@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Демократик жараёнларни янада жадаллаштириш йўлида

 2021-06-24 20:09:00   |     Просмотров: 1950

   Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ва ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бунда мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, кенг жамоатчиликни олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

   2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланган.

   Мазкур ҳужжат асосида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида мунтазам ахборот тақдим этиш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақтида етказиш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда.

   Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинаётган Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажарилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини олиб бориш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан мунтазам равишда ҳудудларда “жамоатчилик мониторинги”, “жамоатчилик эшитуви” каби тадбирлар ташкил этилиб борилаёталиги давлат органларининг жамоатчилик олдида ҳисобдорлик кўникмаларини шакллантиришга муносиб замин яратмоқда.

  Яқинда Президент имзолаган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон эса мамлакатимизда ривожланиб бораётган демократик жараёнларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

   Фармонга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўз ҳузурида фаолият юритувчи жамоатчилик кенгашлари билан биргаликда расмий веб-сайтларида жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари, жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар, давлат харидларини амалга оширувчи комиссиянинг тасдиқланган аъзолари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб, уларнинг ҳар чоракда янгиланиб борилишини таъминлайди.

 Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини янада ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, 2021 йил 1 октябрга қадар давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича фаолиятни тартибга солувчи, шу жумладан, мониторинг ўтказиш, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш, очиқлик индексини ҳисоблашга қаратилган Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методикаси ишлаб чиқилади.

   Қолаверса, мазкур Фармоннинг 11-бандида кўрсатилган методика асосида ҳар йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси аниқланади.

   Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда илғор демократик давлат барпо этиш, ижтимоий ҳаётимизни демократлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, улар ишининг самарадорлигини ошириш, фуқаролар ҳаётига дахлдор масалалар бўйича қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишда ушбу ҳужжат муҳим аҳамият касб этади.

Даврон Шодмонов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари