@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик мониторинги: Тошкент вилоятида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликка қаратилган 1 500 та лойиҳа кўзда тутилган

 2021-07-10 10:03:00   |     Просмотров: 636

Жорий йилнинг 1 – 9 июль кунлари 2021 йил Давлат дастурининг 129-бандининг Тошкент вилоятидаги ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди.

Тошкент вилояти аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришга қаратилган 1 500 та янги лойиҳаларни ишга тушириш назарда тутилади.

Давлат дастурининг 129-банди ижроси юзасидан, вилоятда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш, наслчилик ишлари ҳамда ветеринария хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва чорвачилик махсулотларини саноат усулида ишлаб чиқаришни кўпайтириш масаласи Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича вилоят комиссиясининг йиғилишида кўриб чиқилган эди. Шу асосда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришга қаратилган 208 та лойиҳани амалга ошириш маъқулланган. Шундан 108 лойиҳа қорамолчилик, 47 та лойиҳа қўй – эчкичилик, 4 та лойиҳа йилқичилик, 20 та лойиҳа паррандачилик, 21 та лойиҳа балиқчилик, 4 та лойиҳа асаларичилик, 4 та лойиҳа қуёнчилик соҳаларини қамраб олган. Шунингдек, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 4 198 та янги бўш иш ўринлари яратиш мақсад қилиб олинган.

Жамоатчилик назорати тартибида ўтказилган жамоатчилик мониторинги ўрганишларида ҳудудда амалга оширилиши керак бўлган 208 та лойиҳадан ҳозирги кунда 56 та лойиҳа амалиётга тадбиқ этилганлиги маълум бўлди. Бу борада йил давомида амалга оширилиши керак бўлган ишларнинг, ўтган олти ой мобайнида 27 фоизи амалга оширилганлигини кўришимиз мумкин.

Соҳалар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, чорвачилик соҳасида амалга оширилиши керак бўлган 108 та лойиҳанинг ҳозирда 31 таси, қўй – эчкичилик соҳасида 47 лойиҳадан 6 таси, йилқичиликда 4 тадан 2 та, паррандачиликда 20 тадан 6 та, балиқчиликда 21 тадан 6 та, асаларичиликда 4 тадан 4 та, қуёнчиликда 4 тадан 1 та лойиҳа амалга оширилган.

Бу борада олиб борилаётган ишлар натижасида яратилиши лозим бўлган 4198 та янги бўш иш ўринларидан атиги 201 та бўш иш ўрин яратилган. Бу, ўз навбатида, 5 фоиз ишлар амалга оширилганлигини ифодалайди.

Тошкент вилоятида бу борада йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган 208 та лойиҳадан ўтган 6 ой давомида 56 таси амалга оширилишида баъзи ҳудудлар сусткашликка йўл қўйиб, бу борадаги фаолиятларини баҳолаш имконияти йўқ. Жумладан, Бекобод туманида қорамолчилик соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган 4 та лойиҳа ва паррандачилик соҳасидаги 2 та лойиҳа, жами бу борадаги 6 та лойиҳадан биттасиям амалиётга тадбиқ этилмаган. Оққўрғон туманида қорамолчилик соҳасида 5 та, қўй – эчкичилик своҳасида 1 та лойиҳа йил давомида амалга оширилиши назарда тутилган, лекин шу бугунги кунга қадар бирорта лойиҳа амалга оширилмаган. Бўстонлиқ туманида йил давомида амалгаи оширилиши лозим бўлган қорамолчилик, қўй – эчкичилик, паррандачилик ва қуёнчилик соҳаларидаги 6 та лойиҳадан биронтасиям амалга оширилган эмас.

Ўз навбатида ҳудудда амалга оширилиш керак бўлган 208 та лойиҳанинг тенг ярми, 104 та лойиҳа битта туман зиммасига тушганлиги бу борадаги вилоят кўрсаткичи ушбу туман фаолиятига қарамликни келтириб чиқармоқда. Оҳангарон туманида амалга оширилиши лозим бўлган 104 та лойиҳадан шу бугунга қадар 19 та лойиҳагина амалга оширилган.

Ҳудудда амалга оширилган 56 та лойиҳа жойига чиқиб ўрганилганда, уларда ер майдонлари етишмаслик муаммоси мавжудлиги аниқланди. Масалан, Ўрта Чирчиқ туманидаги "Тилла тухум" МЧЖда дон маҳсулотлари бўйича муаммолар мавжудлиги, агар 20 гектар ер ажратиб берилса, озуқа масаласи ҳал бўлиши айтилди. Янгийўл туманидаги "Хоразм бизнес голд" МЧЖда ҳам шундай муаммо мавжуд бўлиб, чорвачилик учун ер майдони етишмайди.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан банкдан кредитлар олишда қийинчиликлар мавжудлиги, озуқа – ем маҳсулотларини биржа орқали олиш уларга қимматга тушаётганлиги сабабли биржа тизимини қайта тартибга солиш таклифлари билдирилди.

Умуман, 2021 йил Давлат дастурининг 129-бандинг Тошкент вилоятидаги ижросини қониқарли баҳолаш мумкин, вилоят ҳокимлиги ва бошқа бошқарув органларининг тадбиркорларга яратиб берган шароитлари шундай дейишимизга асос бўла олади. Кўзда тутилган бошқа лойиҳаларнинг тўлиқ бажарилишига ҳали муддат бор.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент вилояти бўлинмаси