@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик эшитуви: IT-сертификатлар, ёшлар портали, ёшлар уйлари бўйича бажарилган ишлар ҳақида ахборот берилди

 2021-05-12 13:38:34   |     Просмотров: 2164

     “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан навбатдаги жамоатчилик эшитуви жорий йилнинг 12 май куни ўтказилди. Жамоатчилик эшитуви “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

  Тадбир давомида Давлат дастурининг 157, 164 ва 165-бандлари ижроси бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини  ривожлантириш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Бош прокуратуранинг масъул раҳбарлари бажарилган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот берди.

    Эшитув давомида мутасаддилардан ёшларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларини Давлат бюджетидан қоплаб бериш, ёшлар билан ишлашда учраётган муаммолар, ёш оилаларга уй-жой ажратиш масалаларида маълумотлар олинди.

    Жумладан, Давлат дастурининг 157-бандига мувофиқ, ёшларнинг халқаро IT- сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини бюджетдан қоплаб бериш тартибини жорий этиш вазифаси белгиланган. Ушбу банд ижроси бўйича АКТ вазирлиги вакилининг ахборотига кўра, бугунги кунда тегишли ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тасдиққа киритилган. Айтиш керак, барча туман марказларида IT-парклар очилмоқда, уларда ёшлар билим ва малакаларини оширяпти. Уларнинг кейинчалик давлат идораларига, ташкилотларига ишга жойлашишда IT- сертификатларга эга бўлиши керак бўлади. IT-сертификат дунё стандартларига мос бўлиб, дастурий таъминот ва қурилмалар фойдаланувчиларининг юқори лавозимларда ишлашлари учун зарурдир. Тегишли қарор лойиҳасида 15 турдан ортиқ сертификат назарда тутилган. Ҳар бирининг қиймати 3 минг АҚШ долларидан 60 минг АҚШ долларигача нархларда белгиланган. Бугунда унинг молиялаштириш механизми аниқ белгиланган. Сертификатни олиш учун 3 ойдан 6 ойгача махсус курсларда ўқиш талаб этилади. Ўқиш ҳаражатларининг 50 фоизи IT-парк томонидан қоплаб берилади, қолган қисмини сертификат олувчининг иш жойи қоплаши мумкин.  

    164-бандга кўра ёшлар, айниқса, иш ва ўқиш билан банд бўлмаган ёшлар билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш белгиланган. Тақдим этилган ахборотда қайд этилишича, ушбу палатформани яратиш бўйича Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда техник топшириқ ишлаб чиқилди. Бугунда портал www.yoshlar-portal.uz  манзилида синов тариқасида ишга туширилди. Ҳозирда платфрманинг контентини тўлдириш устида ишланяпти. Яқин орада Президент виртуал қабулхонаси pm.gov.uz порталига интеграция қилинади. Шу орқали республика ёшларининг мутасаддиларга мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлади.

    165-бандга кўра, ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2021-2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини амалга ошириш белгиланган. Ушбу вазифаларнинг ижро ҳолати юзасидан масъулларнинг ҳисоботи тингланди.

     Таъкидланишича, Ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳаси жорий йилнинг 11 май куни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритилди. Мазкур ҳужжатда 2021-2023 йиллар давомида жами 10801 та ёш оила  арзон уй-жойлар билан таъминланиши режалаштирилган. Шундан 2775 таси қишлоқ жойларда, 8026 таси шаҳарларда қурилиши кўзда тутилган. Йиллар кесимида бу кўрсаткич 2021 йилда 2761 та, 2022 йилда 3572 та ва 2023 йилда 4468 тани ташкил қилади.

      Давлат дастурининг 176-бандида фарзандликка олиш амалиётини ўрганиш ва бу бўйича ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланган. Бу борада асосий ижрочи этиб Бош прокуратура белгиланган.

— Мавжуд тартибга кўра, муқаддам судланганлар учун фарзандликка олиш масаласида чекловлар бор эди, - дейди Бош прокуратура вакили Сарвар Аҳмедов. — Ишлаб чиқилган Қонун лойиҳасида ушбу чекловларга аниқлик киритилган ҳолда тегишли ўзгартишлар киритилди. Амалдаги қонунчиликка кўра, шахс ҳар қандай жиноят содир этгач, фарзандликка олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Амалиётда содир этилаётган айрим жиноятлар фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслиги билан боғлиқ ҳолларда ушбу шахсларнинг ҳам ҳуқуқлари чекланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий хавфи юқори бўлмаган ёки эҳтиётсизлик оқибатида жиноятлар содир этилган тақдирда уларни фарзанд олиш ҳуқуқидан маҳрум этмаслик кўзда тутилмоқда.

    Шунингдек, жамоатчилик эшитуви давомида 2020 йилги Давлат дастурида вақтида бажарилмай қолган икки масала — Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Кинематография тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ҳам масъул вакиллардан изоҳ сўралди.

     Эслатиб ўтамиз, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, шу кунга қадар 54 та банд ижроси юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва ижрога қаратилган. Бу борада батафсил маълумот “Jamoatchilik.uz” платформасига жойлаштирилган бўлиб, унда Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти мавжуд.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати