@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик мониторинги: Наманган вилоятида Давлат дастурининг ижроси тўлиқ таъминландими?

 2021-06-11 16:07:39   |   

Жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида Наманган вилоятининг Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Чортоқ туманлари ҳамда Наманган шаҳрида жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Мониторинг гуруҳи таркибида Адлия вазирлиги, Бизнес омбудсман масъул ходимлари, ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жамоатчилик мониторинги давомида 2021 йил - “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 80 ва 197-бандлари бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, 2020 йил - “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривложлантириш йили” давлат дастурининг 204 ва 205-бандлари ижроси ўрганилди.

Жумладан, ўтган йилги Давлат дастурининг 204-банди бўйича “оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш” мақсадида ҳудудларда оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган арзон уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан уй-жойларнинг бошланғич бадал тўловини қурилиш компанияларига ўтказиш кўзда тутилган эди.

Попда хотин-қизлар учун арзон уй-жойлар қурилмаган

    Мониторинг давомида ўрганилган ҳудудларда жами 44 та, жумладан, Поп, Чуст, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида 6 тадан, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида 10 нафардан хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилиб, 10% бошланғич бадал пуллари уларнинг номига очилган ҳисоб рақамга ўтказиб берилган бўлса-да, 2020 йилда фақатгина Тўрақўрғон тумани ва Наманган  шаҳридаги жами 12 нафар хотин-қизлар арзон уй-жойларга кўчиб ўтган. Яъни Давлат дастурининг мазкур банди ижроси тўлиқ таъминланмаган. Поп туманида эса 6 нафар хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида жами 72  млн сўм (12 млн  сўмдан), яъни бошланғич бадал учун маблағлар уларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилган. Аммо 2020 йилда туман ҳудудида арзон уй-жойлар қурилмаганлиги боис, ушбу хотин-қизларга уй-жой ажратиш имкони бўлмаган.

    Шунингдек, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туманларида ўтган йили тегишли уйлар қурилган ва ажратилган бўлса-да, аммо, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан бошланғич бадал пуллари ўз вақтида ўтказиб берилмаганлиги туфайли уйларга кўчиб ўтиш имкони бўлмаган.

    Давлат дастурининг мазкур банди ижросини мониторинги давомида алоҳида эътибор қаратилган яна бир жиҳат бу — Қонунларда ва Ҳукумат қарорларида назарда тутилган талаб – ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўп қаватли арзон уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларидан хонадонлар ажратиш масаласидир. Хусусан, Наманган шаҳрида уй-жойларни ажратишда ушбу ҳолат эътибордан четда қолган, яъни ногирон фарзанди бор оилага юқори қаватдан уй ажратилган.    

    Шунингдек, мониторинг гуруҳи томонидан ўрганиш жараёнида  вилоятдаги янги қурилган уйларда имконияти чекланган шахслар учун пандуслар ўрнатилмаганлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, 2020 йилда "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги, шунингдек, яқинда "Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида" Қонунлар қабул қилинди. Бу парламент ва ҳукумат қабул қилган миллий ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига Ўзбекистоннинг риоя этиши шарт эканини англатади.

Доимий иш жойи йўқ ёки маоши кам аёлларга кредит ажратилмаган

   Мониторинг гуруҳи томонидан туманларда хонадонларга кириб фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди. Масалан, Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро Н.З.нинг яшаш шароитлари билан танишиш жараёнида у турмушидан ажраган ва бир нафар фарзанди билан ота-онасининг ҳовлисида, акаси ва укаси ҳам ўз оила ва фарзандлари билан, яъни учта оила бир ховлида яшаши, отасининг ногиронлиги маълум бўлди. Оғир турмуш шароити туфайли арзон уй-жой ажратилишига эҳтиёжи борлигини, аммо, банк томонидан арзон уй-жой харид қилиш учун имтиёзли кредит тақдим этилмаётганлигини билдирди. Айнан шу каби ҳолат Чортоқ туманида ҳам фуқаро Т.Х.нинг хонадонига бўлган ташрифда маълум бўлди. Унинг турмуш ўртоғи вафот этган, икки нафар фарзанди билан ота-онасининг қарамоғида яшаб келмоқда. Хонадонда яна бошқа оила аъзолари ҳам бор. Фуқаро Т.Х. тикувчилик билан кун кечиради. Масалага аниқлик киритилганда, банк бу аёлларнинг доимий иш жойи бўлмаганлиги ёки маоши етмаслиги ва кафил йўқлиги сабабли кредит беришга рози бўлмаган. Туман мутасадди раҳбарлари 2021 йилда бу фуқаролар уй-жой ажратиш рўйхатига киритилганлигини ва кафилларни топишда ҳам ёрдам беришларини билдирди. Мониторинг гуруҳи бу фуқароларни ўз назоратига олади ва йил давомида такрорий мониторинглар амалга оширилади.

    2021 йилги Давлат дастурида ҳам оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш амалиётини давом эттириш кўзда тутилган бўлиб, тақдим этилган маълумотларга кўра, Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманларида 10 тадан, қолган туманларда 6 тадан уйлар ажратилиши белгиланган. Шунингдек, ўтган йили уй-жойларга эга бўлмаган хотин-қизлар учун 2021 йилда қўшимча уйлар ажратилиши кўзда тутилган.

Ўйлаймизки, мазкур масалада ўтган йили кузатилган салбий амалиётга барҳам берилган ҳолда юқоридаги муаммоли масалалар ижобий ечимини топади.

Мурожаатлар ҳам бўлди...    

    2020 йилдаги давлат дастурининг 205-банди бўйича “хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар бериш назарда тутилган эди. Дастлаб ишчи гуруҳи мазкур банд бўйича Поп тумани “Ифтихор” МФЙда яшовчи фуқаро Лобархон Жўраева томонидан ташкил этилган тикувчилик цехи фаолияти билан танишди. Фуқаро ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига ўзи яшаб турган хонадонда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этганлиги ва ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи хотин-қизлар учун иш ўринлари яратганлиги маълум бўлди. Шунингдек, кредит бўйича тўловлар ойма-ой ўз вақтида амалга ошириб келинмоқда. Тадбиркор томонидан қўшимча тикув машиналарига эҳтиёж  мавжудлиги, бу борада яна 15 та янги иш ўрни яратиш мумкинлиги билдирилди. Аммо дастлабки олган кредитини қопламасдан туриб бошқа кредит тақдим этилмаслиги сабабли, бу борада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

    Яна бир фуқаро “Анхор” МФЙда яшовчи Маҳбуба Янгибоева томонидан ташкил этилган тикув цехи фаолияти ўрганилди. Тадбиркор 2020 йилда 46 млн сўм имтиёзли кредит ҳисобига 48 та иш ўрни яратган ва ўз фаолиятини ижарага олинган бинони қайта таъмирлаган ҳолда амалга оширмоқда. Тадбиркор мазкур бинони инвестиция мажбурияти асосида унинг хусусий корхонаси балансига ўтказиб беришни сўраб мурожаат қилди.

Кредитларнинг мақсадли сарфланишини ҳам мониторинг қилиш керак...  

    Мониторинг давомида 2020 йилда ажратилган кредитлар асосида бугунги кунда кичик тадбиркорлик фаолиятини самарали давом эттираётган тадбиркорлар сони ҳақида сўралганда, туман мутасаддилари аниқ жавоб бера олишмади. Шунингдек, ўрганилган туманларда тегишли банкларнинг масъул ходимлари кредитларни мақсадсиз сарфланганлиги бўйича ҳолатлар мавжуд эмас, деб жавоб беришди. Аммо фуқаролар ва фаоллар билан суҳбатлашилганда, кредитни ўз вақтида тўлай олмаган ёки мақсадсиз сарфлаганлар ҳам борлигини айтишди. Мазкур ҳолат кредитларни мақсадли сарфланишида самарали мониторинг тизимини йўлга қўйишни талаб этади.

2 300 аёлга 30 млрд сўмдан ортиқ кредит    

    Жорий йилги Давлат дастурининг 197-бандида ҳам хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам беришназарда тутилган. Ушбу банд бўйича тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида 2 300 га яқин аёлларга 30 млрд сўмдан ортиқ кредитлар ажратилган. Жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, уларни ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишларига кўмаклашиш борасидаги фаолиятни алоҳида эътироф этиш зарур.

    Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан аҳолига кредит ажратишнинг ягона платформаси “Оила кредит.уз” тизими яратилган эди. Афсуски, фуқаролар билан суҳбат жараёнида кредит тақдим этиш тизими шаффофлиги борасида Наманган вилояти аҳоли орасида жиддий эътирозлар мавжудлиги маълум бўлди. Суҳбатда иштирок этган аҳоли вакиллари ягона платформа ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

10 нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилди, 5 нафари ҳалигача кредит олмаган    

    Мониторинг давомида Чуст туманидаги вазият танлов асосида ўрганилди. “Темир дафтар”га киритилган 10 нафар хотин-қизлар жорий йилнинг 25-29 январь кунлари “Ҳудудлардаги ишсиз ва банд бўлмаган хотин-қизларда касбий ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган “Ғоядан бизнес режагача” деб номланган беш кунлик ўқув курсларида  ўқитилиб, тегишли сертификат олган. Уларнинг 5 нафари ҳали ҳам кредит ололмаган. Мисол учун, М.Хакимова февраль ойидан буён 4 ой мобайнида иссиқхона учун кредит ололмаяпти. Худди шу каби Халқ банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва “Тадбиркор аёл” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув курсида ўқиб тегишли сертификатга эга бўлган Н.Шоназарова ҳам иссиқхона учун кредит ололмаган. Мониторинг давомида фуқаролар томонидан кредит ажратиш тартиби ва бу борада шаффофликни таъминлаш бўйича банклар фаолиятига бир қатор эътирозлар билдирилди.

    Маълумки, Президентнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган янги тизим жорий қилинди. Бу борада Адлия вазирлиги тизимида махсус бўлинма фаолияти ташкил қилиниб, алоҳида назорат тизими жорий этилди. Шунга  қарамасдан, Наманган вилояти масъуллари томонидан Давлат дастурининг мазкур банди ижроси бўйича маълумотлар шу кунга қадар “ijro.gov.uz” тизимига киритилмаган.

    Шунингдек, Давлат дастурининг мазкур бандида муҳтож хотин-қизларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни жарроҳлик йўли билан соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш назарда тутилган. Бу борада Наманган вилоятида 557 нафар хотин-қизларни реабилитация воситалари билан таъминлаш ва даволанишига кўмаклашиш режалаштирилган бўлиб, бу борада мониторинг ўтказилган ҳудудларда вазифалар режага мувофиқ амалга оширилмоқда.

Янгиқўрғон туманида "Темир дафтар"дагиларга 4 млрд 512 млн сўмлик ёрдам кўрсатилган, аммо...

   Жорий йилдаги Давлат дастурининг 80-бандида камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш белгиланган. Хусусан,

  • ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқиши;
  • унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориш тизимини жорий этиш;
  • камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар самарасини Давлат Хизматини ривожлантириш агентлигининг ҳокимлар фаолиятига баҳо бериш рейтингига интеграция қилиш каби вазифаларни ҳал этиш назарда тутилган.

   Мониторинг ўтказилган туманларда камбағалликни қисқартириш бўйича ҳудудий дастурлар тасдиқланган. Аммо ушбу Дастурларнинг ижроси юзасидан 2021 йилнинг 1-чораги якуни бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисобот бериш юзасидан маълумот сўралганда, фақатгина Чуст тумани халқ депутатлари Кенгашининг қарори тақдим этилди. Қолган туманларда бу борада маҳаллий Кенгашларга ҳисобот тақдим этилганлиги билдирилган бўлса-да, лекин, Кенгаш қарорлари тақдим этилмади.   

    Мониторинг давомида мутасаддилар билан ўтказилган савол-жавоблар ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича қабул қилинган дастурлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, камбағалликни қисқартириш бўйича жойларда ҳудудлар салоҳияти ҳамда имкониятидан келиб чиқиб шаклланган алоҳида ва тизимли ёндашув мавжуд эмас. Хусусан, жойларда “Темир дафтар”га киритилган шахсларни рўйхатдан чиқариш устувор аҳамиятга эга бўлиб, тақдим этилган ҳисоботлар орқали ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш имкони йўқ. Масалан, Янгиқўрғон туманида “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар билан ишлаш бўйича тақдим этилган маълумот таҳлил қилинди. Туманда 2033 та оилалардаги 8776 нафар фуқаролар “Темир дафтар”га рўйхатга олинган бўлиб, туман аҳолисининг 4%ини ташкил этган. Ушбу оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга жами 4 млрд 512 млн сўмлик ёрдам кўрсатилган. Ушбу маблағлар асосан нақд ва озиқ-овқат кўринишидаги моддий ёрдамларни ташкил қилган. Шунингдек, тижорат банклари томонидан жами 416 та оилага 5 млрд 720 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Эҳтиёжманд оилалардаги меҳнатга лаёқатли 2813 нафар фуқароларнинг барчаси иш билан таъминланган. Юқоридаги чоралар орқали “Темир дафтар”га киритилган 2033 та оилалардаги 8776 нафар фуқаролар "Темир дафтар"дан чиқарилганлиги қайд этилган. Кредит маблағлари ва моддий ёрдам пулларини инобатга олиб ҳисобланса, бир йил ичида “Темир дафтар”га киритилган бир фуқарога ўртача 1,2-1,5 млн сарфлаш орқали камбағалликдан чиқарилмоқда. Албатта, бу кўрсаткичлар қанчалик ҳақиқатга тўғри келиши борасида саволлар пайдо бўлади.

    Жамоатчилик мониторинги якунлари бўйича 9 июнь куни Наманган вилоятида масъул идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирокида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. Унда мониторинг натижалари бўйича аниқланган камчиликлар муҳокама қилинди ва муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш бўйича келишиб олинди. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати