Ўзбекистон ўзининг янги қиёфаси билан хушхабарчига айланди
Мен 2003 йилдан буён Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида қатнашиб келмоқдаман. 2016 йилнинг сентябрида президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев: "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак", деган тарихий сўзларни айтган ҳаяжонли лаҳзаларни яхши эслайман.
Мен Словенияда туғилганман. Бу икки миллион аҳоли ва узоқ тарихга эга мамлакат. 30 йил олдин менинг юртим ҳам кўп миллатли коммунистик федерациядан ажралиб мустақилликка эришди. Эҳтимол, мен, бошқаларга нисбатан янги мустақил давлат олдида нақадар оғир мерос турганлигини яхшироқ тушунаман. Миллатлараро коммунистик экспериментнинг қулаши натижасида юзага келган урушнинг кўламини бошдан кечириб, мен тинчлик ва барқарорликни инсон ҳаётининг энг асосий ҳуқуқи сифатида қадрлашни ва ҳурмат қилишни ўргандим.
Эҳтимол, ҳарбий тўқнашув натижасида минглаб одамлар ҳалок бўлганига гувоҳ бўлганимда, менинг мамлакатимда содир бўлган фожиани чуқур ҳис қилганим Ўзбекистонда ишлаган илк йиллардаги умидсизликларни енгиб ўтишимга ёрдам берди. Сўнгги йилларда гувоҳи бўлганим - собиқ Югославиянинг парчаланиши, бунга халқаро ҳамжамиятнинг тўлиқ тушунмовчилиги менинг Ўзбекистонда ишлаган биринчи йиллар тажрибамни эслатди.
Кенг жамоатчилик ва демократик тузумга эга ривожланган мамлакатларнинг аҳолиси эркинлик сари йўл қанчалик қийин эканлигини унутишга мойилдирлар. Улар кўпинча ўз жамиятини барқарорлаштириш учун асрлар керак бўлганини унутишади ва бу йўналишдаги ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Агар давлатни бошидан яратиш керак бўлса, иқтисодиёт, ташқи сиёсат, молия ва солиқ хизматларини бошқариш тажрибаси йўқлиги ва энг муҳими, ўз халқининг асосий эҳтиёжларини қондириш учун ресурслар етишмаганда, вазифа янада қийинлашади. Ижтимоий ва сиёсий мавҳумлик ортидан юзага келувчи хаос ва тартибсизлик қаршисидаги қўрқув собиқ сиёсий ҳокимият вакилларига эски даврда орттирилган кўникмалари эвазига барчасини назоратга олиш имконини беради, яъни сўз ва уюшиш эркинлигини бостириш, шахсий ҳуқуқларга тўсқинлик қилиш ва уларни коллективизмнинг олий ҳокимиятига бўйсундиришга йўл очади.
Шундай қилиб, Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг давлат органлари халққа хизмат қилиши керак деган илк оммавий баёноти мамлакат учун янги даврнинг ваъдаси эди. Қарийб 35 миллион аҳолига эга бўлган, уларнинг 65 фоизини 35 ёшгача бўлган Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида геостратегик ўринни эгаллайди. Қўшнилар орасида энг аҳолиси зич бўлиши билан бирга, у Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги кесишиш нуқтаси ҳисобланади. Мамлакат ўзининг минг йиллик тарихи давомида турли хил маданий хусусиятларни бирлаштирган ҳолда шаклланган.
Бизнинг ташкилотнинг вазифалари ва фаолияти орасида қонун устуворлиги ва ҳуқуқий таълим бор, улар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш кафолатларини кучайтириш ва давлат тизимида адолат ва ошкораликни таъминлашга қаратилган энг долзарб устуворликлар асосида баҳоланади.
Давлат раҳбарининг 2016 йил сентябрь ва октябрь ойларида қабул қилган қарорлари бизда катта таассурот қолдирди. Шундай қилиб, ҳужжатлардан бирига кўра, Миллий хавфсизлик хизмати бутунлай қайта тузилган, иккинчи ҳужжатда суд тизимини тубдан ислоҳ қилиш кўзда тутилган. Ўтмишга назар ташласак, тан олишимиз керак, охирги беш йил ичида кўп ишлар қилинди. Аммо бу йўналишдаги ўзгаришлар давом этмоқда.
Кўпроқ шаффофлик, кўпроқ оқловлар ва қамоққа олиш истаги йўқ, лекин даъвогарларни яхши ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳалигача ҳал қилинмаган. Маълумки, суд тизимини ўзгартириш узоқ жараёндир, бу ҳар қандай жамият ва соғлом сиёсий ривожланиш учун энг қийин, аммо барибир ўта муҳим муаммолардан биридир. Суд ҳокимиятининг ўтиши мустақиллик эълон қилиниши ва тизим ўзгариши билан бир қадамда амалга ошмайди. Кейинги изчил такомиллаштириш, шу жумладан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларини тегишли равишда қайта кўриб чиқиш лозим.
