@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қашқадарёда 118 та эҳтиёжманд фуқарога пул тарқатилди. Европа Иттифоқидан моддий кўмак олганлар 350 нафарга етди

 2021-10-20 16:41:06   |     Просмотров: 1283

Жорий йилнинг 18-19 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Қарши ҳамда Чироқчи туманларида яшовчи 118 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога Европа Иттифоқи томонидан ажратилган моддий ёрдам маблағлари тарқатилди. Ушбу тадбирлар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати амалга ошираётган лойиҳа доирасида ўтказилди.

Коронавирус пандемияси аҳолининг заиф қатламларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Жорий қилинган карантин чоралари, айниқса, даромади паст, боқувчисини йўқотган оилалар, қаровчиси бўлмаган ёлғиз қариялар, беморлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини янада заифлаштирди. Ҳукумат томонидан ана шундай муҳтож қатламларни моддий қўллаб-қувватлаш, пандемия оқибатларини юмшатиш борасида амалий чоралар кўрилди: аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларига нафақа тайинлангани, 400 мингдан кўпроқ оилаларга республика бюджетидан бир марталик пул маблағлари ажратилгани бунга мисол.

Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан шу йилнинг апрель ойида “COVID-19 пандемиясининг Ўзбекистон фуқаролик жамиятига таъсирини камайтириш дастури” ишга туширилди. Бу билан мамлакатимизда гуманитар, тиббий, ижтимоий ва иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этишда ҳукуматга кўмаклашиш кўзда тутилган. Мазкур Дастур доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантиришга кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш” лойиҳасини йўлга қўйди. Мақсад – маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш, маҳаллий кичик инфратузилмани тиклаш ва яхшилаш бўйича инклюзив ёндашувларни амалга оширишдан иборат.

Қарши ва Чироқчи туманларида ташкил этилган тадбирларда шу вақтга қадар лойиҳа доирасида қилинган ишлар тақдимот қилинди. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳанинг учинчи босқичи жорий йилнинг август ойида Қашқадарё вилоятида ўтказилди. Лойиҳа мезонларидан келиб чиқиб, вилоятнинг Қарши туманидан — “Қоратепа” ва “Сарой” МФЙлари; Чироқчи туманидан — “Тор жилға” ва “Эски Анҳор” МФЙлари танлаб олинди. Ушбу МФЙларда яшовчи боқувчисини йўқотган кўп болали аёллар, 1-гуруҳ ногиронлари, 65 ёшдан ошган ёлғиз кексалар, эҳтиёжанд оилалар рўйхати фуқароларнинг ўзлари иштирокида шакллантирилди. Фуқаролар иштирокида инфратузилма муаммолари ҳам аниқлаб олинди. Бу борада асосий муаммо — электр устунларининг эскиргани, уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани, таъмирталаб ички кўчалар, ичимлик суви танқислиги экани айтилди.

Тадбирда онлайн иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси лойиҳа менежери Александр Зенебе ушбу жараёнда нафақат фуқаролик жамияти институтлари, балки аҳолининг заиф қатлами ҳам иштирок этаётганини ижобий баҳолади.

Европа Иттифоқи коронавирус пандемияси таъсирини юмшатишга қаратилган жаҳон, мамлакатлар ва ҳудудий миқёслардаги дастурларни ишга туширган. Хусусан, Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг Ўзбекистон фуқаролик жамиятига таъсирини камайтиришга оид дастур учун қарийб 37 млн евро ажратилган. Бунда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларнинг салоҳиятини ўстириш, аҳоли фаровонлигини ошириш кўзда тутилган. Дастур доирасидаги маҳаллий лойиҳаларда нафақат фуқаролик жамияти институтлари, балки аҳолининг заиф қатлами ҳам иштирок этиб, қарорлар қабул қилаётгани бизни мамнун қилади, - дейди А.Зенебе.

Икки кун давомида эҳтиёжманд деб топилган 118 нафар фуқарога пул маблағлари (пластик картада 3 687 900 сўмдан) ҳамда сертификат топширилди. Шу тариқа Қарши туманидан 60 киши, Чироқчи туманидан 58 киши моддий ёрдам олди.

Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига биринчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси, “Маdad” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда акция ташкил этилди. Унда Қарши ва Чироқчи туманларининг ҳуқуқий маслаҳат бюролари мутахассислари томонидан фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Қайд этиш керак, лойиҳа доирасида ўтган беш ой мобайнида Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги жами 12 та чекка маҳаллалардаги 350 та эҳтиёжманд оилага пул маблағи тарқатилди. Олдинда яна шунча маҳалланинг кичик инфратузилмасини такомиллаштириш режалаштирилган. Бунда энг биринчи галда зарур деб топилган масалалар маҳаллий ҳокимлик, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ҳал қилинади.

Шунингдек, ўрганилган ҳудудлардаги Оилавий шифокорлик пунктлари ва Қишлоқ врачлик пунктларини зарур тиббий воситалар билан таъминлашга кўмаклашиш ҳам кўзда тутилган. Эълон қилинган тендер натижасига мувофиқ, харид ишлари якунига етгач, тиббий воситалар манзилларига етказилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати