@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Болалар онкологияси: муаммолар ва уларга ечим топиш йўллари

 2021-06-02 17:49:17   |   

2 июнь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда «Ezgu amal» жамоат фонди ташаббуси билан Ўзбекистон волонтёрлари Ассоциацияси кўмагида ўтказилаётган «Ezgu amal» хайрия онлайн марафони доирасида «давра суҳбати» ташкил этилди. Унда иштирок этган шифокорлар, маҳаллий ва хорижий мутахассислар, давлат тузилмалари, жамоат ташкилотлари вакиллари болалар онкологиясининг долзарб муаммолари ва уларнинг ечимларини муҳокама қилди, шунингдек, аҳолига гематологик, онкологик хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 Қайд этилишича, Ўзбекистонда онкологик касалликларга қарши курашиш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президентнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш Дастури тасдиқланган, онкологик хизматни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Кўрилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад — онкологик касалликлардан ўлим ҳолатини камайтириш ҳисобига аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва умр давомийлигини ошириш.


Жорий йилнинг 27 май куни «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарорининг қабул қилиниши эса бу борада муҳим ҳодиса бўлди. Ҳужжат гематология ва онкология йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мазкур соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, шифохоналарни замонавий диагностика лабораториялари ва тиббий техникалар билан жиҳозлаш мақсадларига қаратилган.


Жумладан, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритади; 2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси бўлими негизида умумий штатлар ва стационар ўринлар доирасида Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ташкил этилади.


Қарор билан суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиётини биринчи босқичда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳам жорий этилиши кўзда тутилган.

 
Онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 млрд сўм ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилиши белгиланди.


— Онкология — оғир ташхис, маълумотларга кўра, бугун у дунёдаги деярли ҳар олтинчи ўлимга сабаб бўлмоқда, - дейди «Ezgu amal» жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси Мунира Ходжаханова. — Агар саратоннинг белгиларини ўз вақтида аниқлай олсак, ташхис қўйсак ва керак вақтда тенг муолажаларни олсак, ҳар доим умид бўлади. Мамлакатимизда кўп тармоқли онкологик хизматларнинг оптималлаштирилиши, илмий тадқиқотлар натижаларининг амалиётга жорий этилиши саратон билан оғриган беморларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга, умуман уларнинг омон қолишига ижобий таъсир кўрсатади.


Тадбир онкологлар, вазирлик вакиллари ва хорижий мутахассислар ўртасида профессионал мулоқот учун ўзига хос мунозара майдонига айланди. Маърузачилар Ўзбекистонда болалар онкологияси ва гематологиясини ривожлантиришнинг янги босқичининг дастлабки қадамлари ҳақида сўзлаб беришди. Шунингдек, иштирокчилар онкологик ёрдам тизимининг ютуқлари ва ҳал этилиши зарур бўлган долзарб муаммоларни, жумладан, халқаро тажриба ва саратон касаллигига чалинган болаларни даволаш усулларини жорий этишни муҳокама қилди. Мутахассислар онкологик касалликлар рўйхатини яратиш муҳимлигини, Ўзбекистонда болаларнинг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш зарурлигини таъкидлади, бу - миллий тизимни халқаро стандартларга ўтишда муҳим қадам бўлади.


Д.Рогачев номидаги Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси миллий тиббиёт илмий-тадқиқот маркази президенти Александр Румянцев Россия тажрибаси ва саратон касалларини даволашда халқаро стандартларни жорий этиш жиҳатлари билан ўртоқлашди.


Тадбир давомида хайрия онлайн марафонининг дастлабки натижалари маълум қилинди. Демак, жорий йилнинг 11 майидан 2 июнига қадар бемор болаларнинг тузалишига ҳисса қўшишни истаган инсонлардан 192 909 295 сўм келиб тушди. Шу жумладан, Payme, Paynet, Click, Apelsin тўлов тизимлари орқали 96 340 537 сўм, ezguamal.org веб-сайти орқали 29 558 758 сўм, юридик шахслардан махсус ҳисоб рақамига 67 000 000 сўм маблағ ўтказилди. 
— «Ezgu amal» хайрия марафони доирасида биз ижтимоий тармоқларда челленж эълон қилдик, унга кўплаб жамоат фаоллари, тадбиркорлар, журналист ва блогерлар қўшилди ва қўллаб-қувватлади, - дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. — Бу ҳаракатлар, ўз навбатида, саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилишга, хайрия фаолиятини кенг ёйишга хизмат қилди. Жумладан, онлайн марафонга «Бумеранг добра» («Эзгулик бумеранги») ташаббускор гуруҳи ҳисса қўшди, уларнинг ёрдамида самарқандлик 8 яшар Солиҳ Жаявееранинг даволанишига 60 млн 300 минг сўм маблағ тўпланди (унга 225 млн сўм маблағ керак эди).  «Eriell Group» компанияси 50 млн сўм маблағ ўтказиб берди. Ушбу маблағлар 5 нафар бемор бола учун дорилар харид қилишга, тиббий хизматлар тўловига ҳамда Болалар миллий тиббиёт марказининг онкогематология бўлимидаги болалар хонасини безатишга сарфланди. «Ezgu amal» марафонига бефарқ бўлмай, унга ҳисса қўшган, ҳаёт учун, соғлиқ учун ва бахтли болалик учун курашаётган болаларни, ота-оналарни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдирамиз. 


 «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати