@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкентдаги Ал-Хоразмий майдонини реконструкция қилиш бўйича ёш архитекторлар учун танлов эълон қилинди

 2021-06-04 17:23:50   |   

4 июнь куни Тошкентда ўтказилган матбуот-брифингида  Ўзбекистон ҳудудларидаги нураб қолган ноёб ёдгорликлар, тарихий жойлар, меъморий обидаларни муҳофаза қилиш ва сақлашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида ижтимоий тармоқларда ўтказилган флешмоб натижалари маълум қилинди.


Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошида маҳаллий архитектор ва лойиҳачилар бирлашмаси — “Шаҳарсозлик Тўлқини” ташкил этилди.  Мақсад – архитектура соҳаси мутаҳассисларининг фикрини, соҳага тегишли  ислоҳотларни илгари суриш ва илғор ғоялар ва лойиҳаларни тарғиб қилиш. 


Республиканинг ёш меъморлари ва лойиҳачиларини бирлаштирадиган алоҳида платформани ташкил этиш таклифи шу йилнинг 15 март куни бўлиб ўтган “Ўзбекистонда архитектура: муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги жамоатчилик муҳокамаси пайтида берилган эди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу таклифни қўллаб қувватлади ва қисқа муддат ичида маҳаллий архитектор-лойиҳаловчилар рўйхатдан ўтиши учун очиқ платформани ишга туширди.


20 апрелда Халқаро ёдгорликлар ва обидалар кунига бағишлаб ижтимоий тармоқларда флешмоб эълон қилинди. Флешмобга қўшилиш учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз саҳифаларида #ShaharsozlikTolqini #ГрадостроительнаяВолна хештегларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг обидалари, тарихий бинолари муҳрланган сурат/видеоларни жойлаштириши лозим эди. Ўзига хос “челленж” доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 60дан зиёд тарихий объектлар тақдим этилди. Махсус шакллантирилган ҳайъат келажак лойиҳалар учун манзил бўла оладиган 3 та объектни танлаб олди. Булар: Тошкент шаҳридаги Ал-Хоразмий майдони, Самарқанд шаҳридаги чашма, Навоий вилояти Кармана туманидаги Мирзачорбоғ саройи. 


Шунингдек, флешмобда фаол иштирок этган самарқандлик талаба Констанция Нестерова эсдалик совғаси билан тақдирланди. 


4 июндан бошлаб, пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий майдонини реконструкция қилиш бўйича ёш архитектор-дизайнерлар учун танлов эълон қилинди. Иштирокчилардан майдоннинг ўзига хослигини ва экинларини сақлаб қолган ҳолда “математиклар боғи” учун ландшафт дизайни концепциясини таклиф қилиш талаб этилади.


Танлов ташкилотчилари: “Юксалиш” УМҲ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон экологик қурилиш кенгаши.


Аризалар 2021 йилнинг 10 июлига қадар қабул қилинади. Ғолиб 10 млн сўм пул мукофоти ҳамда ўз лойиҳасини амалга ошириш имконини қўлга киритади.


Тадбир давомида кун тартибидаги алоҳида масала — Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштириш йиғилганлар эътибор марказида бўлди. Хусусан, бу жараёнда етакчи маҳаллий экспертлар ва маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда, барқарор ривожланиш талабларига мувофиқ жаҳон тажрибасини ўрганиш, керак бўлса, уни амалиётга жорий этиш, аввалги Бош режани таҳлил қилиш каби жиҳатлар муҳокама қилинди. Маълум қилинганидек, Тошкентнинг бош режасини 2023 йилда қабул қилиш режалаштирилган. Бош режани тайёрлаш учун очиқ танлов эълон қилинади, унинг натижалари 2022 йил охирида кўриб чиқилади.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбут хизмати