@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ҳафта мобайнида 3 нафар онкобемор болалар учун маблағ тўпланди

 2021-05-19 15:11:57   |     Просмотров: 2771

Аввал хабар берилганидек, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати "Ezgu amal" жамоат фонди билан биргаликда 11 май куни саратон касаллигига чалинган болалар учун "Эзгу амал" хайрия онлайн марафонига старт берган эди.
 

Маълумот учун: Ўзбекистонда ҳар йили 800дан зиёд болаларга онкологик касалликлар ташхиси қўйилади. Шулардан атиги 70 фоизигина керакли муолажаларни олади.


Хайрия марафонининг асосий вазифаси — саратон хасталигига чалинган болаларга даволанишнинг турли босқичларида манзилли, мақсадли моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, айниқса болалар ўртасида саратонни эрта ташхислаш ва ўз вақтида даволаш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш. Бунга эришиш учун давлат ҳокимияти органлари, нодавлат тузилмалари, бизнес ва кенг жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир.


19 май куни бўлиб ўтган пресс-брифингда ташаббускорлар онлайн хайрия марафонининг оралиқ натижалари ҳақида маълумот беришди.


2021 йил 19 май ҳолатига кўра, “Ezgu amal” фондининг махсус ҳисоб рақамига 19 365 136 сўм келиб тушди. Ушбу маблағлар 3 нафар бемор бола учун дори-дармон сотиб олишга сарфланади. Улар: Азизбек Жуманов (12 660 000 сўм йиғилган), Оғабек Султонов (3 600 000 сўм), Парвина Рахимбоева (2 602 000 сўм). 


Марафон доирасида онкологик касалликлар ташхиси қўйилган яна камида 15 нафар болага манзилли моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. Маблағ баъзиларга жарроҳлик операциялари, шу жумладан суяк илиги трансплантацияси учун, бошқаларга кимё терапия дори воситалари ва турли тиббий хизматлар учун зарур.


Брифинг давомида Ўзбекистонда онкологик касалликларга қарши курашиш йўлида салмоқли ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, Президентнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш Дастури тасдиқланган, онкологик хизматни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Кўрилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад — онкологик касалликлардан ўлим ҳолатини камайтириш ҳисобига аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва умр давомийлигини ошириш.

Онкологик касалликларни эрта ташхислаш ва даволаш муаммоларига энг юқори даражада эътибор қаратилаётганининг исботи Президент Шавкат Мирзиёэвнинг 14 май куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифи бўлди. Кўпинча беморлар дори-дармонларни топиш ва сотиб олиш муаммосига дуч келишади. Шунинг учун давлат бу масалада ёрдамни кенгайтирмоқда. Агар 2016 йилда онкологик йўналиш учун дори-дармон ва ускуналар сотиб олишга 8 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 62 миллиард сўмга етди. Давлатимиз раҳбари ушбу марказда даволанаётган болаларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаб, уларнинг ота-оналарига мададкор эканлигини билдирди.


Шу куни саратонни енгиб ўтган болалар учун кўнгиллилар иштирокида тасвирий санъат бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.


Эслатиб ўтамиз, хайрия марафони 9 июнга қадар давом этади. У турли форматдаги тадбирларни ўз ичига олади, жумладан онлайн трансляциялар, матбуот анжуманлари, брифинглар, давра суҳбатлари, мутахассислар, маданият ва бизнес вакиллари билан учрашувлар, маҳорат дарслари, интервьюлар ва тақдимотлар ўтказилади. Ушбу тадбирлар орқали саратон касаллигига эрта ташхис қўйиш зарурлиги тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш, республикамизда онкологик хизмат муаммоларини ҳал қилишда жамоатчиликни жалб қилиш мақсади кўзланган. Бу янги ҳомий/ҳамкорларни жалб қилиш орқали хайрия фаолиятини кенгайтириш имкониятини ҳам беради.

Марафон хайрия концерти билан якунланади, унда болаларнинг орзусини амалга оширишга — таниқли санъаткорлар билан бирга саҳнага чиқишга имкон берилади.


Ҳар бир бола орзу қилади, режалар тузади, яшашни истайди. Келинг, уларнинг бахтли ва тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун биргаликда имконият берайлик. “Эзгу амал” хайрия марафонини қўллаб-қувватлайлик (https://ezguamal.org/charity/open/ )  


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати