалга оширилган бўлса, бугунги кунда бутун республика бўйича 12 та ҳудудда рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган. 10 та вилоятда эса очиқ кардиохирургик операциялар ўтказилмоқда, - деди вазир.

2017—2021 йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича ҳам қатор ўзгаришлар юз берди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим ХУСАНОВ тўхталиб ўтди.

Вазирнинг сўзларига кўра, меҳнат органларида жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Беш йил мобайнида 1 млн 407 минг нафар ишсизлар  доимий иш ўринларига ишга жойлаштирилди. Ишга жойлаштирилган фуқароларнинг 340 минг нафари хизмат кўрсатиш ва сервисда, 180 минг нафари халқ таълими ва соғликни сақлашда, 302 минг нафари саноатда, 175 минг нафари қишлоқ хўжалигида ва 423 минг нафари иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида  бандлиги таъминланди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш йўлга қўйилди, ўтган йилларда 1 млн 370 мингга яқин ишсизлар жамоат ишларига жалб қилиниб, Жамоат ишлари жамғармасидан салкам 1,3 трлн сўмга яқин маблағлар  молиялаштириб берилди.

Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида 16 та “Ишга марҳамат” мономарказлари, 59 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда республиканинг 136 та маҳаллаларида касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди.

2019—2021  йиллар мобайнида ишсизлик нафақаси миқдори уч бараварга оширилди. 261 минг фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Гулнора МАЪРУФОВА аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда маҳалла тизимининг роли ҳақида гапирди.

— Ҳозирда Ўзбекистонда 9 255 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият олиб боряпти. Маҳаллани ижтимоий вазирликка тенглаштириш ҳам мумкин. Улар айниқса, пандемия пайтида аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишда, озиқ-овқат билан таъминлашда катта роль ўйнади. Вазирлигимиз “Аёллар дафтари”ни шакллантиришга масъул бўлди, натижада 6,5 млн оилага кириб чиқдик. 9 та тоифа бўйича қийналган, муҳтож 800 мингдан ортиқ аёл дафтарга киритилди. 21 100 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган бола мавжуд ёлғиз аёлларга 18 млрд 228 млн сўм миқдорида моддий ёрдамлар ажратилди.

         Кимлар камбағал ҳисобланади? Мамлакатимизда камбағалликка қарши курашиш бўйича нима ишлар қилинди? Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Саидқаҳҳор ХОЛХЎЖАЕВ қайд этишича, амалиётга “минимал истеъмол ҳаражати” тушунчаси киритилди. Унга кўра, инсоннинг моддий ва номоддий хизматлардан, яъни ҳам озиқ-овқат, ҳам хизмат турларидан фойдаланиш даражаси белгиланган. Ушбу даражадан кам истеъмол қиладиган қатлам камбағал ҳисобланади.

— Камбағалликка қарши курашиш бўйича катта тажрибага эга бўлган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Пандемия даврида “Темир дафтар” жорий этилди. Унга 600 мингдан ортиқ доимий даромад манбаини йўқотган, ишсиз оилалар киритилди. Бугунга келиб 500 мингдан ортиғига ёрдам кўрсатилган, доимий даромад манбалари билан таъминланган. Бу етарли эмас, уларни кредитлар орқали молиявий қўллаб-қувватлаш, касбга ўқитиш, руҳий мадад бериш каби ишлар давом эттирилади.  Уч йил давомида 23 трлнга яқин оиалвий тадбиркорлик дастури бўйича кредитлар ажратилди. Сўнгги беш йилда 5 трлн сўм миқдорида ижтимоий нафақа ва ёрдам пуллари берилди. Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори 5 баробарга оширилиб, 822 минг сўм бўлди. Камбағалликдан чиқаришнинг энг асосий омили бу – аҳоли жон бошига нисбатан ЯИМ миқдорини ошириш. Бунинг учун давлат иқтисодий ривожланиши керак, оддий айтганда, давлат қанчалик бой бўлса, аҳоли ҳам бой бўлади ва ёки аҳоли қанчалик бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади, - дейди С.Холхўжаев.

Келгусида 2030 йилгача аҳоли жон бошига ЯИМ суммасини 4 минг АҚШ долларидан ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларининг 17 йўналиши бўйича аҳоли турмушини яхшилаш кўзда тутилган.

Мулоқот сўнггида спикерлар журналистлар саволларига жавоб берди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати