@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Хелена Фрейзер "Юксалиш" умуммиллий ҳаракатининг фахрий аъзоси бўлди

 2021-07-22 12:42:36   |     Просмотров: 830

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер 2021 йил 22 июль куни мамлакатимиздаги миссиясини якунлади. 1 сентябрдан Фрейзер хоним БМТнинг Дастурлар ва сиёсат бошқармаси раҳбари, БМТнинг 132 мамлакатдаги агентликлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича директор ўринбосари сифатида янги лавозимга киришади (БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб квартирасида).

   Хелена Фрейзер 2017—2021 йилларда Ўзбекистондаги фаолияти давомида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондининг ташкилотчилари қаторида бўлди. Хусусан, у БМТнинг юқори даражадаги расмийлари ва донор давлатлар вакиллари иштирокида Фондни расмий равишда ишга туширилишида муҳим рол ўйнади. Тўрт йил давомида Фонд Европа Иттифоқи, Корея ва Финляндиянинг 20 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағларини жалб қила олди.

   Хелена Фрейзер, шунингдек, БМТ тизимларининг Ўзбекистондаги конструктив иштирокини кенгайтиришга кўмаклашди, жумладан, унинг кўмагида Қочқинлар бўйича Олий Комиссарнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қайта фаолият бошлади, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди ҳамда Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтказилди.
 
   Фрейзер хоним мамлакатимиздаги фаолияти мобайнида Ўзбекистоннинг ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари, ёшлар сиёсати, гендер тенглик, сўз эркинлиги ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш масалаларини такомиллаштириш бўйича илгари сурган ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлади.

   Хелена Фрейзер "Юксалиш" умуммиллий ҳаракатининг фахрий аъзоси бўлди ва унга аъзолик сертификати тақдим этилди. Ҳаракат жамоаси Фрейзер хонимга самарали ҳамкорлик қилгани, кўплаб ғоя ва ташаббусларни, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдиради, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилайди!

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати