@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори билан учрашув

 2021-04-30 16:53:00   |   

    Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистонда бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи  "Юксалиш" умуммилий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов билан учрашди.

Учрашувда Б.Бекмуродов “Юксалиш” ҳаракатининг фаолияти, мақсад ва вазифалари билан таништирар экан, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлардан барчани бирдек хабардор қилиш, чекка ҳудудлардаги аҳолининг қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирокини оширишга кўмаклашиш ва ҳаракатга келтириш, шу билан бирга, уларнинг таклифларини, муаммоларини эшитадиган ва муҳокама қиладиган майдонни яратиш, Давлат дастурлари бажарилишининг тизимли мониторингини амалга ошириш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш борасида қилинган ишларга урғу берди. Шунингдек, Ҳаракатнинг ННТларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ННТларнинг ролини кучайтириш, ННТ ходимларининг салоҳияти ва касбий билимларини оширишга кўмаклашиш; хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан узвий алоқаларни ўрнатиш йўналишларидаги фаолиятига тўхталиб ўтди. 2020 йилда эришилган ютуқ сифатида Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлганини, ушбу аъзолик ташаббусини "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати  Ўзбекистоннинг 150 га яқин ННТлари билан бирга қўллаб-қувватлаганини қайд этди.

ДИИҲБ директори М.Мекаччи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, келгусида Бюро фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Маълумот ўрнида: Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация 27 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ташқи ишлар вазирлиги, Олий Мажлис палаталари, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбарлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳам учрашди. 30 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати