@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат дастурининг Нуробод туманидаги ижроси мониторинг қилинди

 2021-06-24 21:33:00   |     Просмотров: 2043

Жорий йилнинг 22 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси томонидан 2021 йил Давлат дастури (108-банди), Президентнинг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш вазифаларининг Нуробод туманидаги ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ташкил қилинди.

Давлат раҳбарининг жорий йил 2 мартдаги ПҚ-5048-сонли қарорига мувофиқ, Нуробод туманидаги “Шарқ юлдузи” ва “Нурбулоқ” маҳаллалари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ободонлаштирилиши белгиланган. Хусусан, бугунги кунга қадар “Шарқ юлдузи” МФЙда қуйидаги ишлар амалга оширилган:

  • Дастур доирасида 2,3 км асфальт ётқизиш ишлари тўлиқ бажарилган;
  • режа бўйича 9,4 км шағал-тош ётқизилиши лозим бўлган бўлса, амалда 22,1 км йўлга шағал-тош ётқизилган;
  • пиёдалар йўлакларини таъмирлаш режа бўйича 1,5 км, ҳозирда 0,52 км бажарилган, иш давом этмоқда;
  • ирригация тармоқларини таъмирлаш бўйича 1,5 км режа тўлиқ бажарилган, 1 та суғориш қудуғи қазиш бўйича иш тўлиқ якунланган;
  • чиқинди йиғиш контейнерлари режадаги 10 тадан 2 таси ўрнатилган;
  • тунги кўчани ёритиш устунлари режа бўйича 30 та бўлган, амалда 20 таси ўрнатилган;
  • устунларга электр кабели тортиш режаси 1,5 км бўлиб, шундан 0,5 км қисмида иш бажарилган;
  • 10 км янги ичимлик суви тармоғини қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача амалда 14 км траншия қазилган, 4 км сув тармоғи тортилган;
  • 41 дона электр таянч устунлари ўрнатиш бўйича ишлар тўлиқ бажарилган, 1,8 км электр узатиш тармоғи тўлиқ таъмирланган, шунингдек 1 дона трансформатор ўрнатиш ишлари тўлиқ бажарилган;
  • 2 км газ тармоғини ва 2 та газ тақсимлаш пунктини таъмирлаш, 84 дона суюлтирилган газ баллонини етказиб бериш ишлари тўлиқ бажарилган;
  • маҳаллада 60 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

 

Дастур доирасида “Нурбулоқ” МФЙда ҳозирга қадар қуйидаги ишлар бажарилган:

  • дастур доирасида 3,3 км асфальт ётқизиш ишлари тўлиқ бажарилган;
  • режа бўйича 10,5 км шағал-тош ётқизилиши лозим бўлган бўлса, амалда 3,5 км йўлга шағал-тош ётқизилган;
  • 1,5 км пиёдалар йўлакларини таъмирлаш режаси тўлиқ бажарилган;
  • ирригация тармоқларини таъмирлаш бўйича 1,5 км режа тўлиқ бажарилган, 1 та суғориш қудуғи қазиш бўйича иш тўлиқ якунланган;
  • чиқинди йиғиш контейнерлари режадаги 10 тадан 2 таси ўрнатилган;
  • режа бўйича 30 та тунги кўчани ёритиш устуни ўрнатилган, устунларга электр кабели тортиш режаси 1,5 км бўлиб, шу бўйича иш бажарилмоқда;
  • 4 км янги ичимлик суви тармоғини қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 3 км сув тармоғи тортилган;
  • 65 дона электр таянч устунлари ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, амалда 50 донаси ўрнатилган, 1 дона трансформатор ўрнатиш ишлари тўлиқ бажарилган, 2,9 км электр узатиш тармоғи таъмири бўйича ишлар бошланмаган;
  • 3 та газ тақсимлаш пунктини таъмирланган, 80 дона суюлтирилган газ баллонини етказиб берилган;
  • маҳалладаги 41-мактабга 80 ўринли филиал биносида ғишт териш ишлари амалга оширилмоқда.

 

Жамоатчилик мониторинги давомида аниқланган ҳамда юқоридаги иккита маҳаллага ҳам бирдай тегишли масала: иккала маҳаллада ҳам 2 тадан сув иншоотини қуриш режалаштирилган бўлса-да, бугунгача бу бўйича ишлар бошланмаган.

Таъкидлаш жоизки, туманда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кирган юқоридаги икки маҳалладан бошқа ҳудудларда ҳам инвестиция ва инфратузилма объектларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамоатчилик мониторинги давомида туман марказидаги 2-мактаб ва “Машъал” МФЙдаги 61-мактабда олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари ҳам ўрганилди.

Мониторинг давомида маълум бўлдики, “Шарқ юлдузи” ва “Нурбулоқ” маҳаллаларидан бошқа ҳудудларда асосан ички йўллар ҳамда электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Туман қурилиш бўлими мутахассисларининг фикрича, жойларда электр таъминоти бўйича олиб борилаётган ишларда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Хусусан, тумандаги 61 объектда жами 22 та янги трансформатор ўрнатиш ва 83,4 км электр узатиш тармоғини таъмирлаш (тортиш) режалаштирилган бўлса-да, йилнинг ярми ўтганига қарамай бор-йўғи 2 та ҳудудда (“Бошқудуқ” МФЙ Кўкча ТП-493 ва “Шарқ юлдузи” МФЙ ЛС-115) ишлар тўлиқ бажарилган. Ҳали иш умуман бошланмаган ҳудудлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Ушбу ҳолат юзасидан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ва туман электр таъминоти корхонаси билан келишган ҳолда жамоатчилик эшитувини ташкил этиш режалаштирилди.

Ўтказилган жамоатчилик мониторинги давомида аниқланган масалалар юзасидан туман ҳокимлиги, шунингдек, тегишлилиги бўйича вилоят ҳокимлиги ва Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига таҳлилий материал тайёрлаш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур форматда ташкил этилаётган жамоатчилик назорати тадбирлари кимнингдир камчилигини кўрсатиш ёки танқид қилиш эмас, балки қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва лозим даражада ижро этилишини таъминлашга кўмаклашиш учун барчанинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва ривожланиш жараёнларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати  Самарқанд вилоят бўлинмаси