@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати эълон қилган танловлар ғолибларини тақдирлади

 2021-10-20 09:21:12   |     Просмотров: 2454

19 октябрь куни Халқаро медиа-холлда пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклаш бўйича ёш архитектор-дизайнерлар учун танлов ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган #MenUchunQadrli флешмоб-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 


Тадбирда жамоат ва давлат арбоблари, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Қайд этилгандек, “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ўз фаолиятида аҳоли билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, шу жумладан, жамоатчиликни турли даражадаги қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилиш, жамият ва давлатни янада ривожлантириш ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Биргина мисол — “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббусидир. Бу маҳаллий архитектор ва лойиҳачилар бирлашмаси бўлиб, ташаббуснинг мақсади — ёш архитектор мутахассисларининг фикрини, соҳага тегишли  ислоҳотларини илгари суриш ва илғор ғоялар, лойиҳаларни тарғиб қилишдир. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати маҳаллий архитектор-лойиҳаловчилар рўйхатдан ўтиши учун очиқ платформани ҳам ишга туширган.


20 апрелда Халқаро ёдгорликлар ва обидалар кунига бағишлаб ижтимоий тармоқларда флешмоб эълон қилинди. Флешмобга қўшилиш учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз саҳифаларида #ShaharsozlikTolqini #ГрадостроительнаяВолна хештегларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг обидалари, тарихий бинолари муҳрланган сурат/видеоларни жойлаштириши лозим эди. Ўзига хос “челленж” доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 60дан зиёд тарихий объектлар тақдим этилди. Махсус шакллантирилган Ҳайъат келажак лойиҳалар учун манзил бўла оладиган 3 та объектни танлаб олди. Булар: Тошкент шаҳридаги Ал-Хоразмий майдони, Самарқанд шаҳридаги чашма, Навоий вилояти Кармана туманидаги Мирзачорбоғ саройи. 

Ободонлаштириш учун биринчи манзил сифатида пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий майдони танланди. 


4 июнь куни “Юксалиш” УМҲ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши ва Ўзбекистон экологик қурилиш кенгаши билан биргаликда Хоразмий майдонини реконструкция қилиш бўйича ёш архитектор-дизайнерлар учун танлов эълон қилинди. Иштирокчилардан майдоннинг ўзига хослигини ва экинларини сақлаб қолган ҳолда ландшафт дизайни концепциясини таклиф қилиш талаб этилган эди.


Танлов натижаларига кўра, Тошкентдаги Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклаш учун ўтказилган танловда “Insard Architects” архитектура бюроси (1-ўрин, 10 млн сўм), “МАДО” архитекторлар гуруҳи (2-ўрин, 3 млн сўм), Миракбар Жўраев (3-ўрин, 2 млн сўм) ғолиб деб топилди. Бугун тақдирлаш маросимида уларга сертификат ва пул мукофотлари топширилди.


Шунингдек, бугун Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган #MenUchunQadrli флешмоб-танлови ғолиблари ҳам тақдирланди. Ушбу флешмоб-танлови 2019 йилдан бошлаб анъанавий равишда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Мустақиллик куни арафасида ўтказилади. Танловда байрам арафасида юртдошларимизга бир-бирини табриклаш, атрофдагиларга яхши кайфият улашиш ҳамда Ватан қанчалик азиз ва у билан боғлиқ лаҳзалар қадрли эканини билдиришга имкон бериш мақсади кўзланган.


Ушбу флешмоб-танловда ёшидан, фаолият туридан қатъи назар барча юртдошларимиз ҳамда хориждаги ватандошларимиз иштирок этишади. Улар ижтимоий тармоқ (Facebook, Instagram)лардаги ўз саҳифаларига Ўзбекистон билан боғлиқ энг қадрли хотиралари, таассуротлари, тарихий бино, жой ёки буюм, қизиқарли воқеа, қўлга киритилган ютуқлар, яқинлари ва яна бошқа турли воқеа ва ҳодисалар акс этган сурат ёки видеоларни жойлаштириб боради. Уларнинг барчасини #MenUchunQadrli, #Ценю хештеглари бирлаштиради.


Жорий йилда бир ҳафта давомида танлов иштирокчилари Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мингга яқин сурат ва видеоларни жойлаштирди. Уч нафар ғолиб тасодифий сонлар генератори ёрдамида аниқланди. Улар Елена Калинина (@elen.ka.906), Салима Ражабова (@rajabova_salima) ва Наргиза Юнусова (@nargiza.yunusova1). Ғолибларга 19 октябрь куни қимматбаҳо совғалар ва дипломлар топширилди.


Эслатиб ўтамиз, Халқаро медиа-холл “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган.

 


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати