@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Наманган вилоятида Давлат дастурлари ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилади

 2021-06-07 09:58:46   |   

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан Давлат дастурлари ҳамда Президент ҳужжатлари ижросини тизимли мониторинг қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ҳукуматга таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиш “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифалари сифатида белгиланган.

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан  Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида  жорий йилниг 7-8 июнь кунлари сенаторлар, Адлия вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда 2020-2021 йиллар Давлат дастурлари Наманган вилоятида бажарилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги тадбирлари ҳамда
9 июнь куни мониторинг натижалари ва амалга оширилган ишлар бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилади.

Жамоатчилик назорати тадбирлари давомида “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” давлат дастурининг 204, 205- бандлари бўйича белгиланган вазифалар – 2020 йилда оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш, хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар бериш орқали бандлик даражасини ошириш ишлари қай даражада сифатли бажарилганлиги ўрганилади.

Шунингдек, 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 80-банди ижроси қай тартибда ташкил этилганлиги, жумладан, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш вазифаларининг ижро сифатига баҳо берилади.

Шу билан бирга, Дастурнинг 197-бандига мувофиқ жорий йилда хотин-қизларнинг кичик тадбиркорлик лойиҳаларига кредитлар бериш, оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш, хотин-қизларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, муҳтож хотин-қизларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш ва бошқа шу каби масалаларнинг ижро ҳолати ўрганилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, бу борада батафсил маълумот “Jamoatchilik.uz” платформасига жойлаштирилган. Унда Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти ҳам яратилган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати