@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистоннинг уч вилоятидаги жамоатчилик кенгашлари вакиллари қарорлар қабул қилишга фуқароларни жалб қилиш бўйича Грузия тажрибасини ўрганиб қайтди

 2021-09-13 22:10:40   |     Просмотров: 202

Жорий йилнинг 3—10 сентябрь кунлари "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов бошчилигидаги делегация илғор тажриба ва инновациялар, иштирок этиш ва жамоатчилик назоратининг инклюзив тизимлари билан тажриба алмашиш учун Грузияда бўлди.

Делегация таркибидан Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари, Фарғона вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, Президент Администрацияси вакиллари, Қонунчилик палатаси депутатлари, лойиҳа координаторлари жой олди. Улар Грузияда мавжуд маҳаллий бошқарув тизимини ўрганишга, чет эллик ҳамкасблари билан ўз тажрибаларини алмашишга муваффақ бўлишди. Ўқув сафари жамоатчиликни, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик кенгашларини маҳаллий даражадаги ташаббус ва қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилиш механизмлари ва воситаларини ўрганиш учун қулай имконият бўлди.

Сафар доирасида Грузия парламенти депутатлари, муниципалитетлари ва жамоат тузилмалари билан бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Жумладан, Грузия маҳаллий ҳокимликлар миллий ассоциацияси (NALAG) билан ўтган учрашувда ўзбекистонлик делегация аъзолари фуқаролик жамияти ташкилотларининг маҳаллий ҳокимликлар билан ўзаро тажрибаси, маслаҳат кенгашларнинг фаолияти ҳамда қарорлар қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирок этиш жиҳатлари билан танишди. Музокаралар натижасида “Юксалиш” УМҲ ҳамда NALAG ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Грузия шаҳарлари ўртасида қардошлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ахборот эркинлигини ривожлантириш институти (IDFI) вакиллари билан учрашувда Грузияда маҳаллий ҳокимлик органларининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар, жамоатчилик мониторингининг усуллари ва механизмлари, шу жумладан давлат харидлари жараёнини муҳокама қилишди. Томонлар ўзаро алоқаларни икки мамлакатнинг "ақл марказлари" сифатида давом эттиришга келишиб олди.

Делегациянинг навбатдаги учрашуви “Civitas Georgica” нодавлат ташкилоти раҳбарлари билан ўтказилди. Унда жамоатчилик иштироки ва жамоатчилик назорати механизмлари, амалий тадқиқотлар ўтказиш методологияси муҳокама қилинди. Батуми ва Ахалцихе каби муваффақиятли муниципалитетларнинг веб-сайтлари мисолида аҳолининг қарорлар қабул қилиш ва бюджетлаштириш жараёнларида иштирок этиш даражаси таҳлил қилинди.

Шунингдек, сафар доирасида мамлакат парламенти аъзолари, Грузия Минтақавий ривожланиш ва инфратузилма вазирлиги мутахассислари, Тбилиси шаҳар кенгаши вакиллари, Телави ва Марнеули муниципалитетлари раҳбарлари билан учрашувлар, шунингдек, Кавказ тадқиқот ресурс маркази экспертлари билан онлайн мулоқотлар ташкил қилинди.

Ўқув сафари давомида олинган билим ва кўникмалар Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимлик органлари вакилларига манфаатдор томонлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш, тарғибот ва ҳамкорлик механизмларини яратиш, шу жумладан тренинг ва семинарлар ўтказиш орқали ёрдам беради.

   Мазкур ўқув сафари "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED, Франция)нинг Ўзбекистондаги филиали ҳамда Европа иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимлик органлари ўртасидаги инновациялар ва ҳамкорлик орқали шаффоф ва инклюзив бошқарувга эришиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати