@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Таълим тизимида коррупция хавфини ўрганишда Ўзбекистондаги 112 та мактаб қамраб олинади

 2021-05-04 17:01:36   |     Просмотров: 2174

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида республикадаги мактабларда болани 1-синфга қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини ўрганиш ташаббусини илгари сурган эди.


Маълумот учун: “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро ноҳукумат ташкилотининг молиявий ва эксперт кўмагида амалга оширилмоқда. 


Тадқиқотнинг биринчи босқичида ўзбекистонлик ва халқаро экспертлар амалдаги қонунчиликни ва таълим тизимини таҳлил қилди. Кейинги қадам жойлардаги сайёр тадқиқотлар бўлди. Ўрганишлар болани мактабга қабул қилиш жараёнининг бевосита иштирокчилари бўлган ота-оналар ва мактаб ходимларининг фикрича, мактабга қабул қанчалик очиқ ва ошкора бўлиши кераклигини аниқлаш мақсадида ўтказилмоқда. 


Айни пайтда тадқиқот методологияси ишлаб чиқилган, тажриба тариқасида сўровномалар ва тегишли тоифадаги шахслар билан суҳбатлар ўтказилган. 


Жорий йилнинг апрель ойи ҳолатига Тошкент шаҳридаги иккита мактабда учта гуруҳ респондентлар: мактаб директорлари, бошланғич синф ўқитувчилари ва 1-синф ўқувчиларининг ота-оналари ўртасида маҳфийлик шартларига амал қилган ҳолда тажриба-сўровномалар ва суҳбатлар ўтказилди. Уларда жами 81 нафар респондент қамраб олинди.  


Ҳозирда Антикоррупция лабораториялари лойиҳаси ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Дастлабки сўров натижалари кенг миқёсли тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилади, унинг давомида республикадаги 112 та умумтаълим мактабини қамраб олиш режалаштирилган. Лаборатория болани 1-синфга қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини ўрганишга қаратилган. Бу Ўзбекистонда биринчи марта ишлаб чиқилган коррупцияга оид хатарларни аниқлаш ва бартараф этишнинг илмий асосланган механизмидир. 


Мактабга қабул қилиш жараёнларида бевосита иштирок этадиган одамларни тадқиқотга жалб қилиш барча манфаатдор томонларга муаммолар ва қарашлар билан ўртоқлашиш, фуқароларнинг хабардорлигини ошириш ва коррупция хатарларини олдини олиш ва охир-оқибат йўқ қилиш тўғрисида тушунча бериш имкониятини беради.


Лойиҳа, шунингдек, қарор қабул қилувчиларга мактаб тизимининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш ва коррупция хавфини камайтириш учун қандай ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар зарурлиги тўғрисида муҳим маълумотларни тақдим этади. 
Тадқиқот методологияси, коррупция хавфини таҳлил қилиш ва баҳолаш кейинчалик фуқароларнинг кундалик ҳаётига таъсир қиладиган бошқа соҳаларда ҳам қўлланилиши мумкин. Лойиҳа коррупцияга тоқат қилмайдиган жамият барпо этиш бўйича миллий саъй-ҳаракатлар доирасида фуқаролар, фуқаролик жамияти ва ҳукумат институтлари ўртасидаги конструктив ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларнинг қиймати ва аҳамиятининг намунасидир.


 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати