@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жомбой ва Оқдарё туманларида ўтказилган жамоатчилик мониторинги: экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилувчилар кимни алдаяпти?

 2021-06-11 18:36:06   |   

Охирги пайтларда қишлоқ хўжалигида сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келяпмиз. Қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш, сувни тежовчи инновацион технологияларни жорий қилиш қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифага айланди.

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919 сонли қарори, шунингдек, 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155 сонли Фармонига мувофиқ тасдиқланган Давлат дастурининг 122-бандига мувофиқ, сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини кўпайтириш ҳамда сувни иқтисод қилиш технологияларини жорий этиш вазифаси белгиланган эди.

    Мазкур вазифаларнинг жойлардаги ижроси ҳолати билан танишиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси, ЎзЛиДеп депутатлик гуруҳи, жамоатчилик вакиллари ҳамда “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Жомбой ва Оқдарё туманларида жамоатчилик мониторинги тартибида ўрганишлар ўтказилди.

    Ишчи гуруҳ дастлаб Жомбой туманидаги “Оқ-Қорадарё” гидроузели ҳолати, у ерда режалаштирилган ишлар билан, шунингдек, сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш ва унга хизмат кўрсатиш фаолиятини бошлаган МЧЖ шаклидаги  “ACAR-MAK-SAN” хорижий корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Жомбой туманидаги “Мароқанд мева-сабзавот” МЧЖга қарашли 400 гектарлик интенсив боғ майдонида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати кўздан кечирилди.

    Оқдарё туманидаги “Ширинбону сабзавотлари” фермер хўжалигига тегишли пахта даласида сувни иқтисод қилиш мақсадида қўлланилаётган технологиялар ҳолати ва самарадорлиги ҳам ўрганилди.

    Ўрганиш натижаларига кўра, Оқдарё туманида муаммоли вазиятлар аниқланди. Яъни пудратчи (“Оқдарё махсус сув пудрат” МЧЖ раҳбари Валиев Собиржон Акбарович) ва 63 та фермер хўжалиги ўртасида 1080 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, ҳозирги кунда 29 та фермер хўжалигининг 558 гектар ер майдонида сувдан самарали фойдаланишни ташкил қилиш бўйича ишлар бошланган. Шундан 18 та фермер хўжалигига 391,4 гектар ер майдони учун банк томонидан 8 093 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Қолган 11 та фермер хўжалигининг 166,6 гектар ер майдони учун 4 165 млн сўм кредит маблағлари ажратиб берилмаган.

    Ишчи гуруҳининг эътиборини тортган яна бир ҳолат – Ургут тумани “Мерганча” маҳалласида аҳолига қулайлик яратиш ва уларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида қурилиб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлардан чиқаётган оқова сувлари “Янги Ургут” каналининг “Мирзақишлоқ” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига оқизилмоқда. Бу эса аҳолининг ҳақли этирозларига сабаб бўлмоқда.

    Оқова сувларининг каналга тушаётган жойига яқин ҳудудда оқова сувни тозалаш иншооти мавжуд, бироқ сув қувуридан турли чиқиндилар оқиб келаётганини кўриш мумкин. Ишчи гуруҳи келиши билан корхона ходимлари томонидан оқава сув бироз муддатга тўхтатиб қўйилди. Бироқ бу билан нимага эришиш мумкин?

    Бундан ташқари, шу яқин атрофда яна бир канализация тармоғидан оқова сувларнинг ташқарига тошиб чиқаётгани ҳам аён бўлди. Энг ачинарлиси, ушбу оқова сувлар тўғридан-тўғри тозаланмасдан “Янги Ургут” каналига оқизилмоқда.

    Маълумот ўрнида айтиш керакки, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Ургут туман инспекцияси бошлиғи томонидан “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Ургут филиали бош муҳандиси билан биргаликда мазкур сув тозалаш иншоотида ўрганиш ўтказилгани ва кузатув натижасида иншоотда носозлик ҳолати аниқланмагани, оқова сувлар тозаланиб, каналга оқизилаётгани  тўғрисида хулоса берилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси