@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Навоий вилоятида Давлат дастурлари ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги

 2021-06-25 17:11:00   |     Просмотров: 1252

23—24 июнь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда 2020—2021 йиллар Давлат дастурларининг Навоий вилоятида бажарилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ҳамда 25 июнь куни мониторинг натижалари ва амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

   Жамоатчилик назорати тадбирлари давомида Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманларида “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурининг 204, 205-бандлари бўйича белгиланган вазифалар — 2020 йилда оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш, хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар бериш орқали бандлик даражасини ошириш ишлари қай даражада сифатли бажарилганлиги ўрганилди.

   Таъкидлангандек, Давлат дастурлари доирасида ногиронлиги мавжуд, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш, ишсиз аёлларни тадбиркорликка жалб этиш орқали бандлик даражасини ошириш, камбағалликни қисқартиришда камбағаллик рўйхатидан чиқариш каби масалаларда айрим камчиликлар мавжуд. Хусусан, арзон уй-жойларни қуриш ва оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларга уй-жойлар ажратишда шаффофлик етарли даражада таъминланмаган.

   Жумладан, ўтган йилги Давлат дастурининг 204-банди бўйича “оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш” мақсадида ҳудудларда оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган арзон уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (2021 йил март ойидан — Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси) маблағлари ҳисобидан уй-жойларнинг бошланғич бадал тўловини қурилиш компанияларига ўтказиш кўзда тутилган эди.

   Мониторинг давомида ўрганилган ҳудудларда жами 22 та, жумладан, Навоий шаҳри ва Кармана туманида 6 тадан ҳамда Навбаҳор туманида 10 нафар хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилиб, 10% бошланғич бадал пуллари уларнинг номига очилган ҳисоб рақамга ўтказиб берилган бўлсада, 2020 йилда Кармана тумани ва Навоий  шаҳридаги жами 12 нафар хотин-қизлар арзон уй-жойларга кўчиб ўтган. Яъни Давлат дастурининг мазкур банди ижроси тўлиқ таъминланмаган.

   Масалан, Навбаҳор туманида 10 нафар хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида жами 171  млн сўм бошланғич бадал учун маблағлар уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилган. Аммо 2020 йилда туман ҳудудида арзон уй-жойлар қурилиши якунланмаганлиги боис, ушбу хотин-қизлар ўз вақтида уй-жойларга кўчиб ўтмаган.

   Шунингдек, мониторинг гуруҳи томонидан ўрганиш жараёнида  вилоятдаги, хусусан Кармана туманида янги қурилган уйларда, имконияти чекланган шахслар учун пандуслар ўрнатилмагани маълум бўлди. Ваҳоланки, 2020 йилда "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги, шунингдек, жорий йилда "Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида" қонунлар қабул қилинди. Яъни парламент ва ҳукумат томонидан қабул қилинган миллий ҳамда халқаро ҳуқуқ нормалари талаблари бажарилмаган.

   2020 йилги Давлат дастурининг 205-бандида хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар бериш назарда тутилган эдиМаълумотларга кўра, мониторинг ўтказилган ҳудудларда Дастурнинг мазкур банди ижросини таъминлаш мақсадида “Халқ банки” томонидан жами 42 нафар хотин-қизга 600,0 млн сўм, “Микрокредитбанк” томонидан жами 55 нафар аёлга 768,2 млн сўм, “Агробанк” томонидан жами 24 нафар аёллар учун 459,3 млн сўм кредит маблағлари ажратилган. Дастурнинг ушбу бандига мувофиқ, ишсиз хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш орқали бандлик даражасини ошириш кўзда тутилган бўлсада, айрим ҳолларда имтиёзли кредитлар аввалдан фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектларига ёки яқинлари номига ажратилган ҳолатлар мавжуд.

   Жумладан, мониторинг давомида тақдим этилган рўйхатга мувофиқ тадбиркорлардан бирига ажратилган кредит мақсадлилиги ўрганилди. Маълум бўлишича, ушбу тадбиркорлик субъекти оилавий корхона шаклида ташкил этилган бўлиб, нон ва нон маҳсулотлари пишириш ускуналарини сотиб олиш учун 30,0 млн сўм имтиёзли кредит ажратилган. Мониторинг давомида берилган саволларга тўлиқ жавоб олинмади ва ушбу тадбиркорлик субъекти оила бошлиғи томонидан юритилиши маълум қилинди. Яъни мазкур кредит ишлаб турган тадбиркорлик фаолияти учун олингани маълум бўлди.

   Яна бир тадбиркорга гўзаллик салони очиш учун тақдим этилган 30,0 млн сўмлик имтиёзли кредит мақсадлилиги ўрганилганда, ушбу кредит олдиндан фаолият юритиб келаётган тадбиркорга тақдим этилгани ойдинлашди.

   Шу билан бирга, Дастурнинг 197-бандига мувофиқ, муҳтож хотин-қизларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш ва бошқа шу каби масалаларнинг ижро ҳолати ўрганилди. Навоий вилоятида жорий йилда 11 нафар хотин-қизни операция қилиш йўли билан соғлом ҳаётга қайтариш, 460 нафар хотин-қизни реабилитация воситалари билан таъминлаш ва даволанишига кўмаклашиш режалаштирилган бўлиб, бу борада мониторинг ўтказилган ҳудудларда вазифалар режага мувофиқ амалга оширилмоқда.

   Жамоатчилик мониторинги якунлари бўйича 25 июнь куни Навоий вилоятида масъул идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирокида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. Унда мониторинг натижалари бўйича аниқланган камчиликлар муҳокама қилинди ва муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш бўйича келишиб олинди.

   Эслатиб ўтамиз, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, бу борада батафсил маълумот “Jamoatchilik.uz” платформасига жойлаштирилган. Унда Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти ҳам яратилган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати