@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Андижонда 72 та маҳалла фуқаролар йиғини инфратузилмаси ривожлантирилади

 2021-10-12 11:05:00   |     Просмотров: 102

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Франциянинг "Техник ҳамкорлик ва тараққиёт" агентлиги (ACTED) бошчилигидаги Канаданинг Халқаро сув котибияти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт” маркази иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 183.6 млн АҚШ доллари бўлиб, уни Жаҳон банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки молиялаштиради.

Лойиҳа доирасида 2021-2024 йилларда республикамиздаги 5 та вилоятда жойлашган 306 та, шу жумладан Андижон вилояти бўйича 72 та МФЙ инфратузилмаси ривожлантирилиши кўзда тутилган. Ҳозирда Булоқбоши ва Марҳамат туманларида иккитадан МФЙда сафарбарлик ишлари якунига етказилиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича сублойиҳалар тасдиқланди.

Сублойиҳалар ижтимоий объектлар, сув, электр энергия тизимлари ва ички йўлларни таъмирлаш каби маҳалла аҳолиси учун муҳим бўлган инфратузилма объектларига қаратилди. Хусусан, Булоқбоши туманидаги "Сойбўйи" ва "Ёрбоши" ҳамда Марҳамат тумани "Қорабоғиш" МФЙларида ички йўлларни асфальтлаш, Марҳаматдаги "Тош йўли" МФЙда эса ичимлик суви таъминотини яхшилаш (янги сув тизимлари тортиш ва сув қудуқларини қазиш) сублойиҳалари аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан танлаб олинди. Агарда, ажратилган маблағлар энг муҳим деб топилган сублойиҳадан ортиб қолса, иккинчи даражали муҳим бўлган сублойиҳани амалга ошириш учун йўналтирилади.

Маҳаллаларга маблағларни йўналтиришда ҳам ўзига хос усулдан фойдаланилган бўлиб, маҳаллада доимий яшовчи ҳар бир фуқаро учун 124 АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратилиши белгиланган. Жумладан, Булоқбоши туманидаги "Сойбўйи" МФЙга 389 484, "Ёрбоши" МФЙга 390 600, Марҳамат туманидаги "Тош йўли" МФЙга 344 845, "Қорабоғиш" МФЙга эса 276 520 АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади - юртимиздаги МФЙларнинг инфратузилмасини ривожлантириш баробарида, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда иштирокини таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш институти фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувни амалга ошириш бўйича салоҳиятини ошириш.

Аҳамиятли жиҳати, лойиҳа танлаб олинган МФЙларда “қуйидан юқорига” тамойили асосида амалга оширилиб, махсус тайёргарликдан ўтган қишлоқ фасилитаторлари ҳамда муҳандислари гуруҳлари МФЙ фуқароларини салоҳиятини ошириш ва ҳудуд инфратузилмасидаги бўшлиқларни тўлдириш бўйича тренинглар олиб боради. МФЙлардан танлаб олинган вакиллар ўз МФЙлари инфратузилмасидаги бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича кўплаб сублойиҳаларни шакллантиради ва улар орасида энг муҳимини кетма-кетлик асосида танлайди. Умумий қилиб айтганда, барча муҳим масалалар маҳалла аҳли томонидан ҳал этилади ва ишлар маҳалла вакилларидан иборат мониторинг гуруҳи томонидан назорат қилиб борилади.