@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Халқаро сайлов тизимлари фонди вакиллари билан учрашув

 2021-10-12 12:23:33   |     Просмотров: 108

Жорий йилнинг 11 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мутахассислари Халқаро сайлов тизимлари фонди (IFES) вакиллари Энтони Бойер ва Тамар Жвания билан учрашув ўтказди. Мақсад – ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Томонлар бир-бирларига ўз ташкилотлари, унинг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, IFES’нинг Европа ва Евроосиё бўйича бошқарув дастурлари бош менежери Энтони Бойер, фонднинг асосий фаолияти ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, майда миллатларнинг сайловларда иштирок этиш имкониятлари, шароитларини яхшилашга қаратилганини қайд этди.

Сайлов жараёнларида жамиятнинг барча гуруҳлари иштирок этсагина демократик институтлар гуллаб-яшнайди, - дейди Энтони Бойер. — Халқаро сайлов тизимлари фонди коррупцияга қарши курашиш, ҳукуматлар, демократик институтлар, суд тизимлари, фуқаролик жамияти, хусусий секторлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳисобдорлик маданиятини мустаҳкамлаш учун кенг кўламдаги ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиб келади.   

Халқаро сайлов тизимлари фонди Ўзбекистонда иккита янги лойиҳани йўлга қўймоқда. Лойиҳа Ҳаракатлар стратегияси ҳамда давлат дастурлари доирасида демократия ва бошқарувни ривожлантиришга, ҳозирги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, - дейди Фонднинг Европа ва Евроосиё бўйича бошқарув дастурлари бош менежери Тамар Жвания.

Бундан ташқари, Фонднинг ҳуқуқий маданият ва ёшлар саводхонлигини оширишга қаратилган лойиҳалари ҳам мавжуд. Фонд 20 йилдан буён турли долзарб мавзуларда болалар ўқув оромгоҳларини, болалар ва ёшларни ҳуқуқлари, мажбуриятлари, қонунчилик билан таништириш мақсадида фуқароликшунослик курсларини ташкил этиб келади.

“Юксалиш” УМҲ вакиллари меҳмонларни фаолият йўналишлари ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан таништирди. Ҳаракатнинг бошқарма бошлиғи Улуғбек Муҳаммадиев бошқа давлатларнинг ёшлар парламентидаги энг яхши тажрибалардан фойдаланган ҳолда, Фонднинг ўқув оромгоҳларини Ўзбекистон ёшлар парламенти билан бирлаштириш таклифини билдирди. Шунингдек, сайловчилар, хусусан, ёшлар хорижий мамлакатларнинг сайлов тажрибасидан ҳам хабардор бўлиши, сайловлар ва номзодлар ҳақида мустақил фикрни шакллантириш имконига эга бўлиши кераклиги таъкидланди. Бу борада барча олий таълим муассасаларида халқаро сайлов ҳуқуқи бўйича қисқа курсларни ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Учрашув якунида ҳар икки томон учун манфаатли ва истиқболли йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Маълумот учун: Халқаро сайлов тизимлари фонди (IFES) — халқаро нодавлат ташкилоти, унга 1987 йилда асос солинган. Янги ва ривожланаётган демократияларда сайловлар бўйича кўмак кўрсатувчи Фонд айни пайтда Осиё-Тинч океани ҳудудларида, Африка, Евроосиё ва Шимолий Америка каби 20 дан зиёд мамлакатларда дастурларни амалга оширмоқда. Дастурлар сайлов комиссиялари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, сайловчилар билан ҳамкорлик, уларнинг рўйхатга олиниши, сайлов хавфсизлигини таъминлаш, яширин овоз бериш ва сайлов иштирокчилари учун тенг шароитлар сингари масалаларга йўналтирилган.

Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати