@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Булоқбоши туманида

 2021-09-30 09:32:25   |     Просмотров: 3414

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2020-2024 йилларда “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мазкур лойиҳада кўмакчи ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Андижон вилояти Булоқбоши туманида "Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида туман ишчи гуруҳини тузиш ҳамда "Қишлоқ тараққиёт режаси"да кўрсатилган сублойиҳаларни тасдиқлаш мақсадида йиғилиш ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосарлари, Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи вакиллари, Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED) бошчилигидаги кўмакчи ҳамкорлар – “Юксалиш” УМҲ, “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази ходимлари,  масъул ташкилот ҳамда корхона раҳбарлари қатнашди.

Йиғилганларга дастлаб лойиҳа тақдимот қилинди, сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4898-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ишчи гуруҳи тузилди.

Шунингдек, Сойбўйи МФЙда тузилган “Маҳалла тараққиёти” гуруҳи раиси ва қишлоқ фасилитатори томонидан лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилди. Аҳолини лойиҳада иштирок этишга ижтимоий сафарбарлик қилингани, аҳоли билан биргаликда маҳалла манба хариталари чизилгани ва аниқлаб олинган инфратузилма муаммолари қайд этилди.  

“Қишлоқ тараққиёт режаси” муҳокамасидан сўнг, билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида аҳоли томонидан танланган энг долзарб сублойиҳа – ички йўлларни асфальтлаш тасдиқланди ва Лойиҳани амалга ошириш гуруҳига тақдим этиш учун тавсия этилди.

Маълумот учун, мазкур лойиҳада Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг 21 та туманидаги 300 дан ортиқ қишлоқлар иштирок этиб, мазкур аҳоли пунктларида асосий ижтимоий инфратузилма сифатини яхшилаш учун маблағ олиш имкониятига эга бўлади.

Лойиҳанинг жами қиймати 183,6 млн АҚШ долларини ташкил этади. Бунда Жаҳон банки 100 млн АҚШ доллари, Осиё инфратузилма инвестициялари банки 82 млн АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари, Ўзбекистон ҳукумати 1,6 млн АҚШ доллари ажратган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмат