@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Урганчда Давлат дастурининг 4 та банди ижроси юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди

 2021-05-10 11:49:33   |     Просмотров: 2041

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 2021 йил Давлат дастурининг 61, 80, 82 ҳамда 88-бандлари ижроси юзасидан навбатдаги жамоатчилик эшитуви ўтказилиб, масъуллар ахбороти эшитилди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Урганч шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Умид Яқубов Давлат дастурининг 61-банди ижроси юзасидан шаҳарда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, 80-бандига асосан камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилиши ва унинг ижроси тўғрисида;


    Урганч шаҳар ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Мансур Тожибаев Давлат дастурининг 82-банди ижроси юзасидан шаҳарнинг саноат салоҳиятини янада ошириш, технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва махсус логистика марказларининг ташкил этилиши билан боғлиқ ишларнинг бориши тўғрисида; 


     Урганч шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Улуғбек Саидниязов Давлат дастурининг 88-банди ижроси юзасидан  шаҳарда ишсиз аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.


    Қайд этилишча, жорий йилнинг ўтган даври давомида Давлат дастури доирасида Урганч шаҳрида “Ҳар бир оила тадбиркорлик” дастури асосида 840 та оилага 29,3 млрд сўм, Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури асосида 428 нафар хотин-қизларга 3,6 млрд сўм, Ёшлар тадбиркорлгини қўллаб-қувватлаш дастури асосида 54 нафар ёшларга 6,6 млрд сўм кредитлар ажратилган, мингдан зиёд ишчи ўринлари яратилган. 


Шаҳарда 4 та йўналиш (текстиль ва тўқимачилик, туризм, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик) бўйича ўсиш нуқталари (драйверлари) белгилаб олинган. Саноат салоҳиятини янада ошириш мақсадида умумий миқдори 890 млрд сўмлик 30 та йирик саноат лойиҳалари ишлаб чиқилган. Уларнинг ишга туширилиши натижасида 1866 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Апрель ойи якунларига асосан шулардан 7 та лойиҳа ишга туширилиб, 293 та иш ўринлари яратилган.


Урганч шаҳар бандлик маркази томонидан апрель ойи ҳолатига 543 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилган, 387 нафар фуқаролар жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, 811 нафар фуқаролар касбга ўқитишга жалб қилинган.
 Жамоатчилик эшитувида иштирок этган жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан ахборот берувчиларга бир қатор саволлар билан мурожаат қилинди. Жумладан, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида саноат корхоналарининг ҳудуд экологиясига таъсир кўрсаткичлари баҳолаб борилиши, касб-ҳунарга ўқитилаётган фуқароларнинг стипендия тўловлари, ҳудуд белгиланган тармоқ дастурлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши ҳақида сўралди.


Савол-жавоблардан сўнг, берилган таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Хоразм вилоят бўлинмаси