Мен Ўзбекистонда судяларни дастлабки 5 йиллик муддатга, сўнгра 10 йиллик муддатга ва кейинчалик муддатсиз даврга тайинлашнинг янги тартиби ва муддатларини жорий этиш ҳақидаги қарорни олқишлайман. Албатта, ҳозирча бу жараён идеалдан узоқдир, лекин бу, шубҳасиз, ўтиш даври учун энг яхши ечим.
Давлат хизматларида бюрократияни бартараф этилиши ва очиқликни таъминланиши фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш учун асос яратди. Давлат томонидан қўлланиладиган репрессив кучнинг йўқ қилиниши янги рағбат пайдо қилди, айниқса, иқтидорли ёш мутахассисларга туртки берди. Хусусий оммавий ахборот воситаларининг тўсатдан жадал ривожланиши аудитория учун рақобатни келтириб чиқарди. Бу, шунингдек, давлат оммавий ахборот воситаларини маҳаллий ва хорижий аудиторияга ўз вақтида ва тезроқ маълумот беришга ундади. Ўтмишда сукут сақлашни афзал кўрган мамлакатнинг кўплаб мутахассислари маҳаллий ва халқаро ҳамжамият билан гаплаша бошладилар, Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси ва келажакда қандай бўлиши кераклиги тўғрисида сўз юрита бошладилар. Дастлабки ўн йилликда халқаро майдонда ёмон обрўсини яхшилаш учун курашган Ўзбекистон эндиликда асосий "ҳуқуқбузар давлатлардан" бири эмас. Аксинча, Ўзбекистон ўзининг янги қиёфаси билан, бугунги кунда жаҳон сарлавҳаларида хушхабарлар билан танилмоқда ва бу ҳолат мамлакатнинг ижобий аҳамиятини янада оширади.
Бу, эҳтимол, Президент Мирзиёев ва унинг жамоасидаги ажойиб дипломатларнинг энг катта ютуғидир. Улар ташқи сиёсатга мутлақо янги ёндашувни олиб келишди, ушбу ёндашув ички сиёсатда ва аҳоли орасида кенг қўлланилмоқда. Трансформацион жараёнлар халқаро сиёсат ва муносабатларга мутлақо янги нафас олиб келди. Ўзбекистоннинг дастлабки йигирма йилликдаги қўшни республикаларга нисбатан деярли такаббурона, кўпинча душманлик ва изоляция даври билан солиштирганда, Ўзбекистон уларга мутлақо янгича муносабат билан юзланди.
Мамлакат халқаро ҳамжамиятга тўрт йўналишда ҳам – шарқ, ғарб, шимол – айниқса, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш ташаббусида фаол позиция намойиш этди. Ва бу халқаро эътирофга лойиқдир. Камдан-кам давлатларгина бу каби қисқа вақт ичида халқаро рейтингларда бундай мавқега эга бўлишган. Таъкидлаш лозимки, дунёни фалаж қилган ҳолда инқироз шароитида мамлакатларни ички масалалар билан шуғулланишга мажбур қилаётган глобал пандемияга қарамай, бу фаолият давом эттирилмоқда.
Энг қийин вазифалардан бири - нафақат сиёсий, балки чуқур ижтимоий ва маданий ислоҳотларни ҳам талаб қилувчи коррупцияни йўқ қилиш қарори бўлди. Президент қарорлари илк қадам бўлгани ҳолда, унинг ортидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича жадал кампания ўтказилди. Энди ҳамма давлат раҳбарининг ушбу фармонлари ва қарорлари парламентнинг иккала палатаси кўмагида қонунларда мужассам бўлишини кутмоқда. Мамлакат фуқаролари ва жаҳон ҳамжамияти барча уч ҳокимият вакиллари томонидан шаффофлик ва даромадлар декларацияси жорий этилишини кутишмоқда. Бу одамларнинг ҳукуматга ишончини оширишнинг асосий омилларидан бири, давлат раҳбарининг пухта ўйланган сиёсати ортида ҳақиқий ирода борлигининг исботидир.
Агар бундай ҳаракатлар сиёсий ва халқ қўллаб-қувватлови билан давом эттирилса, бу иқтисодиётни мустаҳкамлаш, соғлом инвестицияларни жалб қилиш, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовутни бартараф этиш, Ўзбекистоннинг нафақат табиий балки, барча ресурсларидан янада оқилона фойдаланишда янги даврни очади.
Чунки, ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам энг муҳим ресурс бу одамлар - эркаклар ва аёллар, ёшу қарилар. Ва улар ўзларининг истеъдодлари ва салоҳиятларини тўлиқ ишга солиш, ўз мамлакатларини, ўз юртларини жасорат билан порлоқ келажак сари етаклаш учун энг яхши имконият ва қўлловларга муносибдир.
Ўзбекистон сен қўшниларинг ва халқаро ҳамжамиятга кераксан! Ҳаракатда давом эт ва учинчи Уйғониш даврига тамал тошини қўй - келгуси ўн йилликда омад тилайман!
Мьюша Север,
“Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти директори (Словения).