@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик эшитуви: Қашқадарёда коммунал хўжалик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар

 2021-06-20 15:47:00   |     Просмотров: 2053

Жорий йилнинг 18 июнь куни Қарши шаҳрида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Европа иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимлик органлари ўртасидаги инновациялар ва ҳамкорлик орқали шаффоф ва инклюзив бошқарувга эришиш” лойиҳаси доирасида жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат бошқаруви органларининг жойлардаги вакиллари, экспертлар, ННТлар ва ОАВлар вакиллари иштирок этган тадбирда коммунал хўжалик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

   Маълумки, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда коммунал хўжалик соҳаси, ҳусусан ичимлик суви, электр ва газ билан таъминлаш, шунингдек, канализация тизимларини ривожлантириш  кун тартибининг долзарб масалалари бўлиб қолмоқда. Аҳолини коммунал хўжалик соҳасидаги эҳтиёжини таъминлаш муаммоси Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, жумладан, Қашқадарё вилояти учун ҳам долзарбдир.

   Жамоатчилик эшитуви давомида Қашқадарё вилоятида капитал қурилиш, транспорт-коммуникациялар ва коммунал хўжалик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар юзасида вилоят ҳокимининг ўринбосари ва коммунал хўжалик соҳасига оид давлат ташкилотлари вакилларининг ҳисоботлари эшитилди.

   Хусусан, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфида бўлган 171 дона 35/110 кВ нимстанциялар, 28 326,0 км 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари, 6-10/0,4 кВ 9961 дона трансформатор пунктлари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. 2021 йил Давлат дастурининг 201-бандига мувофиқ, бюджетдан ажратилган 210,7 млрд сўм маблағ эвазига 1500,0 км 0,4 -10 кВ электр узатиш тармоқлари, 400 дона 6-10/0,4 кВ трансформатор пунктларида янги қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш ишлари бажарилади. Натижада 479 та маҳаллаларда истиқомат қилаётган 271 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчиларининг электр таъминоти яхшиланади. 1610 та хусусий ва оилавий тадбиркорларнинг электр энергиясига бўлган талаби қондирилади. Яъни электр узатиш линияларида ва трансформатор пунктларида электр энергиясини тақсимлашда унинг йўқотилиши қисқартирилади, шу билан бирга электр тармоқларига ноқонуний уланишларни олди олинади, аварияли ўчишлар сони камайишига эришилади.

   Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида  23,2 млрд сўм маблағ эвазига 210,9 км 0,4-10 кВ электр узатиш тармоқлари, 40 дона 6-10/0,4 кВ трансформатор пунктларини янги қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш ишлари бажарилади. Натижада “Обод қишлоқ” дастури доирасида 26 та маҳаллаларда ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 4 та маҳалла ҳудудида 20875 та истеъмолчилар, шундан 20152 та аҳоли ва 723 та улгурчи истеъмолчиларни электр энергия таъминоти янада яхшиланади. Яъни электр узатиш линияларида ва трансформатор пунктларида электр энергиясини тақсимлашда унинг йўқотилиши қисқартирилади, шу билан бирга электр тармоқларига ноқонуний уланишларни олди олинади, аварияли ўчишлар сони камаяди.

   Ўз навбатида жамоатчилик эшитувида аҳолига ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида “Қашқадарё сувтаъминот” МЧЖ мутасаддилари томонидан ҳам ахборот берилди. Жумладан, вилоят аҳолисининг бир суткалик сувга бўлган талаби 329 минг м3 ни ташкил этиб, бугунги кунда бир кеча-кундузда 6 та сув ишлаб чиқариш иншоотларидан 239 минг м3, Таллимаржон сув омборидан 90 минг м3 ичимлик суви ишлаб чиқарилиб истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. 2021 йил 1 апрель ҳолатида вилоятда 3 млн 316 минг нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан 37 фоизи ёки 1 млн 226 минг нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.

   Жорий йилда Қашқадарё вилоятида ичимлик сувини яхшилаш мақсадида Республика бюджетидан 432,4 млрд сўм маблағ ажратилди ёки 2009- 2016 йилларда 96,2 млрд сўм маблағ ажратилган бўлса, 2017-2020 йилда 377 млрд сўм маблағ ажратилди ёки 2019 йилга нисбатан 4,5 баравар кўп, 2017-2020 йилларга нисбатан 1,2 баравар кўп маблағ ажратилди.

   2021 йилга ажратилган маблағнинг 25 фоизи ёки 96,7 млрд сўми Қарши шаҳри учун, 10,2 фоизи 44,1 млрд сўм кўрсаткичи энг паст (0,4 %) бўлган Ғузор тумани учун йўналтирилди.

   Ушбу йўналтирилган маблағлар эвазига аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 37 фоиздан 49,9 фоизга етказилади, тармоқлардаги авария ҳолатлари икки бароварга камайтирилади, сув йўқотиш даражаси 31,1 фоиздан 30,1 фоизга етказилади, аҳолига сув бериш вақти 14-24 соатга етказилади.

   Юқоридагилардан келиб чиқиб жамоатчилик Кенгаши аъзолари томонидан вилоят аҳолисини ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлаш, унинг сифатини яхшилаш борасида мутасадди ташкилот вакилларига таклиф ва тавсиялар берилди. Хусусан, маҳаллий Кенгаш депутатларининг жойларга бориб инфраструктуравий лойиҳаларни ўганишлари муҳимлиги, уларни амалга оширилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, кичик энергосамарали лойиҳаларни қўллаб˗қувватлаш зарурлиги айтилди. Таклифлар орасида коммунал соҳага хусусий секторни фаол жалб этиш, бизнес субъектларга субсидиялар тақдим этиш ва шароитлар яратиш орқали унинг жозибадорлигини ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

   Шу билан бирга мутасаддилар томонидан тадбир давомида айтиб ўтилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар хусусида кейинги жамоатчилик эшитувида ахборот беришга келишиб олинди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қашқадарё вилояти бўлинмаси