@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича томонлар анжуманида илк бор Марказий Осиё павильони пайдо бўлади

 2021-10-08 18:46:49   |     Просмотров: 124

8 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Буюк Британиятнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот ҳамда Европа, Марказий Осиё, Туркия ва Эрон ҳудудларида Иқлим ўзгариши бўйича томонларнинг анжумани (COP26) минтақавий элчиси Дэвид Моран билан учрашди.

Учрашувда иқлим ўзгариши муаммоларини ечишда, унинг оқибатларини юмшатишда жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки жиҳатлари муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, жорий йилнинг ноябрь ойида Глазго шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича томонларнинг 26-анжумани бўлиб ўтади. Анжуманда 30 мингдан ортиқ делегатлар, шу жумладан давлат раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва компаниялари иштирок этиши, улар иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирувчи ҳаракатларни келишиб олиши кутилмоқда. Қайд этилишича, бундай нуфузли анжуманда биринчи марта Марказий Осиё павильони пайдо бўлади.

— Иқлим ўзгаришига қарши курашишда ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг самараси кўп томонлама фуқаролик жамияти фаоллигига боғлиқ, - дейди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот. — Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ишлаётган Иқтисодий ривожланиш дастури бу – ҳамкорлигимизнинг бир қисми, холос. Асосий эътибор фуқаролик жамиятининг салоҳиятини илгари суриш ва ундан фойдаланишга, шу жумладан ҳукумат билан мулоқотни давом эттиришга, иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича саъй-ҳаракатларимизни баҳолаш ва мустаҳкамлашга қаратилмоқда.

Иқлим ўзгариши бўйича томонларнинг анжумани (COP26)  минтақавий элчиси Дэвид Моран таъкидлашича, асосий вазифалар қаторида Глазгодаги анжуманда фуқаролик жамиятининг роли ва позициясини намоён этиш турибди. Бунда у “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг қўллаб-қувватлашига ишонади.

— “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ислоҳотларни, шу жумладан иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва мослашиш масалаларини илгари суришда фуқароларни кенг жалб қилишга ва фаоллигини оширишга интилиб келади, - дейди “Юксалиш” УМҲ раиси Бобур Бекмуродов. — Шу муносабат билан "Green Uzbekistan” стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. У ўзида сиёсий ва норматив чора-тадбирлар мажмуи, бу соҳадаги энг яхши тажриба ва ташаббусларни илгари сурадиган, ихтисослаштирилган фуқаролик жамияти ташкилотларининг салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли ўртасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини қамрайди.

Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати